Турдимов: «Биз жангдамиз, олдинги қаторда шифокорлар. Илтимос, уларни асрайлик»
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов вилоят аҳолисига навбатдаги мурожаати давомида ижтимоий тармоқларда долзарб бўлиб турган саволларга жавоб берди.
Турдимовнинг маълум қилишича, пандемия бошлагандан буён вилоятда қарийб 110 минг нафардан ошиқ фуқаролардан тест синовлари олинган. Ҳозирда ҳар куни 1800-2000та тест таҳлиллари ўтказилмоқда.
Айни пайтда Самарқанд вилоятида 15 мингдан ошиқ тест захиралари мавжуд. Агар тест тақчиллиги юзага келса, марказлашган тартибда етказиб бериш имконияти борлиги айтилди.
«Ижтимоий тармоқлардан кўпчилик иммунофермент анализлари олинадими (қонда вирус борлигини аниқлаш учун), деб сўрашяпти. Бу амалиёт бугунги кунда хусусий секторда йўлга қўйилди. «Паризода медикал сервис» хусусий клиникасида пуллик тартибда тест синовлари олина бошланди. Битта тест синови 240 минг сўм. 20 июлдан яна бир хусусий шифохонада диагностика ишлари бошланади.
Шу ўринда хусусий тиббиёт муассасалари раҳбарларига мурожаат қилмоқчиман, хусусий клиника раҳбарларидан яна кимдир мазкур таҳлилларни олмоқчи бўлса, имконияти бўлса, бизга мурожаат қилиш мумкин.
Шу ўринда айтиб ўтишим керак, бугунги кунда тест синовларига талаб ошиб кетди. Кўпчилик бу тест таҳлилини олишни хоҳлайди. Аммо биз касаллик белгилари бўлмаган фуқаролардан ҳозирча тест ололмаймиз.
Агар ҳеч қандай касаллик аломатлари кузатилмаган, беморлар билан мулоқотда бўлмаган фуқаролар ўзларининг хотиржамлиги учун тест топширмоқчи бўлса, марҳамат, хусусий тиббий муассасаларга мурожаат қилиб, шартнома асосида тестдан ўтишлари мумкин», – дейди Турдимов.
Вилоят ҳокимига кўра, кўпгина корхона раҳбарлари ҳам СЭО марказларига қўнғироқ қилиб бутун жамоасини тестдан ўтказишни талаб қилмоқда. Аммо улар ҳам пулини тўлаб, корхонаси жамоасини тестдан ўтказиши лозим.
Вилоят ҳокимлиги биринчи навбатда касаллик аломатлари бўлган, беморлар билан мулоқот қилган фуқаролардан таҳлил олишни таъминлайди.
Вилоят раҳбари бу ҳолатга ҳам тўхталган: «Афсуски, барчани бирдек тестдан ўтказишга имкониятимиз етарли эмас. Аслида тегишли ускуна 6 соатда тест натижасини чиқаради. Аммо ҳозирда бу бир кун, ҳаттоки икки кунгача чўзилиб кетяпти. Сабаби мана шу – талаб юқорилиги, навбат катталиги учун шундай бўляпти.
Лекин бир нарсани яна бир марта алоҳида айтишим керак: касаллик аломатлари бўлган, беморлар билан мулоқотда бўлган шахслардан биринчи навбатда, зудлик билан таҳлил олишимиз шарт».
«Дори захирамиз етарли»
Турдимовга кўра, маҳаллий бюджет ҳисобидан 3,2 миллиард сўмга Covid-19 билан касалланганларни даволашда ишлатиладиган дори воситалари харид қилинган. Бу турдаги беморларни даволаш учун 65 турдаги икки ойлик дори захиралари бор.
«Дори сотиб олиш бўйича бюджет яна пул ажратиш кўзда тутилган ва бу бўйича ҳеч қандай муаммо бўлиши мумкин эмас. Уч ойлик дори захирамиз 100 фоиз бўлади. Яна вазиятга қараб чора кўрамиз. Шуни айтишим керакки, ҳар қандай ҳолатда ҳам биз энг оғир вазиятни ҳисобга олиб, шунга тайёр турамиз. Фуқароларимиздан ҳам ўтиниб сўрайман: шу нарсаларни ҳисобга олиб ўзимизни асрашимиз керак.
Агар сизда шу касаллик аниқланган бўлса, уйда даволанасизми, шифохонадами, дори давлат томонидан бепул етказиб берилади. Агар кимдир пуллик тарзда олишга ундаган бўлса, бундай шахслар орамизда бўлиши мумкин эмас. Яна айтаман, етарли миқдорда дориларимиз бор».
«Covid-19 йўқ, аммо пневмония бор»
Эркинжон Турдимовнинг сўзларига кўра, фуқароларда коронавирус аниқланмаса ҳам пневмония кузатилиши ҳолатлари ҳам учрамоқда.
«Бунинг сабабини ўргандик, коронавирусга чалиниб, юриб ўтказиб юборган, касалликдан қутулган, аммо пневмония асоратларини келтириб чиқарган. Шунинг учун, текширганда коронавирус чиқмайди, аммо пневмония кузатилади. Шу сабабдан ҳар қандай йўтали бор одамни рентгендан ўтказишимиз керак. Фуқароларга ҳам айтадиганим – бу каби ҳолатларни ҳам озроқ сездингизми, албатта врачга мурожаат қилинг.
Ҳозирда вилоятда 34та портатив рентген аппарати мавжуд. Жанубий Кореядан ҳар бирининг нархи 538 миллион сўм бўлган яна 2та рентген аппарати сотиб олдик, яна иккита аппаратга буюртма бердик».
