Жаҳон | 00:35 / 13.07.2020
101643
7 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: Россия ўлимлар сони бўйича ўнликка кирмоқда, АҚШда янги антирекорд

АҚШда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ кунлик ҳолатлар сони ўсишда давом этмоқда, дам олиш кунлари янги антирекордлар қайд этилди. Исроилда эса ҳукуматдан карантин вақтида тўлов талаб қилган минглаб кишилар кўчаларга чиқди.

Фото: Станислав Красильников/ТАСС

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, бутун дунёда Covid-19’дан зарарланганлар сони 13 миллионга яқинлашди, 565 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди.

Сўнгги бир кунда дунёда коронавирусдан 230 мингдан ортиқ янги касалланиш ҳолати қайд этилди. Бу айни вақтда рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Бундан аввалги кунлик ўсиш бўйича энг юқори натижа 10 июлда қайд этилган, ўшанда бир кунда дунё бўйлаб 228 мингдан кўпроқ янги касалланиш ҳолати аниқланган.

Россия ўлимлар сони бўйича ўнликка киришга яқин - 11335 ўлим ва 11-ўрин. Бу борада ҳамон АҚШ етакчи - океанорти давлатида шу вақтгача коронавирус қурбонлари сони 137 мингдан ошди.

Трамп ниқобда ва АҚШда янги антирекорд

 Трамп бир неча бор коронавирусдан ҳимояланиш учун ниқоб тақиш ниятида эмаслигини маълум қилганди / REUTERS

АҚШ президенти Дональд Трамп камералар қаршисида тиббий ниқобда пайдо бўлди - бу унинг пандемия даврида илк марта ҳимоя воситаси таққан ҳолда кўриниш беришидир. Бу ҳодиса шанба куни содир бўлди, шу куни мамлакатда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари бўйича навбатдаги рекорд кўрсаткич қайд этилди - 66 мингдан ортиқ янги ҳолат.

Трамп шанба куни Вашингтон ташқарисидаги Уолтер Рид номидаги госпиталга ташрифи вақтида ниқоб таққан. Тўқ кўк рангли ниқобнинг чап томони пастки қисмида президентлик муҳри туширилган. У бу госпиталда жароҳатланган ҳарбий хизматчилар ва Covid-19 беморларини парвариш қилаётган тиббий ходимлар билан учрашган.

«Ўйлашимча, ниқоб тақиш — жуда яхши. Мен ҳеч қачон ниқобга қарши бўлмаганман, бироқ уни тақишнинг жойи ва ўз вақтли борлигига ишонаман.

Фикримча, аниқ бир вазият сабаб госпиталга келганингизда, айримлари ҳозиргина операция столидан чиққан кўплаб аскарлар, одамлар билан мулоқотда бўлганда ниқоб тақиш ўринли», деган Трамп Оқ уйни тарк эта туриб.

ОАВ хабарига кўра, Трампнинг ёрдамчилари бир неча марта ундан омма олдига чиққанида ниқоб тақишни сўрашган. Аммо у митингларда, матбуот анжуманларида ва бошқа оммавий маросимларда қатнашганида бу маслаҳатларга қулоқ солмаган.

Ассошиэйтед пресс манбаси хабарига кўра, президент ниқобда ўзи ожиз кўринишидан хавфсираган. Бундан ташқари, у ниқоб тақиш жамоатчилик эътиборини Америка иқтисодиётини тиклашга эмас, соғлиқни сақлаш тизимига қаратади деб ҳисоблайди.

АҚШ касалланганлар ва вафот этганлар сони бўйича дунёда биринчи - 3,3 миллиондан ортиқ касалланиш ҳолати ва 137,6 минг ўлим ҳолати. Эпидемиологларнинг фикрича, бу эпидемияни жиловланишнинг ягона механизми жорий этилмагани билан боғлиқ. Алоҳида штатлар ҳукуматлари маҳаллий даражада қарорлар қабул қилишган, аммо федерал миқёсда стратегия ишлаб чиқилиши зарур бўлган.

Касалланиш ҳолатлари ўсишда давом этаётганига қарамай, Флоридада яна Walt Disney World очилди. Ташриф буюрувчилар ниқобда бўлиши ва бошқа эҳтиёт чораларига амал қилиши керак бўлади. Бир неча ҳафта олдин Орландода ҳам бир қатор кўнгилочар масканлар фаолиятини бошлаганди. АҚШдаги жами касалланиш ҳолатларининг тўртдан бир қисми ушбу штат ҳиссасига тўғри келади.

