Жамият | 16:11 / 16.07.2020
8891
9 дақиқада ўқилади

«Вирус бутун дунёда тиббиёт имкониятларини йўққа чиқармоқда» — «Миллий тикланиш» раиси ўринбосари шифокорларни айбламасликка чақирди

Шу кунларда интернетда бир-биридан кескин ёзилган хабарлар, ҳукуматимиз, давлатимиз, айниқса соғлиқни сақлаш тизимига ёғдирилган аёвсиз айбловлар, салбий муносабатлар-у эътирозлар, очиқдан очиқ ҳақоратларни (бу рўйхатни кўп давом эттириши мумкин!) кўздан кечириб, ёқа ушлайсан киши.

Ҳатто баъзида эҳтиросга берилиб, бу эътирозларга ишонгинг ёки беихтиёр «ёқди» тугмасини босиб, мақола муаллифига азбаройи ҳамдардлигингни кўрсатгинг ҳам келади. Чунки айтилаётган гапларда, қанчалик бўрттирилган бўлмасин, озми-кўпми ҳақиқат бор ва бу ҳақиқатлар тизимдаги муаммоларни ифода этади.

Ижтимоий тармоқлардаги ахборотларни таҳлил этиш асносида бир ҳолатга гувоҳ бўлдик. Кимки ўз ҳақиқатини очиқчасига ва баралла айтиб, бу орқали мутасадди раҳбарларни «жойига қўйиб», сўз билан аёвсиз «савалаган» бўлса, кўп ҳолларда ахборот майдонининг тўри вазият барқарорлашгунча ўша «қаҳрамон»ники бўлиб турибди. Мисолни бугунги кундан келтирамиз. Айни пайтда жамоатчилик, блогерлар ва баъзи оммавий оммавий ахборот воситаларининг бутун диққат-эътибори тиббиёт соҳаси вакиллари ҳамда уларнинг раҳбарларига қаратилган.

Тўғри, кечагина беморларни соғайтириб, уларни гулдасталар билан уйига кузатган, «хавотирга ўрин йўқ, эртага ҳаммаси яхши бўлиши учун тиббиётимиз тайёр» деб халқни ишонтирган мутасаддиларни ҳозир оқлаш нотўғридир. Чунки мамлакатимизда касалланиш даражаси аввалгига нисбатан 4 баробар кўпайди. Экранлар орқали номини эшитганимиз лаънати вирус энди қўшнимиз, қариндошимиз, ҳатто хонадонимизгача етиб келиб улгурди. Ҳатто кўпчилигимиз унинг иситмаси-ю йўталини танамизда ҳис қилдик.

Лекин пандемия билан боғлиқ вазият тиббиёт имкониятларини Ўзбекистондагина эмас, бутун дунёда деярли йўққа чиқараётганини кўриб-билиб турибмиз. Ахир миттигина зарра манаман деган давлатларни ҳам тиз чўктириб қўйди. Жаҳон ўнталигида энг ривожланган деб эътироф этилган ўша Америка бугунгача 130 мингдан ошиқ қурбон берди. Бу борада халқини қонун билан бўйсундирган давлат фуқароларини оддийгина ниқоб тақиш, ўзини яккалаш тадбирларига жалб этолмаётгани ҳам бор гап. Дунё эса инновациялар юрти бўлган АҚШдан касалнинг тарқалишида Хитойни айблагандан кўра, унинг олдини олиш борасида ташаббуслар кутмоқда.

