Ўзбекистон | 22:06 / 17.07.2020
97964
2 дақиқада ўқилади

«Статистикага ишонманг, ўзингиз ва яқинларингизни асранг!» — режиссёр отаси коронавирусдан вафот этганини маълум қилди

Режиссёр Сарвар Каримовнинг отаси 63 ёшида коронавирус инфекциясидан вафот этган, у сўнгги ҳафта давомида уйда оғир аҳволда қолган отаси учун «Тез ёрдам» чақира олмаган.

«Сеҳрли қалпоқча», «Сарвиқомат дилбарим» фильмлари муаллифи, режиссёр Сарвар Каримов твиттердаги саҳифасида отаси коронавирусга чалингач уйда даволанишга мажбур бўлгани, бир ҳафта давомида унга «Тез ёрдам» чақириб бера олмагани, 17 июль куни эса вафот этгани ҳақида ёзди. Бу ўлим ҳолати Соғлиқни сақлаш вазирлиги статистикасида қайд этилмаган - беморга коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилмаганди.

Унинг маълум қилишича, ўзи ва оила аъзолари ҳам Covid-19’га чалинган ҳамда ҳозирда уйда даволанмоқда.

"Бугун дадам қазо қилдилар. Коронавирусдан. Лекин ташхис қўйилмади. Бир ҳафта уйда даволадик. 103 га телефон қилсак, беморнинг иситмаси бўлса, келолмаймиз дейишди. Уларни ҳам тушунаман, на дориси бор, на ҳимоя воситаси.

Расмий статистикага ишонманг, ўзингиз ва яқинларингизни асранг!

Давлатга ишонманг. Расмийларнинг барча гапи ёлғон. Ишонч рақамларига телефон қилиб тушиб бўлмайди, тушсангиз ҳам бошқа номерни бериб юборади. Биз дадамизга бир ҳафта тез ёрдам чақиролмадик. Ахири ўпкаларига ўтиб кетиб, жонлари узилди. 63 ёшда эдилар. 10 кун аввал соппа-соғ эдилар.

Бу гапларни ёзишимдан мақсад — давлат ёрдамидан умидингизни узинг. Кўчага чиқманг, айниқса катталарни эҳтиёт қилинг!

Ҳозир бутун оиламиз COVID-19’га чалинган (расмий). Ўзимизни ўзимиз даволаяпмиз, чунки бошқа илож йўқ. Дуо қилинглар, тузалиб кетайлик. Аллоҳ шифо берсин ҳаммамизга".

Мавзуга оид