Жаҳон | 16:25 / 13.07.2020
8703
2 дақиқада ўқилади

КХШТ бош котиби Арманистон-Озарбойжон можароси сабабли мунтазам кенгашнинг шошилинч йиғилишини чақиртирди

Арманистон ташқи ишлар вазири Зограб Мнацаканян КХШТ бош котиби билан телефон орқали мулоқотида Арманистон-Озарбойжон чегарасидаги вазият тўғрисида батафсил маълумот берган.

Фото: РИА Новости

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) бош котиби Станислав Зась Арманистон-Озарбойжон чегарасидаги вазият кескинлашгани сабабли КХШТ мунтазам кенгашининг шошилинч йиғилишини чақиртирди. Бу ҳақда ташкилот матбуот котиби Владимир Зайнетдинов маълум қилди.

"Арманистон-Озарбойжон чегарасидаги вазият кескинлашганлиги муносабати билан КХШТ бош котиби Станислав Зась 13 июль куни КХШТ мунтазам кенгашининг шошилинчи йиғилишини чақиртирди", - деб хабар қилди Зайнетдинов.

Қайд этилишича, Арманистон ташқи ишлар вазири Зограб Мнацаканян душанба куни КХШТ бош котиби билан телефон орқали мулоқотида Арманистон-Озарбойжон чегарасидаги вазият тўғрисида батафсил маълумот берган.

Якшанба куни Боку ва Ереван бир-бирини ўт очишни тўхтатиш режимини бузиш ва артиллериядан фойдаланишда айблаганди.

Озарбойжон мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, Арманистон қуролли кучлари бўлинмалари Товуз туманида Озарбойжон позицияларини артиллерия қурилмаларидан ўққа тутган.

Ўз навбатида Арманистон томони Озарбойжонни чегарани бузишга уринишда айблади.

“Озарбойжон қуролли кучлари хизматчилари бизга тушунарсиз сабабларга кўра УАЗ автомобилида Товуз йўналишида давлат чегарасини бузишга уриниш амалга оширди. Арманистон томонининг огоҳлантиришидан кейин рақиб ҳарбийлари автомобилни ташлаб, ўз позицияларига қайтган”, дейилади Арманистон мудофаа вазирлиги хабарида.

Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги келишмовчилик 1988 йил февралда Тоғли Қорабоғ мухтор области Озарбойжон ССР таркибидан чиқишини эълон қилганидан сўнг вужудга келган. 1992-1994 йиллардаги қуролли низо давомида Озарбойжон Тоғли Қорабоғ ва унга туташ бешта район устидан назоратни йўқотган.

Мавзуга оид