Жаҳон | 15:25 / 14.07.2020
25304
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон 100га яқин арман ҳарбийлари йўқ қилинганини маълум қилди

Арманистон томонининг ўққа тутиши оқибатида икки нафар юқори унвонли офицер - генерал-майор Пўлат Ҳошимов ва полковник Илғор Мирзаев ҳамда яна беш нафар ҳарбий ҳалок бўлган.

Фото: Вахрам Багдасарян/Reuters

Сешанбага ўтар кечаси Арманистон-Озарбойжон чегарасида давом этган жангларда Арманистон томони кўплаб йўқотишларга учради. Бу ҳақда Озарбойжон мудофаа вазирлиги хабар берди.

 Озарбойжон мудофаа вазири Карим Валиевнинг маълум қилишича, 12 июлдан буён Озарбойжон қуролли кучларининг ҳаракатлари натижасида 100га яқин арман ҳарбийлари, рақибнинг техникаси ва қўмондонлик пункти йўқ қилинган.

 Бундан ташқари, у Арманистон томонининг ўққа тутиши оқибатида икки нафар юқори унвонли офицер - генерал-майор Пўлат Ҳошимов ва полковник Илғор Мирзаев ҳамда яна беш нафар ҳарбий ҳалок бўлганини айтди. Мудофаа вазири ўринбосарининг қўшимча қилишича, жанговар ҳаракатлар давом этмоқда.

12 июль куни Боку ва Ереван бир-бирини ўт очишни тўхтатиш режимини бузиш ва артиллериядан фойдаланишда айблаганди.

Озарбойжон мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, Арманистон қуролли кучлари бўлинмалари Товуз туманида Озарбойжон позицияларини артиллерия қурилмаларидан ўққа тутган.

Ўз навбатида Арманистон томони Озарбойжонни чегарани бузишга уринишда айблади.

Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги келишмовчилик 1988 йил февралда Тоғли Қорабоғ мухтор области Озарбойжон ССР таркибидан чиқишини эълон қилганидан сўнг вужудга келган. 1992-1994 йиллардаги қуролли низо давомида Озарбойжон Тоғли Қорабоғ ва унга туташ бешта район устидан назоратни йўқотган.

Мавзуга оид