Россия ва Британиядаги вазият

ALEXANDER DEMIANCHUK/TASS

Россияда ўтган кунда яна 6615 кишида коронавирус аниқланди, 130 бемор вафот этди. Россияда касаллик тарқала бошлаганидан буён жами 727 минг киши вирусдан зарарланган (дунёда 4-ўрин), 501 061 киши тузалган, 11335 киши вафот этган (11-ўрин). Бу борада тўққизинчи ўриндаги Эронда 12829 қурбон қайд этилган, ўнинчи ўриндаги Перуда 11682 киши вирус туфайли оламдан ўтган.

Якшанба куни Москвадаги Сеченов университетида коронавирусга қарши вакцинани кўнгиллиларда синаш ишлари якунланди. Вакцина Эпидемиология ва микробиология миллий тадқиқот марказида ишлаб чиқилган. Унинг синовлари 17 июндан икки жойда - Сеченов университети ва Бурденко номидаги ҳарбий госпиталда бошланган. Ҳар икки жойда 38 нафардан кўнгилли эмлашда иштирок этган. Маълум қилинишича, университетда вакцинанинг кукун кўринишидаги варианти қўлланган. Ундан эмлаш жойининг ўзида мушакка киритишга мўлжалланган суюқлик тайёрланган. Госпиталда эса вакцинанинг суюқ ҳолатдаги кўриниши қўлланган.  

Ҳозирда бутун дунё бўйлаб 200 ташкилот вирусга қарши вакцинани тайёрлаш устида иш олиб бормоқда, айни вақтда 18 препарат одамларда синаб кўрилмоқда.

Буюк Британияда шанба куни очиқ осмон остидаги бассейнлар ва театрлар очилди, шунингдек крикет ҳам ўйнаш мумкин. Мамлакатда жамоат жойларда ниқоб тақишни мажбурий қилиш бўйича мунозаралар давом этмоқда. Ҳозирча ҳукумат фуқароларнинг соғлом фикрлаб, ўзлари ихтиёрий равишда ниқоб тақишига ишонч билдирмоқда ва буни мажбурий қилиш чораларини жорий этмаяпти.

Дунёда нималар бўлмоқда

Бразилиялик ҳарбий дезинфекция ишларини амалга оширмоқда / Getty Images

Лотин Америкасидаги ҳолат ёмонлашиши давом этмоқда. Дунё рейтингининг юқори ўнлигидан минтақанинг тўрт давлати ўрин олган - Бразилия, Перу, Чили ва Мексика.

Бразилияда якшанба куни Катарин штатининг футбол бўйича чемпионати тўхтатилди, бу штатдаги жамоалардан бирининг 14 футболчисида вирус аниқланган. Чемпионат танаффусдан кейин 8 июль куни тикланганди.

Ҳиндистонда касалланиш ҳолатлари яна авж олди ва бугунга келиб қайд этилган ҳолатлар сони 870 мингдан ошди. Якшанба куни Болливуднинг машҳур актёрлари - 77 ёшли Амитабх Баччан, унинг ўғли - 44 ёшли Абхишек Баччан, келини 46 ёшли Айшвария Рай ва 8 ёшли набирасида коронавирус аниқланди.

Ҳиндистон касалланиш ҳолатлари сони бўйича дунё рейтингида АҚШ ва Бразилиядан (1,8 млн) кейинги учинчи ўринда, ўлим ҳолатлари сони бўйича (23 187) саккизинчи ўринда жойлашган.

Шанба куни Исроилда минглаб кишилар норозилик акциялари уюштиришди. Улар ҳукуматдан коронавирус туфайли юзага келган инқирозни бартараф эта олмаётгани учун норози бўлишмоқда.

Тель-Авивдаги намойишлар молиявий томондан қийналиб қолганлар томонидан ташкиллаштирилди - булар кичик компаниялар раҳбарлари, хусусий тадбиркорлар ва санъат соҳаси вакиллари.

Улар ҳукумат тўловлари кечикаётганидан, айримлар молиявий ёрдамни ойлаб кутишига тўғри келаётганидан дарғазаб бўлишган.

Мавзуга оид