Коррупцияга юмшоқ қонунчилик, лавозимига номуносиб ҳокимлар, декларация тизими ва оффшорлар — Акмал Бурҳонов билан суҳбат (2-қисм)
Kun.uz Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори лавозимига тайинланган Акмал Бурҳонов билан интервью уюштирган эди. Қуйида интервьюнинг иккинчи қисми билан танишишингиз мумкин.
– Агентликка директор сифатида қўйилганингиздан кейин ижтимоий тармоқларда кўплаб муносабатлар билдирилди. Уларнинг аксариятида агентликка ишончсизликни сезиш мумкин.
Масалан, айрим фойдаланувчилар «Агентлик 100-200 долларлик маиший коррупция билан ишлайдиган, фақат ўқитувчи ва шифокорларни ортидан таъқиб қиладиган ташкилот бўлиб қолади», – дейишмоқда. Хўш, агентлик ҳақиқатан катта-кичикнинг қилмишларига бир хил муносабатда қарай оладиган ташкилот бўлишига кўзингиз етадими?
– Агентлик ташкил қилингач ўнлаб вазир ва ҳокимларнинг қамалиши, пора билан ушланиши, пастдаги ишчиларнинг пора билан ушлашини кутиш нотўғри. Бу бизнинг асосий мезонимиз эмас. Кутилаётган энг катта ўзгаришлардан бири агентлик жамоатчилик билан иш олиб боради. Фуқаролар билан алоқа ўрнатиш имконини берувчи платформа ишга туширилади. Коррупция билан боғлиқ қандай ҳолатлар бўлса, бизга мурожаат қилишлари мумкин, биз тезкор чораларни кўрамиз.
Яъни фаолиятимиз фақатгина жиноий таъқиб билан шуғулланишдан иборат эмас. Мақсадимиз – катта бўладими, кичикми, ҳар қандай даражадаги коррупцияни аниқлаш. Даромадларни декларациялаш, ҳокимларнинг хатти-ҳаракатлари, давлат харидлари бўйича назорат юритилади.
Афсуски, ҳозиргача давлат бюджетидан пул ўзлаштириш ҳолатлари ҳатто коррупция дейилмаган.Охирги 6 ой-1 йилда катта масштабдаги давлат харидлари ёки давлат томонидан молиялаштирилган объектлар бўйича ҳолатларни кўрдик. Бу ишлар жамоатчиликка ошкор қилиниши керак. Энг кичик ишларгина ОАВ орқали кўрсатилиб, катта жиноятлар кўрсатилмаган. Биз жиноятни катта-кичиклигидан қатъий назар процессуал тартиб қоидаларга амал қилган ҳолда оммага ошкор қилинишини таъминлаймиз. Ҳозиргача бўлиб ўтган ҳодисалар бўйича ишлар қўзғатилган. Ўшалар бўйича жараёнларни ҳам жамоатчиликка ошкор қилиб бориш вазифаси қўйилган.
– Акмал ака, турли давлатларнинг коррупцияга қарши қонунларини тез-тез ўзгариб, юридик қарашларга, замонга мослаштирилишини кўрамиз. Шу маънода, Ўзбекистон Жиноят кодексида коррупция учун бериладиган жазо жаҳон тажрибаси, амалиёти билан солиштирганда жуда юмшоқ ва эскирган эмасми?
Қонунларимизда коррупцияга қарши жазо чораларини кучайтириш масаласига фикрингиз қандай?
– Ижобий қарайман. Айнан коррупцион жиноятлар билиб туриб қилинади. Билиб турган ҳолда давлатга, жамиятга хиёнат қилинади. Унга нисбатан жавобгарлик чораларини кучайтириш тарафдориман. Фаолиятимиз аввалида қонунчиликни инвентаризациядан ўтказмоқчимиз. Қайси йўналиш коррупцияга мойил? Қонунчиликдаги “форточка”ларни аниқлаб, улар учун жавобгарликни белгилаймиз.
