«Бугун ҳам эр-хотин шифокор ёрдамга келди» – Тошкентдаги коллежда кўнгиллилар ташкил этган call-марказ фаолияти ҳақида
Сўнгги пайтларда аҳоли орасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалиши тиббий ёрдамга бўлган эҳтиёжни бир неча баравар ошириб юборди, деярли барча тиббиёт муассасалари катта босим остида ишламоқда. Шу сабабли ижтимоий тармоқларда ҳамюртларимиз томонидан тизимга, хусусан, «Тез тиббий ёрдам» хизмати фаолиятига эътирозлар кўпаймоқда.
Kun.uz мухбири Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси қошида янги ташкил қилинган call-маркази фаолиятини ўрганди. Маълум бўлишича, бу call-марказ Чилонзор тиббиёт коллежи директори Ҳусниддин Раҳмонов ташаббуси билан ташкил қилинган ва бу ерда фақат кўнгиллилар ишлайди.
Kun.uz мухбири тиббиёт коллежи директорига бу марказ ташкил этилиши фикри қандай пайдо бўлгани ҳақидаги савол билан мурожаат қилди.
«Республикадаги умумий аҳволдан хабардор эдик. «Тез ёрдам»даги кечикишлар ва халқнинг муносабатини кузатиб турганимиз учун биз шифокорлар ҳам уйда ўтира олмасдан коллеж жамоаси билан Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилдик.
Ҳали тўғридан тўғри бориб тиббий ёрдам кўрсатишга ҳуқуқий асосимиз бўлмаса-да, лекин call-марказда ҳозир тиббиёт муассасаларида бевосита ишлаган ва тажриба орттирган малакали мутахассислар йиғилган», дея маълумот берди коллеж директори.
Унинг таъкидлашича, Тошкент шаҳар «Тез ёрдам» станцияси бир кунда 2 минг чақириқни қабул қилиш имконига эга. Лекин бугунги кунда чақириқлар сони 3 баробар ошган. Бу кўрсаткич ошиши «Тез ёрдам» машиналари ва мутахассисларини ҳам етказиб беришни имконсиз қилиб қўймоқда. Call-марказдаги малакали мутахассислар мурожаатларни саралаб, ҳақиқатан ёрдамга муҳтож, тана ҳарорати кўтарилган беморлар ҳақидаги маълумотлари «Тез ёрдам»га йўналтирмоқда.
«Сall-марказнинг мурожаатларни саралаши ҳам катта аҳамиятга эга бўлмоқда. Сабаби «Тез ёрдам»дагилар ўзлари сараласа, вақт йўқотилиши мумкин. Бундан ташқари, бизга қўнғироқ қилиб тиббий маслаҳат сўрайдиганлар ҳам бўлади. Уларга ҳам жавоб бериб боряпмиз. Дориларни қандай қабул қилиш кераклиги ёки бошқа бирор шикояти бор беморлар ҳам касалхоналарга жойлаша оладими ёки йўқлиги ҳақида маълумот бериб борамиз», дейди мутахассис.
Ҳусниддин Раҳмонов сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда Call-марказларда ходимлар мажбурий тарзда ишлаётгани ҳақида маълумотлар тарқалаётгани ҳақидаги саволга муносабат билдириб, бу марказда ишлаётган ходимлар ўз хоҳиши билан фаолият юритаётганини қайд этди.
«Бу ерда ҳеч ким мажбур бўлганидан ишлаётгани йўқ. Буни ходимларнинг хатти-ҳаракатлари ва фаолиятини кузатиб сезиш мумкин. Call-марказдаги шифокорлар ҳозир ўз фуқаролик ва касбий бурчини бажариш учун меҳнат қилишмоқда. Масалан, бугун эрталаб эр-хотин шифокорлар кўнгилли тарзда марказда ишлаш учун келишди. Улар ҳатто ўз шахсий автомобилида жойларга чиқиб беморларга ёрдам кўрсатиш ниятида», дейди у.
Директор маош масаласида ҳам тўхталиб ўтди.
«Биз айни пайтда меҳнат таътилидамиз. Бизда ҳозир моддий масала биринчи ўринда эмас. Асосий мақсадимиз халққа имкон қадар ёрдам кўрсатишдан иборат. Уларнинг соғлигидан ҳам ортиқ моддий рағбат бўлиши мумкин ҳам эмас», дея таъкидлади у.
«Бўлаётган қўнғироқларнинг асосий қисми коронавирус билан боғлиқ...»
Call-марказдга кўнгилли сифатида келганлардан бири, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўқитувчиси ҳозирда марказга бўлаётган қўнғироқларнинг асосий қисми коронавирус аломатларидан шикоят қилаётган беморлар ҳиссасига тўғри келаётгани, қўнғироқлар ва чақириқларнинг жуда кўплиги туфайли вақтида улгуриш жуда қийин бўлаётгани, беморлар орасида ҳам жаҳл қиладиганлари учраб туриши ҳақида гапирди.
Тошкент педиатрия тиббиёт институти талабаси ҳам марказда кўнгилли сифатида ишламоқда. У мурожаат қилганлар қандай сараланиши ҳақида айтиб берди.
«Бизга ҳозир қўнғироқ қилган беморлардан бири хусусий клиникага бориб текширувдан ўтган ва унга пневмония ташхиси қўйилган.
Ҳамма шифохоналар ҳам беморни қабул қила олмайди. Сабаби беморда коронавирус тасдиқланмагани ҳақида қоғоз йўқ.
Коронавирус беморлари даволанаётган шифохоналар ҳам қабул қила олмайди. Чунки бу беморда коронавирус тасдиқлангани тўғрисида тест жавоби йўқ.
Бу вазиятда бемор ўзи бириктирилган поликлиникага мурожаат қилиши ва ўша ерда унга йўлланма берилиши керак. Лекин поликлиникаларнинг ярмидан кўпи карантин туфайли ёпиқ.
Бундай беморга «Тез ёрдам» юборилмаганининг сабаби бу чақириқдан кейин ҳам шифокорлар кун бўйи яна камида 29та чақириқ асосида бориши керак. Улар турли шикоятлар билан мурожаат қилаётган беморлар бўлиши мумкин. Агар шифокор эрталабдан пневмония билан оғриган беморни кўришга борса, «Тез ёрдам»нинг ўзи касаллик тарқатувчи бўлиб қолиши мумкин», дея вазиятни тушунтирди у.
Жамшидхон Зиёхонов
Мавзуга оид
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
20:44 / 06.11.2024