Ҳатто Нобель мукофоти лауреатлари ҳам бугун безовта. Улар ҳам изланишда. 17 нафар нуфузли мукофот совриндори бирлашиб, 100га яқин дунё сиёсатчилари иштирокида пандемиянинг олдини олиш бўйича мурожаатнома қабул қилишди, тажрибалар ўтказиб, коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқилаётганини билдиришди. Мўъжизавий дори тайёр бўлишининг тахминий вақти 18 ой ёки ундан камни ташкил этишини маълум қилишди. Мана, ниҳоят даво топилди, деган баъзида ёлғон, баъзида ҳақиқатга яқин хабарлар ОАВда тўлиб-тошди…

Таҳлилчилар эса постсовет давлатлари нега COVID-19 билан курашда қийинчиликка дуч келаётганини таҳлил этишга уриниб, миллий ҳукуматлар пандемиянинг кўлами ва хавфлилиги борасида ўз вақтида вазиятни тўғри баҳолай олмаган, деган хулосани айтмоқда. Вирусга қарши курашнинг дастлабки босқичида постсовет давлатларида кам маблағ сарфлангани, бу ЖССТ томонидан тавсия этилган миқдордан 2-4 баробар камлиги, мазкур мамлакатларда тиббиёт ходимлари 2-3 баробар етишмаслиги, соҳа инфратузилмасини ташкил этишдаги муаммолар ва энг ёмони, миллий тиббиёт тизимининг узоқ вақт мобайнида етарлича молиялаштирилмагани бугунги муаммоларимизнинг сабаби, деб қайд этилмоқда.

Энди холис айтинг-чи, юқоридаги муаммоларнинг қай бири бизда йўқ?! Демак, жаҳонда ҳам, қўшни мамлакатларда ҳам пандемия масаласида «хўроз бир хил қичқирмоқда». Шундай экан, жаҳон мамлакатлари боши берк кўчада қолган бир шароитда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими раҳбар ва ходимларини айблаш қанчалик тўғри?

Баъзида қатиқни ҳам пуфлаб ичадиган бўлиб қолган айрим тизим мутасаддиларини кўриб кўзимга ишонмайман. Наҳот бу БИЗ?! Мулоқотларни кузатишимча, бир фикрни жамоатчиликка маълум қилишдан аввал вазирлик мутасаддилари 10 марта жамоатчиликдан узр сўраб, кейин сўз бошлайдиган бўлиб қолишди. Чунки улар билади: агар жамият хоҳласа, «тролл фабрикалари» уларнинг шаънига қисқа вақтда миллионлаб заҳарли пайконларни йўллаши мумкин.

Тўғри, баъзида соҳа вакилларининг  ўзлари шунга муносиб ҳаракатларга ҳам йўл қўядилар. Лекин олтин ўрталиқни топишда ҳаммамизга инсоф берсин. Чунки нотўғри ахборот талқинида, босим остида қолиб, юрак хуружига учраган ва бир умр хаста бўлиб қолган ҳалол, пок, энг муҳими, мамлакатимиздаги ислоҳотлар бошида турган раҳбар ва ходимларни шахсан биламан. Демак, ОАВнинг нохолис чиқиши ҳамда фуқаролик журналистикаси босими, нафақат одамлар, балки соҳаларнинг фалажланишига олиб келиши мумкинлигини ёддан чиқармаслик керак.

Келинг, ҳамма нарсани ўз номи билан айтайлик. Зеро, ўша танқид остидаги шифокорларимиз ҳали ҳам 7 йилдан 12 йилгача таълим олиб, 200-300 АҚШ доллари миқдоридаги ойлик маошига қаноат қилиб юрибди. Боз устига, уларнинг жонига тажовуз қилиш ҳолатлари тобора авж олиб бораётганидан, бу борадаги муаммонинг олдини олишга қаратилган янги қонун лойиҳасини қабул қилиш даражасига келиб қолганидан хабаримиз  бор. Ўша баъзида биз қарғаган шифокорлар нафақат ўзигагина эмас, оиласига ҳам касалликни олиб кираётганига кўз юмиб бўлмайди. Уларнинг тузалиб кетишига ҳам ҳеч ким кафолат бермайди.

