Ўзбекистон | 23:47 / 12.07.2020
49928
2 дақиқада ўқилади

Исроиллик олимлар Ўзбекистонда коронавирусга қарши воситанинг клиник синовларини ўтказишни режалаштирмоқда 

Фото: Reuters

Тиббиёт ва фармацевтика соҳасида фаолият юритувчи ўзбекистонлик ва исроиллик мутахассислар ўртасида пандемия шароитида илмий-тадқиқот ҳамкорлигининг истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида онлайн конференция бўлиб ўтди, деб хабар берди “Дунё” ахборот агентлиги.  

Тадбирда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ва инновациион ривожланиш вазирликлари, Ўзбекистон Фармакология қўмитаси вакиллари, Тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик халқаро маркази (ICMFC) бош директори Марина Клейман, Ал-Қудсдаги  Яҳудий университетининг “Хаддаса” биокимё ва тиббиёт мактаби департаменти профессори Саул Йедгар ва Холон технология институти президенти профессор Эдуард Якубов иштирок этган.

Конференцияда Ўзбекистон тиббий ва илмий-тадқиқот марказларида коронавирусга ва бошқа касалликларга қарши дориларни ишлаб чиқиш бўйича клиник ва улардан олдинги синовлар ўтказиш соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш масалалари муҳокама қилинган. 

Доктор Марина Клейман ўз чиқиши давомида профессор Саул Йедгар билан биргаликда коронавирусга қарши ишлаб чиқаётган кўп функцияли восита MFAIDs тақдимотини ўтказган. Ушбу дори воситасининг таркиби ва клиник тадқиқотлари босқичлари ҳақида батафсил маълумот тақдим қилинган. Бу йўналишда Ўзбекистон билан биргаликда ишлар олиб боришга тайёрлик билдирилган.

Ўзбекистонлик мутахассислар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишган. Шунингдек, Ўзбекистонда синовлар ўтказиш учун исроиллик мутахассисларни  жалб қилган ҳолда юқорида келтирилган йўналишда ҳамкорлик ўрнатиш бўйича келишувга эришилган.

Бундан ташқари, телетиббиёт ва масофадан тиббий маслаҳат бериш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган. Профессор Эдуард Якубов яқинда Холон технология институтида Исроилдаги илк рақамли тиббиёт факультети очилганини таъкидлаб ўтар экан, Ўзбекистоннинг тегишли идоралари ва олий таълим муассасалари билан шериклик ўрнатишда ҳамда институт базасида ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича онлайн-курслар ташкил этишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.

Мавзуга оид