Ўзбекистон | 19:18 / 19.07.2020
79011
7 дақиқада ўқилади

Бир кун ичида Тошкент вилоятидаги 19та туман ва шаҳарда коронавирус аниқланди

Вилоятдаги беморларнинг қарийб 70 фоизи уйда даволанмоқда.

Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати вилоятдаги эпидемиологик вазият юзасидан Kun.uz'га атрофлича маълумот тақдим этди.

Маълум бўлишича, Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар сони жами 1815 нафарга етган. Шундан 896 нафари соғайган, 9 нафари вафот этган.

281 киши тиббиёт муассасаларида, 629 бемор уй шароитида даволанмоқда.

Сўнгги 10 кунда 783 кишида касаллик аниқланган.

Жумладан, 18 июль куни 97 кишида COVID-19 аниқланган бўлиб, уларнинг барчаси касалликни мулоқот орқали юқтириб олган. Ҳудудлар кесимида касалланиш ҳолатлари қуйидагича:

  • Қибрай тумани – 27; Бўстонлиқ тумани – 17; Чирчиқ шаҳри – 14; Тошкент тумани – 6; Бекобод шаҳри – 6; Паркент тумани – 4; Чиноз тумани – 4; Зангиота тумани – 3; Ўрта Чирчиқ тумани – 3; Нурафшон шаҳри – 2; Қуйи Чирчиқ тумани – 2; Оққўрғон тумани – 2; Юқори Чирчиқ тумани – 1; Оҳангарон шаҳри – 1; Оҳангарон тумани – 1; Янгийўл тумани – 1; Пискент тумани – 1; Олмалиқ шаҳри – 1; Бекобод тумани – 1.

18 июль куни 1230 киши карантинга олинган бўлиб, шундан 475 нафари стационар шароитда, 755 нафари уй шароитида карантинда бўлиб турибди.

Шу пайтгача Тошкент вилоятида жойлашган 7та объектда 11 346 киши стационар карантинга олинган. Уй шароитида карантинга олинганлар сони жами 7 533 нафарни (1 639 та хонадон)ни ташкил этади.

Ўтган сутка давомида стационарларга 475 нафар фуқаро карантинга олинган бўлса, 1323 нафар фуқаро 14 кунлик карантиндан чиқарилди.

Стационар ва уй шароитидаги карантин тадбирларига жами 889 нафар ички ишлар (595 нафар), миллий гвардия (293 нафар) шахсий таркиби жалб этилган.

  • Кундалик равишда 889 нафар миллий гвардия шахсий таркиби коронавирус тарқалишини олдини олишга қаратилган тадбирларга жалб қилинмоқда. Шундан, 80та ЙПХ, блокпост ва тўсиқ постларга – 220 нафар; тарғибот-ташвиқот тадбирларига – 50 нафар (21 та автотехника); уй шароитидаги карантин тадбирларига – 165 нафар; пиёда патрул хизматига – 211 нафар; авто патрул хизмати ва рейд тадбирларига – 26 нафар; карантин биноларига – 128 нафар; бозор ва савдо мажмуаларига – 52 нафар; дезинфекция ишларига – 6 нафар; сайёр кассаларга – 39 нафар; оромгоҳларга – 5 нафар; шаҳар ва туманлардаги тезкор штабларга – 26 нафар шахсий таркиб хизматга жалб қилинган.

10 июль куни соат 00:01дан бошлаб ҳар қандай транспорт воситаларида Нурафшон шаҳрига вилоятнинг барча ҳудудларидан кириш ва Нурафшон шаҳридан республиканинг барча ҳудудларига, шу жумладан, вилоят туман ва шаҳарларига чиқиш тўхтатилди.

«Вилоятда коронавирус пандемиясининг ҳудуд иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида ҳам алоҳида штаб фаолият олиб бормоқда. Иқтисодий блок ходимлари тадбиркорлик субъектлари билан доимий мулоқот қилиб, уларни қийнаётган масалаларни ўрганиб бормоқда. Вилоятда аксарият кўнгилочар, спорт, маиший хизмат кўрсатиш муассасалари, озиқ-овқат ва буюм бозорлари фаолияти тўхтаб қолгани билан барча ишлаб чиқариш корхоналари, озиқ-овқат билан савдо қилувчи нуқталар, дорихоналар, тиббиёт масканлари фаолиятини давом эттирмоқда. Айнан шу муассасаларда фаолият юритувчи фуқароларнинг бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга кириши ёки чиқиши учун шароитлар яратилган», – дейилади расмий ахборотда.

