Жамият | 08:55 / 18.07.2020
36781
2 дақиқада ўқилади

Фуқаро Олий судни судга берди. У ўз уйини ва етказилган зарар учун 400 млн сўм талаб қилмоқда

Kun.uz сайтида тергов ва суд идораларининг ноқонуний қарори ва ҳукми сабаб беайб фуқаро Рустам Камаловнинг яшаб турган уйи тортиб олингани ва унга бугунги кунда Олий суд эгалик қилиб келаётгани ёритилганди.

Олий суд Раёсатининг шу йил 7 майда қабул қилган қароридан сўнг, Камалов Ўзбекистон Республикаси Олий судига нисбатан фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига даъво аризаси киритди.

Даъвогар ўз аризасида жавобгар Ўзбекистон Республикаси Олий суди эгалигидан бир замонлар қонунга хилоф тарзда тортиб олинган Юнусобод тумани 19-мавзе, 32-уй, 48-хонадонни қайтариб олиш, мансабдор шахсларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини камситувчи ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида кўрган зарари, хусусан ноқонуний ҳукм ортидан уйсиз қолиб, 9 йил давомидаги ижара харажатлари учун 200 млн сўм ва маънавий зарар учун 200 млн сўм ундиришни сўраган.

Ариза шу йилнинг 13 июлида почта орқали, жавобгар жойлашган ҳудуд бўйича фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига юборилган.

Даъво ариза суд иш юритувига қабул қилинган-қилинмагани ҳозирча номаълум.

Эслатиб ўтамиз, Фуқаролик процессуал кодексининг 192-моддасига кўра судья аризани иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш ҳақидаги масалани ариза судга келиб тушган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай якка тартибда ҳал этади. Аризани иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади. 

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Фуқаро Рустам Камалов ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ўртасидаги можаронинг тўлиқ тафсилотлари билан қуйидаги мақолалар орқали танишишингиз мумкин:

Мавзуга оид