Ўзбекистон | 00:04 / 12.07.2020
87629
2 дақиқада ўқилади

Кунлик ўсиш бўйича антирекорд яна янгиланди. Аҳоли орасида юзга яқин ҳолатлар аниқланди

11 июль соат 23:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 12513 нафарни ташкил этмоқда. Сўнгги соатларда яна 111 кишига COVID-19 ташхиси қўйилган.

Янги касалланиш ҳолатларининг 34таси Карантин марказидаги фуқаролар (барчаси хориждан келган) орасида, 62 нафари Андижон вилоятида (шундан 43 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 19 нафари аҳоли орасида), 15 нафар Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида аниқланган.

«Бугун Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида 140 нафар, Андижон вилоятида 31 нафар, Жиззах вилоятида 10 нафар, Навоий вилоятида 7 нафар ҳамда Самарқанд вилоятида 5 нафар, жами 193 нафар бемор тузалди», – дейилади хабарда.

Шу тариқа, 11 июль куни Ўзбекистонда 486 кишида коронавирус аниқланиб, янги антирекорд қайд этилди.

486та ҳолатдан 391таси карантин муассасаларида аниқланган бўлса, 95та ҳолатда аҳоли орасидан вирус чиққан: Тошкент шаҳрида – 48та, Андижон вилоятида –19та, Бухоро вилоятида –15та, Қорақалпоғистон Республикасида –13та.

11 июлда коронавирусдан ўлим қайд этилган ҳудудлар сафи яна биттага кенгайди: Хоразм вилоятида 56 ёшли эркак вафот этди. Шунингдек, Тошкентда 50 ва 66 ёшли икки аёл ҳаётдан кўз юмди. Вирус қурбонлари қайд этилмаган фақат Андижон ва Сирдарё вилоятлари қолмоқда (Сирдарёдаги барча беморлар Тошкент шаҳрида даволанмоқда).

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 12513 нафар бемордан 7723 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 61 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда 4733 нафар бемор коронавирусдан даволанмоқда. Улардан 45 нафари оғир, 7 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Мавзуга оид