Ўзбекистон | 13:40 / 19.07.2020
21749
4 дақиқада ўқилади

«800га яқин нафақадаги шифокорни ишга жалб этдик» – Фарҳод Эрманов Хоразм вилоятидаги вазият ҳақида ахборот берди

Вилоят ҳокимига кўра, Хоразм шифохоналари 1180 беморга хизмат кўрсатишга қодир. Ҳозир ўринлар сонини 3 мингтага етказиш чоралари кўрилмоқда.

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов аҳолига мурожаат қилиб, коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича бажарилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

«Бутун дунёга тарқалган коронавирус пандемияси юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Хоразм вилоятида ҳам сўнгги вақтларда эпидемиологик вазиятнинг оғирлашиши, касаллар сонининг ошиши бизни ташвишга солмоқда», - деб сўз бошлади вилоят раҳбари.

Беморлар сони ҳақида

«Бугунги кунда вилоятда 1053 нафар инсон коронавирус юқтириб олганликда гумонланиб, карантинга олинган. Шундан 277 нафари шифохонага ётқизилган, 18 фуқарода коронавирус аниқланган. Албатта бу жараён ҳаммани ташвишга солмоқда».

Call-марказ ҳақида

«Ҳозирги вақтда Урганч давлат университетида call-марказ ташкил қилинди, унга 22та ташкилотдан мутахассис бириктирилди, 10та телефон рақами суткасига 24 соат давомида ишламоқда».

Тез тиббий ёрдам машиналари ва мобил гуруҳлар ҳақида

«Фуқароларнинг мурожаатлари кундан кунга кўпайиши аниқ. Вилоятда 145та тез тиббий ёрдам машинаси бор эди. 20 июлдан яна 20та янги машина олинади ва ишга туширилади.

Шунингдек, касаллик аломатларисиз уйида даволанаётган беморларга ёрдам кўрсатиш учун вилоят миқёсида 52та мобил гуруҳ ташкил қилинди».

Коронавирусга тест топшириш ҳақида

«Вилоят фуқаролари барча туманлардаги Санитария-эпидемиологик осойишталик марказларида (СЭОМ) коронавирусга тест топшириши мумкин. Шунингдек, ОИТСга қарши кураш маркази, Суд тиббий экспертизаси, Нано-диагностика хусусий муассасаларида ҳам тест топшириш имкониятлари бор».

Шифохоналардаги ўринлар сони ҳақида

«Ҳозирги кунда вилоят Юқумли касалликлар шифохонаси, Эндокринология диспансери, Ногиронларни реабилитация қилиш маркази, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиалидаги госпиталда коронавирусга гумонланган ва юқтириб олган беморлар даволанмоқда. Шунингдек, туманлардаги шифохоналарнинг юқумли касалликлар бўлимида ҳам беморларни даволаш имконияти бор.

Бугунги кунда вилоятимиз миқёсида 1180 беморни қабул қилиш имконияти бор. Ҳозир ўринлар сонини 3000тага етказиш бўйича чоралар кўрилмоқда».

Шифокорлар ва ҳамширалар сони ҳақида

«Вилоят миқёсида 4,5 мингга яқин шифокор ва 20 мингга яқин ҳамшира беморларга хизмат кўрсатяпти. Шунингдек, нафақага чиқиб кетган 800га яқин шифокорни яна ишга жалб қилдик».

Дори-дармонлар ҳақида

«Бозорларда дори-дармонлар нархининг асоссиз тарзда ошиб кетмаслигини таъминлаш мақсадида Коронавирусга қарши кураш штаби қошида ишчи гуруҳ ташкил қилинди. Шунингдек, департамент ходимлари билан махсус рейдлар ўтказиляпти.

Дори-дармонларнинг камида 5 минг одамга мўлжалланган 3 ойлик захирасини яратиш бўйича ишлар қилинмоқда. Бугунги кунда 49 турдаги дори-дармонларнинг 1 ойга етадиган захираси мавжуд. Беморларга тавсия қилинган дориларнинг барча захиралари бор ва улар бепул етказиб берилади».

Озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақида

«Кам таъминланган ва камбағаллар оилаларга озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш билан шуғулланувчи марказнинг 1197 қисқа рақами ишлаб турибди. Марказлар барча туманларда ташкил қилинган. Дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш йўлга қўйилган».

Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари ҳақида

«Вилоятда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари «Ёшлик» спорт-мажмуаси биносида ўтказилади. 4та дезинфекцияси йўлакчалари ташкил қилинади ва бинога кириш-чиқиш жойлари санитария-эпидемиология ходимлари томонидан назоратга олинади».

Вилоят ҳокими сўзининг охирида аҳолини зарур бўлмаган ҳолларда уйдан чиқмасликка, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишга, шахсий ҳимоя воситаларини қўллашга чақирди.

Мавзуга оид