Афсуски, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар у ёки бу идоранинг манфаатини кўзлаган ҳолда ишлаб чиқилади. Чунки бизда қонун лойиҳаларини идораларнинг ўзлари ишлаб чиқиши амалиёти мавжуд. Жавобгарликни фақатгина пора олиш ва пора беришда эмас, балки давлат мулкини талон-торож қилганлик ва бошқалар учун ҳам кучайтириш назарда тутилади. Мақсад жазолаш эмас. Биз жамиятда коррупциявий ҳолатларнинг ўзини камайтириш учун ҳаракат қиламиз.
Агентликнинг фаолият натижадорлигини баҳолашда коррупция учун жавобгарликнинг кучайтирилиши, коррупционерларнинг ушланиши, тергов ҳаракатларнинг ошкоралиги, жараёнда жамоатчиликнинг фикри эшитилиши кабилар сирасида энг катта мезон – тадқиқот ўтказганда оз бўлса ҳам одамларда қайсидир соҳада коррупция камайди, деган фикрнинг пайдо бўлишидир. Фуқароларда коррупцияга нисбатан муносабатни ўзгартириш керак.
Бир жиҳатки, менталитет деган сўз ҳеч бир қонунчиликда йўқ. Аммо бизда ҳамма нарсани менталитет билан боғлаш сингиб кетган. Оддий мисол, тантаналарда давлат ташкилоти раҳбарига совға бериш одати бор. Чет давлатларда бу жиноят ҳисобланади. Хизмат сафарларига борганда ҳам ўзимиз билан совға олиб борсак, буни экспертизага берамиз, нархи белгиланган миқдордан ошса, уни декларация қилиб, музейга топширамиз, дейишади. Аммо совға бериш бизда оддий ҳол, менталитетга йўямиз. Раҳбар тўй қилса, пул йиғиб бериш, раҳбар бўлгани учун ҳам кўпроқдан йиғиб бериш одати бор. Маиший масала деб қаралгани билан, аслида бу ҳам коррупциоген ҳолат. Мана шу кичик нарсалар ҳам занжирни катталаштириб юборади.
Коррупция фақатгина бирон ишини битириб бериш учун пул олди-берди қилиш дегани эмас. Яна бир мисол. Бизда судья ва адвокат ишдан ташқари пайтда истаса чойхонада ўтира олади. Айрим давлатлар борки, судья ва адвокатнинг бундай илиқ муносабатларини жамоатчилик кўриб қолса, истеъфо бериши керак. Булар ҳам рол ўйновчи омиллар. Шунинг учун биз муаммога комплекс ёндашишга ҳаракат қиламиз.
– Бугун кўплаб туман, шаҳар ва вилоят ҳокимлари ҳам моддий, ҳам структуравий жиҳатдан қўллаб-қувватланяпти. Лекин уларнинг бу даража, имкониятларга қанчалик лойиқ бўлаётгани масаласи афсуски, кишини ўйлантиради.
Тан олиш керак, маълум бир тоифа ҳокимлар бу имкониятларни кўтаролмаяпти. Улар вазифасини нима хоҳласам шуни қила оламан, деб тушунмоқда. Ва табиийки, халқимиз бундан норози. Сизнингча, бу ерда асосий камчилик, муаммонинг тугуни нимада?
– Бунинг жуда кўп омиллар бор. Лекин ҳокимларни ҳам тушунса бўлади. Улар айрим нарсаларни оддий ҳол деб ўйлашади. Масалан, пул тарқатишни. Ҳокимнинг кимгадир автомобил совға қилиши, кимгадир пул тарқатиши улар учун оддий ҳол бўлиб туюлади. Ҳокимга мумкин, деб ўйлашади. Шунинг учун ҳам биз давлат идоралари раҳбарларини, мансабдорларни ўқитишимиз керак. Қайси ҳолат коррупциоген вазият ҳисобланади, қайсидир ҳолат оддий туюлса ҳамки унда жиноят аломатлари борлигини ўргатишимиз керак.
Агентликни ташкил этишда ҳам унинг вазифаларидан бири сифатида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳамма соҳа учун модул – дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Иккинчидан, қонунчиликда имконият яратиб қўйганмиз. Қонунчилик бўйича ҳокимларга кўп ваколатлар берилган.