Қайд этилишича, 18 июль куни ҳокимият, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази, мудофаа ишлари бошқармаси ходимлари ва волонтёрлар – жами 704 киши жалб этилган бўлиб, улар томонидан 835та объектда (586 568 м.кв.) дезинфекция ишлари амалга оширилган.

18 июлда карантин талабларини бузганлик учун Тошкент вилоятида 815 нафар фуқаро (тадбир бошидан – 84 449), карантин даврида Ички ишлар ходимининг қонуний талабларини бажармаганлиги учун 10 нафар фуқаро (тадбир бошидан – 2 215), маъмурий жавобгарликка тортилган.

Авторейдлар давомида ўтган суткада 513та қоидабузарлик аниқланган (тадбир бошидан – 13 866 та).

Сутка давомида фаолият юритаётган 4та божхона постидан жами 156та (тадбир бошидан – 36 515) транспорт воситаси кириб, 181та (тадбир бошидан – 34 701) транспорт воситаси чиқиб кетган. («Яллама» – 60/55, «Навоий» – 45/45, «С.Нажимов» – 46/56, Ойбек» – 5/25).

Божхона постларидан кириб келган траспорт воситалари ҳайдовчиларидан 30 нафарида коронавирус инфекцияси аниқланган, шундан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари – 10 нафар (4 нафар божхона ходимлари), чет эл фуқаролари – 17 нафарни ташкил этиб, улар орасида Тошкент вилоятида яшовчилар 2 нафарни ташкил этади.

«Шунингдек, вилоят ҳокимлиги, вилоят иқтисодиёт, молия, солиқ бошқармалари ходимларидан иборат махсус гуруҳ томонидан ҳозирда коронавирус пандемиясидан азият чеккан тадбиркорлар учун солиқ таътиллари ёки имтиёзлари бериш бўйича аризалар қабул қилинмоқда.

Шунингдек, барча тижорат банклари тадбиркорларимизга ажратилган кредитлар бўйича тўловлар муддатларини узайтириш чораларини кўрмоқда. Бугунги кунга қадар 8 мингга яқин тадбиркор ва 135 минг нафардан ортиқ жисмоний шахснинг 1 трлн 498 миллиард сўмлик кредит муддатлари узайтириб берилди.

Бундан ташқари, штаб аъзолари томонидан экспортчи корхоналарга бюджетдан қўшилган қиймат солиғини қайтариш, вақтинча даромадидан маҳрум бўлган соҳа (айниқса, туризм соҳаси) ходимларини қўшимча бюджет маблағлари ҳисобидан жамоат ишларига жалб қилиш ёки бошқа ёрдамлар бериш каби муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳам тизимли иш олиб борилмоқда.

Аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик субъектларнинг фаолиятини босқичма-босқич юритиш мақсадида, ҳудудларнинг Covid-19 инфекцияси хавфлилигидан келиб чиқиб (карантин талаблари енгиллаштирилиши муносабати билан), 18 июль кунига жами 45таси тадбиркорлик субъектлари (тўхтатилган тадбиркорлик субъектлар – 13 651) иш фаолияти йўлга қўйилди (113 нафар ишчи ходим). Жами иш фаолияти тикланган тадбиркорлик субъектлари 10 113 та (74,1 фоиз) бўлиб, 125 537 нафар ишчи ходимни ташкил этади.

Яна бир муҳим масала, бу бозорларда нарх-наво барқарорлигини сақлашдан иборат. Бу борада тегишли хизмат ходимлари томонидан назорат тадбирлари янада кучайтирилди ва вилоятда нарх-наво барқарорлигини сақлаш учун барча зарур чоралар кўриляпти.

Шунингдек, тиббий ниқоблар, антисептик воситалар ҳам дорихоналаримизда етарли. Уларни ишлаб чиқариш учун барча ресурслар ўзимизда мавжуд, уларни тайёрлаш ва марказлашган ҳолда дорихоналар ва савдо нуқталарига етказиб беришда ҳеч қандай муаммолар бўлмайди.

Бундан ташқари, вилоятдаги 20 мингдан ортиқ фуқароларимиз кам даромадли ва ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги инобатга олинган ҳолда, «Саховат ва кўмак» лойиҳаси ташкил этилган. Карантин даврида ижтимоий аҳволи оғирлашган, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган ҳамда ногиронлиги бўлган аъзога эга оилаларга саховатли тадбиркорлар ва фуқаролар томонидан 2 млрд 957 млн. сўм миқдорида ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди ва бу жараён бундан буён ҳам изчил давом этади», – дея маълум қилмоқда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Мавзуга оид