Тақдир изми билан пандемия даврида ўзим ҳам гоҳ касб тақазоси, гоҳ бошқа сабабларга кўра 3 ой турли касалхоналарда бўлдим. Тан олиш лозим, карантин марказлари ташкил этилиши, одамларга кўрсатилган хайрия ишлари, ватандошларимизни хориждан олиб келиб, уларга кўрсатган эътиборимизни ва бу борадаги яна кўплаб ютуқларимизни дунё эътироф этиб турибди. Бироқ мамлакатимиздаги турли тиббиёт муассасаларида вирусдан ҳимояловчи диққинафас кийимларни ўша шифокорларнинг ўзлари сотиб олаётгани, ўзлари тозалаётгани ва яна ҳеч бир эътирозсиз навбатда узоқ турган беморга хизмат кўрсатаётганига шахсан гувоҳман.

Тестлар етишмаслиги, одамлар йўқчиликдан толиқиши ёки ишсиз қолишига шифокорлар ёки тизим раҳбарлари айбдорми? Ахир бугун глобал офатга қарши энг олдинги сафда туриб курашаётганлар оқ халатлилар-ку!

Брифингга келиб, у ёки бу мансабдорнинг, яхлит тизимнинг ва яна ўз вақтида  тиббий хизмат кўрсатмаган шифокорнинг «томоғидан олиш» ҳамда айблаш осон. Ваҳоланки, бошқача бўлганида нима қилардик? Яқин тарихда давлат иситмаси ошкор қилса-да, муаммоларни яширгани ҳолатларини ҳам кўрдик-ку? Шундай кунлар бугун тарихга айланиб улгурди. Ҳозир-чи? Хоҳлаган раҳбарни ҳатто ижтимоий тармоқ орқали ҳам топиш мумкин бўлган даврда яшаяпмиз. Улар билан учрашувлар ташкил этиш — давлат ахборот сиёсатининг бош талаби. ОАВ ходимлари учун, шахсан мен учун қачонлардир армон бўлган тўғридан тўғри эфирлар — қўққисидан саволга тутишга имконият. «Раҳбармисан, жавоб бер!» қабиладаги ҳаракатларимиз энг юқори даражада бугун рағбатлантирилмоқда. Ёзганимиз, тайёрланганимиз эфир юзини кўрмоқда…

Лекин бир нарсани тан оладиган пайт келди.

Бугун нафақат Ўзбекистон, балки ер юзида фавқулодда ҳолат. Ана шу вазиятни ваҳимасиз енгишимиз зарур. Ахир пандемия Ўзбекистонга кириб келган март ойида бу қўлимиздан келди-ку! Қўлимиздан келгани учун давлат бўлиб, халқ бўлиб Бухоро, Сирдарё, Сўхдаги ҳолатларнинг ечимини топдик-ку?!

Эртага, албатта, вазият яхши томонга ўзгариши учун ҳаммамиз ўзимизга ўзимиз ёрдам беришимиз керак! Ўзимизни яккалашимиз зарур! Бу фикрларни эгасига етказишда эса ОАВ, ахборот тарқатувчи ва истеъмол қилувчи ХАЛҚ масъулиятни ўз зиммасига олиши даркор.

Шу мақолани ҳозир ёзяпман-у, маҳалладаги болаларнинг ҳеч бир ниқобсиз ўйнаётгани, ота-оналари ҳам буни бепарво ниқобсиз кузатаётгани, олдимиздаги емакхонада бир гуруҳ эркаклар ниқобсиз, кўпчиликлашиб гурунглашаётгани, кеча ҳоли-жонимизга қўймай зудлик билан тўй қилган қўшнимиз бугун келин-куёвни касалхонага жўнатганига гувоҳман. Қўшним эса ҳали ҳам мендан хафа, тўйга келмадингиз, деб. Хонадонларимиз эса айни дамда карантинда. Худди шу тўй туфайли! Ҳаммамизга шифо билан бирга инсоф берсин.

«Шифокорга ишинг тушмасин», деган нақл бор. Лекин довюрак шифокор пандемия шароитида касал билан кураш майдонида олдинда борувчи аскар эканини унутмайлик. Улар бизни ғалабага етаклаб, эвазига ўзлари қурбон бўлиши мумкин. Ўзи асрасин!

Феруза Мухамеджанова,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси
Марказий кенгаши раиси ўринбосари
.

Мавзуга оид