Депутатларда ҳам аслида ваколат бор. Лекин нега бу нарса уларда эмас, ҳокимларда кўпроқ кўриняпти? Демак, биринчидан, савия, ҳуқуқий маданият ҳам бир масала. Иккинчидан, қонунчиликда коррупцион имкониятлар берилган нуқталарни тамомила қайтадан кўриб чиқиш. Учинчиси, қатъий жавобгарликнинг бўлиши. Қонун барчага бир хил ишлашини таъминлаш керак.
Агентликнинг мақоми ҳам ҳукуматга боғлаб қўйилмади, тўғридан-тўғри президентга бўйсунади, парламентга ҳисоб беради. Агентлик жамоаси вазифани тўғри тушуниб, ҳалол бўлса, вазифасига сидқидилдан ёндашса, жамоатчиликка очиқ бўлса, оз бўлса ҳам натижа кўрсата олади.
– Жамоангиз кимлардан иборат бўлади?
– Коррупция барча йўналишларда мавжудлигини айтиб ўтдик. Иқтисод, солиқ, тиббиёт, бухгалтерия, ахборот-коммуникация соҳасидаги малакали мутахассисларни жалб қилишни режалаштирганмиз. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда тажрибаси борларни ҳам жамоада кўришни истардик. Жамоага қабул қилиш очиқ танлов асосида амалга оширилади.
– Агентликка юклатилган вазифалардан бири сифатида давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини жорий этиш ҳамда декларациядаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини текшириш эканлиги белгиланди.
Бизда бу тизим ҳали янги ҳисобланади. Шу пайтгача бирор вазир, давлат маслаҳатчиси, ҳоким ёки бошқа лавозим эгаси декларация тўлдириши амалиётда бўлмаган. Хўш, бу тизимнинг Ўзбекистондаги амалиёти қандай бўлади?
– Бу тизим ҳақида икки йилдан бери гапирилмоқда. Давлат хизматчилари ва мансабдорлар бунга тайёр бўлишлари керак ҳам эди. Охирги 2-3 йилда давлат хизматчиларининг маоши сезиларли даражада ошди. Эртага жавоб беришга ҳам, жавоб бера олмасликка ҳам тайёр улар.
Давлат бюджетидан пул оладиган барча хизматчиларнинг даромадини босқичма-босқич декларациялаш йўлга қўйилади. Яқин орада фуқароларнинг солиқлари ҳисобига ойлик оладиган барчанинг даромади тўла декларация қилиниши таъминланади. Тизим 2021 йилнинг бошидан ишга тушади. Иш энг катта мансабдорлардан бошланиши керак, бу мантиқан ҳам тўғри бўлади.
Нафақат даромадларни, балки давлат идоралари томонидан қилинадиган харажатларнинг ҳам ҳисоби юритилиши керак. Давлат идоралари қилган ҳар бир харажат ҳақида ОАВ орқали маълум қилинишига эришмоқчимиз. Бундай шароитда коррупция имконияти қийинлашади, мансабдорларнинг масъулияти ҳам ошади.
– Оффшор компанияларга қарши курашиш ҳолатлари қандай бўлади?
– Агентликка фақатгина декларация тизимини жорий қилиш эмас, балки даромадлар декларациясининг ҳаққонийлигини текшириш масаласи ҳам бор. Шартномаларнинг асл тагига етиш ҳам вазифалардан биридир. Оффшор масалаларнинг тагига ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда етилади.
Коррупция билан барча – фуқаролар ҳам, давлат идоралари ҳам, жамоатчилик ҳам биргаликда курашиши керак. Жамоат ташкилотлари, барча фуқароларни ҳамкорликка чақириб қолардим. Биз уларнинг фикрларини тинглашдан манфаатдормиз. Ҳар бир ҳолатни назорат қилиш ва улар учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш учун барча имкониятларни ишга солишга ваъда бераман.
Илёс Сафаров суҳбатлашди,
Тасвирчи: Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
20:06 / 11.11.2024
Қозоғистонда яна 1 млрд доллар ноқонуний активлар давлатга қайтарилди
19:42 / 07.11.2024
Тахиатош тумани ҳокими собиқ ўринбосари озодликдан маҳрум этилди. У бюджет маблағларини талон-торож қилган
10:34 / 05.11.2024
Ховос тумани ҳокими собиқ ўринбосари 7 йилга қамалди
09:51 / 05.11.2024