103га тушиб бўлмаётгани ҳақида
«Ижтимоий тармоқларда 103 рақамига тушиб бўлмаслик, тез ёрдам хизматининг вақтида етиб бормаслиги каби эътирозлар пайдо бўла бошлади. Бу бор нарса. Куни кеча мен ўзим 103 хизмати хонасига бориб ўтирдим. Аҳвол мутлақо қониқтирмади. Шу пайтгача 3-5та диспетчер бўлса, зудлик билан 24та ходим фаолиятини йўлга қўйдик, 24та телефон билан. Қўшимча жиҳозлар келтирдик, энди абонентларнинг қўнғироқлари компьютерлар хотирасида сақланади.
Шунингдек, маслаҳат марказлари ҳам ташкил этдик. 1105 рақами орқали малакали мутахассислар фуқароларга маслаҳат бериб боради», – дейди вилоят ҳокими.
Эркинжон Турдимов энг ёмон ҳолатга ҳам тайёр туриш кераклиги ва шифокорларни асраш лозимлиги ҳақида гапирди.
«Ҳурматли фуқаролар, ваҳимага тушманг. Ўзингизда коронавируснинг кичик белгиларини сезсангиз, тезда 1105 рақамига қўнғироқ қилинг, сизга тўғри тавсиялар, керак бўлса, психолог ёрдами ҳам кўрсатилади.
Биз энг ёмон ҳолатга тайёрланяпмиз ва шу сабаб 8 мингта койка тайёрладик. Резерв касалхоналар сифатида вилоят кардиология диспансери, Самарқанд тиббиёт институти 2-клиникаси, Самарқанд шаҳар 1-туғруқ мажмуаси ва вилоят ногиронлар реабилитация марказида 1590та койка, туманлардаги инфекцион касалликлар шифохоналарида 470та ўрин тайёрлаб қўйилди. Шунингдек, оғир беморлар учун 100та реанимацион ўрин тайёрланган.
Вилоятда айни дамда 280та тез ёрдам машиналари мавжуд. Карантин бошлангандан буён маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 40та «Дамас» ва 10та УАЗ тез тиббий ёрдам машиналарини сотиб олдик. Улардан ташқари, куни кеча 29та «Дамас» русумли тез ёрдам машиналари сотиб олинди, душанба куни яна 10та шундай машиналар учун маблағ ўтказиб берилади ва шу ҳафтанинг ўзида олиб келинади.
Қишлоқ врачлик пунктларига ва оилавий поликлиникаларга «Uzmobile» компанияси томонидан 800та телефон тарқатилди. Шифокорлар бу телефонлар орқали беморлар ҳолатидан доимий бохабар бўлиб туришади. Ҳамма уйимга вирусолог врач келсин дейди, аммо Covid-19 юқтириб олган беморлар олдига врачлар борса, биз шифокорларни йўқотиб қўямиз. Шунинг учун, улар телефонда тавсия бергани маъқулроқ.
Врачлар бизнинг олтин фондимизга айланиши керак, уларни асрашимиз керак. Врачлар кийган кийимни кийиб бир соат уйингизда юриб кўринг-чи. Улар мана шундай ҳолатда 14 кунлаб касаллар орасида юришади. Уларни ёмонлаш осон, лекин бугун шифокорларни асрашимиз керак.
Баъзи ёмонлари бўлиши мумкин, лекин 99 фоиз врачлар ўз ишини сидқидилдан бажаряпти. Мен улар билан кўришяпман, кўряпман қандай ишлашаётганини. Уларга катта раҳмат деб қоламан.
Бугун бизнинг ҳаётимиз коронавирусга қарши жангга айланди ва бу жангнинг олдинги қаторида шифокорлар турибди. Майли уларни моддий қўллаб-қувватламасак ҳам, ҳеч бўлмаса маънавий қўллайлик. Илтимос, уларни асрайлик.
Хуллас, врачлар уйларга бормайди. Махсус гуруҳ вирус аломати бўлганларни қабул штабга олиб келади. У ерда ҳамма шароит қилинган.
Даволанаётган беморлар билан овқатлар масаласида гаплашдик. Тўғриси, бирор бемор овқатдан нолимади. Ҳаммаси овқатлар мазали эканини, қўшимча сўрашса ҳам беришаётанини айтди», – деди Самарқанд вилояти раҳбари.
Турдимов шу кунларда интернетда ўзига йиғлаб мурожаат қилиб чиққан она ва унинг фарзанди ҳақида ҳам гапирди.
«Бу йигитнинг исми Аслан. 13 июль куни унинг онасидан менинг телеграм месенжеримга мурожаат келиб тушди ва ўша куннинг ўзида врачлар бориб Асланни текширишди. Унинг аҳволи жуда оғир эди ва тезда инфекцион касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига жойлаштирилди. Кейинчалик Аслан билан телефонда гаплашганимда аҳволи яхши эканини айтди. Мен унга онаси у учун қандай ҳаракат қилганини айтдим ва онасини асрашини сўрадим.
Ҳозир йигитнинг аҳволи яхши. Сўраганимда, у бошида ўзидаги аломатларни оддий шамоллаш деб ўйлаб уйида даволанганини айтди. Кейин, чиндан 103 хизматига ишонмай қолишган», – деган Турдимов.
Вилоят ҳокими, шунингдек, одамларнинг уйда меҳмондорчилик қилаётганини кескин қоралади. Агар шундай ҳолатларга дуч келишса, одамлардан тегишли идораларга мурожаат қилиш сўралди.
Мавзуга оид
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
15:06 / 01.11.2024
Самарқанд вилоятида иситиш мавсуми 1 ноябрдан бошланди
10:59 / 25.10.2024
Самарқанд вилояти аҳолиси 4,3 млн кишига яқинлашди
15:49 / 02.10.2024