Ўзбекистон | 14:04 / 11.07.2020
19477
4 дақиқада ўқилади

Карантин даврида муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш учун 20 млрд сўм ажратилди

Ўзбекистонда яна карантин чекловлари жорий этилиши муносабати билан моддий даромад манбаини йўқотган, ишсиз ва эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Республика махсус комиссияси қарорига кўра, давлат томонидан ҳозирги кунда 20 кунлик карантин даврида моддий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолаётган энг муҳтож 120 мингга яқин оилаларни давлат томонидан озиқ-овқат, дори-дармон воситалари ва биринчи эҳтиёж маҳсулотларини етказиб бериш орқали қўллаб-қувватлаш режалаштирилмоқда.

Мазкур оилалар рўйхатини ишлаб чиқишда қуйидаги оилаларга биринчи навбатда эътибор қаратилади:

  • таъминот манбаи бўлмаган ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган, боқувчисидан ажралган, оғир касаллари бор, кўп болали оилалар; 
  • ижтимоий нафақаси реал эҳтиёжларни қопламайдиган ва ундан бошқа даромад манбаи бўлмаган оилалар;
  • ота-онасининг иккисини ҳам йўқотган, болалар тарбияси билан эса қариндошлар шуғулланаётган оилалар; 
  • ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар;
  • 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошлардан алоҳида яшаётган бева аёллар (бева эрлар);
  • ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш изловчи сифатида бандликка кўмаклашиш марказларида ҳисобда турган оилалар;
  • меҳнатга лаёқатли аъзолари бўлган, бироқ улар ҳеч қаерда ишламайдиган ёки пандемия туфайли даромадидан вақтинча маҳрум бўлган (мавсумий ишчи, уста, мардикор, сартарош, чет элда ишини йўқотиб қайтганлар, такси ҳайдовчиси, кафе, ресторан ишчиси ва ҳ.к) ва зарур ёрдамга муҳтож оилалар.

Моддий кўмак юкларини манзилли тақсимлаш ҳамда етказиб бериш мақсадида маҳаллий ҳокимларнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосарлари бошчилигида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ёшлар агентлигининг вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилди, шунингдек, ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказларининг фаолияти йўлга қўйилди.

Ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказларига мурожаатларни қабул қилишни ташкил этиш мақсадида қисқа рақамли телефон тармоғи (call-center) ишга туширилади.

Шунингдек, волонтёрларга ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди. 

Эндиликда моддий кўмак юкларини ўз манзилига етказиб беришда асосий ёрдамчи бўлган волонтёрлар маҳаллий ҳокимликлар томонидан зарур ҳимоя воситалари – тиббий комбинезон, тиббий ниқоб, қўлқоп, дезинфекция воситалари, шунингдек, узлуксиз ҳаракатланиш учун автотранспорт воситалари (Дамас, Лабо, Газель ва б.қ.) билан таъминланади.

Юқорида кўрсатилган чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан, моддий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолаётган энг муҳтож оилаларга озиқ-овқат, дори-дармон воситалари ва биринчи эҳтиёж маҳсулотларини сотиб олиш ҳамда ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари орқали етказиб бериш учун давлат томонидан 20 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилди.

Келгусида давлат томонидан карантин даврида аҳолининг муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида заруратга қараб яна қўшимча маблағлар ҳам ажратилади.

Йирик тадбиркорлик субъектларига карантин чекловлари амал қилган даврда тегишли ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва савдо объектларида санитария-гигиена ва эпидемиологик талабларга риоя этилиши учун масъул бўлган ходим белгилаш тавсия этилган.

Мавзуга оид