Жамият | 12:39 / 19.07.2020
108433
3 дақиқада ўқилади

Шукрулло Юсупов оламдан ўтди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон халқ шоири ва таниқли ёзувчи Шукрулло бугун, 19 июль куни оламдан ўтди. Бу ҳақда журналист Карим Баҳриев ўзининг фейсбукдаги саҳифасида маълум қилди.

Ўлим ҳақлигини биламан мен ҳам
Дунёда икки бор ўлмайди ҳеч ким!
Ўлим ҳақ эканми, ўн бор ўлсам кам,
Сенинг эркинг учун севикли халқим.

Шукрулло Юсупов 1921 йилда Тошкентнинг Олмазор маҳалласида зиёли оилада дунёга келган. Педагогика билим юрти ва Низомий номидаги Тошкент педагогика институтида таҳсил олган. 

1951 йилда Ўзбекистон давлат нашриётида ишлаб юрган пайт миллатчилик ва советларга қарши тарғиботда айбланиб, ҳибсга олинади ва 25 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилади. Жазони Сибирдаги лагерларда ўтаган Шукрулло шўролар доҳийсининг ўлимидан сўнг озод этилган ва оқланган. 

Унинг дастлабки шеърий тўплами «Биринчи дафтар» ва «Қалб қўшиқлари» 1949 йилда нашр этилган.

Шундан кейин унинг «Қалб қўшиқлари» (1949), «Ҳаёт илҳомлари» (1959), «Умрим борича» (1960), «Инсон ва яхшилик» (1961), «Инсон – инсон учун» (1964), «Зарралар» (1973), «Суянчиқ» (1977), «Яшагим келади» (1978), «Сенинг бахтинг» (1988), «Тўкилган дардларим» (2001) каби шеърий тўпламлари эълон қилинган. 

Ўнлаб шеърий ва насрий китоблар, жумладан, Сибирдаги меҳнат лагерида бошидан кечирганлари ҳақида ҳикоя қилувчи «Кафансиз кўмилганлар» ҳамда «Тирик руҳлар» роман-хроникаси муаллифи. 

У Карло Готссининг «Бахтиёр гадолар» песаси, Петёфи, Т.Шевченко, Қ.Қулиев ва бошқа шоирларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. Шоирнинг асарлари эса рус, араб, турк, озарбайжон, қорақалпоқ, қозоқ, қирғииз тилларида нашр этилган.

Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти, «Дўстлик» (1994) ва «Эл-юрт ҳурмати» (1999) орденлари билан мукофотланган. 

Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло 2017 йилда «Турк дунёси адабиётида йил кишиси» унвони билан тақдирланган.

Унинг шунингдек, «Россия», «Икки қоя» каби халқлар дўстлигига бағишланган достонлари, «Хатарли йўл» асарлари адабиёт ихлосмандлари орасида севиб ўқилади.

2018 йилда Шукрулло домла шоир ва ёзувчилари орасида илк бор «Нуроний» жамғармасининг I даражали (олтин) «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланганди.

Kun.uz марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдиради.

Мавзуга оид