Жамият | 16:28 / 11.07.2020
50764
6 дақиқада ўқилади

«Кўкдумалоқ»дан ишдан ҳайдалган ходим суд орқали ишга тиклангач, бир кун ўтиб яна бўшатилди

Қашқадарёнинг Касби туманида яшовчи, ёлғиз аёлнинг тўрт фарзандидан бири — Дониёр Ўроқовнинг ишга жойлашиб, онасига кўмакчи бўла бошлагани ҳам ўзига хос қувончли воқеа.

Унинг онаси 2016 йил декабрь ойида президентга ёзма мурожаат қилиб, оилавий шароитини тушунтиради ва ўғлига иш топиб беришни сўрайди:

«... Ҳурматли Президент! Мен ёлғиз онаман, 4 нафар фарзандим бор. Сизнинг кўмагингизга муҳтожман! Қийналиб катта бўлган тўнғич фарзандим Дониёр Ўроқовни оиламизни боқиш учун газни қайта ишлаш («Кўкдумалоқ») заводига ишга жойлаштиришга ёрдам беришингизни сўрайман».

Мурожаатдан сўнг кўп ўтмай Дониёр Ўроқов Муборакдаги газни қайта ишловчи «Кўкдумалоқгаз» Ўзбекистон-Швейцария қўшма корхонасига ишга қабул қилинади.

Корхонанинг ўша вақтдаги директори Зокир Жабборов ёш йигитни илиқ муносабат билан, ёрдамчи ишчи (подсобный рабочий) лавозимига ишга қабул қилиб, жойи келганда ғамхўрлик қилади, жойи келганда кўмак бериб турган.

«Аввалига ҳеч қандай муаммо йўқ эди. Онамнинг орзуси ушалиб, бор кучим билан меҳнат қилдим. Корхонамизда барчада бўлмаса-да айримлар онгида таниш-билишчилик борлиги баъзан руҳиятимга таъсир қилар, бундай йирик қўшма корхонага «тасодифан» келиб қолганим, бу вақтинча эканини айтадиганлар ҳам бор эди. Бунга эътибор бермай меҳнатимни қилавердим. Аммо 2019 йил июлида раҳбаримиз бошқа ишга ўтиб кетгач, «ортиқча» эканлигим билина бошлади. 2020 йил 2 март куни ишдан ҳайдалдим. Бу мен учун ҳам, онам учун ҳам қаттиқ зарба бўлди», – дейди Дониёр Ўроқов.

Бизга маълум бўлишича, ўтган уч йил давомида Дониёр Ўроқов бирор марта ҳайфсан ёки огоҳлантириш олмаган (таҳририятда бу ҳақда Дониёрнинг онаси билан телефон орқали суҳбатда корхона бошланғич касаба ташкилоти раҳбарининг ўзи маълум қилгани акс этган аудиоёзув бор). Демак, меҳнат қоидаларига риоя қилган. Аммо уни ишдан бўшатиш тўғрисидаги корхона раҳбари буйруғида «сабабсиз ишга келмагани» асос қилиб олинган.

Дониёр Ўроқов мазкур ҳолат юзасидан қатор идораларга мурожаат қилади. Жумладан, унинг мурожаатлари юзасидан Касби туман прокуратураси жавоб хатида Дониёр Ўроқовнинг ишдан бўшатилгани қонуний ва асосли экани маълум қилинади. Қашқадарё вилоят касаба уюшмалари ташкилоти бирлашмаси ҳам унинг «асосли» тарзда ишдан бўшатилганини билдиради.

Шундан сўнг, Д.Ўроқов судга мурожаат қилади. 2020 йил 17 июнь куни Фуқаролик ишлари бўйича Косон туманлараро суди ишни кўриб чиқиб, Дониёр Ўроқовни ишдан бўшатишда қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилгани қайд этилади. Суд «Кўкдумалоқгаз» Ўзбекистон-Швейцария қўшма корхонасига Дониёр Ўроқовни иш жойига тиклаш мажбуриятини юклайди.

Дарвоқе, бу орада корхона раҳбари О.Умаров Дониёрнинг онаси билан мулоқотда унинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи сўзлар билан ҳақоратлашга ҳам улгуради. Муборак туман маъмурий судида мазкур ҳолат ҳам тасдиқланиб, корхона раҳбари иқрорлигини ва чин кўнгилдан пушаймонлигини билдиради. Шу сабабдан суд О.Умаровни маъмурий жавобгарликдан озод этиб, огоҳлантириш билан кифояланади.

Аммо энг ғалати ҳолат шундан кейин бошланади. Суд қарори билан ишига қайта тикланган Дониёр Ўроқов бир кун ишлагач, эртаси куни ишдан бўшатилади.

Дониёр Ўроқов 29 июнь куни ишга тиклаш тўғрисидаги суд қарори ва Муборак туман Мажбурий ижро бюроси хати корхонага етиб келгач, 30 июнь куни корхона томонидан чақирилиб, ишга тикланади. 1 июль куни эса корхонага киритилмайди.

Корхона бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раисининг Д.Ўроқовга маълум қилишича (ушбу суҳбат аудиоёзуви таҳририятда бор), корхонада ходимлар билан ҳар олти ойда қайтадан меҳнат шартномаси тузилади. Д.Ўроқовнинг шартномаси эса 1 июль куни тугайди ва қайта шартнома тузилмайди.

Бошқача айтганда, ўз ҳуқуқини тиклаш учун шунча сарсон-саргардонликлардан сўнг, суд орқали ҳақлигини исботлаган ишчи охир-оқибат икки кун ҳам ишлай олмади. Билагида кучи бор, тинчгина ишлаш мақсадига етишолмаётган, 27 ёшга кириб ҳали уйланишга ҳам қўли калталик қилаётган йигитнинг шаштини синдириш бундан ортиқ бўлмаса керак.

Амалдаги меҳнат қонунчилиги иш берувчидан кўра кўпроқ ходимнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Шунинг учун бўлса керак, айрим иш берувчилар ходимларидан «осон қутулиш»нинг айёрона йўлларидан фойдаланишади. Булардан энг кенг тарқалган «усули» – ходим билан у бажарадиган ишнинг хусусияти ва аҳамиятидан қатъи назар муддатли меҳнат шартномаси тузишдир.

Бироқ Меҳнат кодексининг 76-моддасида иш берувчининг муддатли меҳнат шартномаси тузиш ҳуқуқини чеклашга оид қоидалар назарда тутилган. Унга кўра, муддатли меҳнат шартномалари бажарилажак ишнинг хусусияти, уни бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган тарзда, номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳоллардагина тузилиши мумкин.

Ишлайман деган оддий оилада ўсган бир йигитнинг бошдан ўтказганлари мана шулар. Албатта, мазкур ҳолат бўйича мазкур корхонанинг ҳам изоҳини кутиб қоламиз.

Шу билан бирга, унинг бир кун ишлаб корхонадан яна қувилиши қанчалик қонунга мос келиши юзасидан тегишли ташкилотлар ҳам ўз фикрини билдиради, деган умиддамиз.

Анвар Мустафоқулов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид