Ўзбекистон | 14:54 / 16.07.2020
19821
2 дақиқада ўқилади

Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланган 2 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ватанга қайтарилмоқда

Россия-Қозоғистон давлат чегарасида тўпланиб турган 2 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар Россия томони билан келишувга биноан чегарадан ўтказилиб, учта йўловчи поезди орқали Тошкентга йўл олди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Артем Голяков / Медуза

1404 нафар йўловчи бўлган иккита поезд Кинел, яна бир поезд эса 702 йўловчи билан Бузулук станциясидан ҳаракатланган. Чипталар фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун сотилган. Бузулук-Тошкент йўналишидаги чипталар нархи - 1,2 млн сўм (8500 рубль), Кинел-Тошкент йўналишидаги чипталар нархи -  1,45 млн сўм (10 000 рубл)ни ташкил этган.

«Йўл давомида йўловчи поездлар фақат техник кўрик учун тўхтатилади, яъни, станция вокзалларда йўловчилар платформага тушишига рухсат этилмайди», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, поездлар Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатувида олиб келинади.

«Мазкур поездларда келаётган йўловчиларнинг қариндош ва яқинлари уларни кутиб оламан деб сарсон бўлмасин! Чунки ушбу рейсларнинг барча йўловчилари поездлардан тушишлари биланоқ Наманган ва Тошкент вилоятларидаги карантин зоналарига юборилади», дейилган хабарда.

Маълумот учун, кўрилаётган карантин чоралари сабабли, МДҲнинг қатор давлатларида мамлакатга кириш-чиқишга чекловлар Ўзбекистонда ҳам жорий этилган ва улар Ўзбекистон Республикаси махсус комиссиясининг тегишли қарори билан бекор қилинмагунча кучда бўлади.

Бундан олдинроқ Kun.uz сайтида «Медуза» материали асосида «Бийдек далада: ўзбекистонлик минглаб мигрантлар Россия-Қозоғистон чегарасида қолиб кетаётгани ҳақида» сарлавҳали материал эълон қилинган, унда минглаб ўзбекистонликлар Россияда ишсиз қолгач, Қозоғистон орқали уйларига етиб олишни истагани, аммо чегарадан ўта олмай, Самара ва Оренбургдаги лагерларда қийин шароитларда яшаётгани тасвирланганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 июль кунги видеоселекторда Россиядаги фуқароларни поездларда олиб келиш чоралари кўрилаётгани ҳақида айтганди.

Мавзуга оид