Ўзбекистон | 00:32 / 20.07.2020
54605
3 дақиқада ўқилади

«Ғофур Ғулом» боғи устав фонди 700 доллар бўлган Сингапур компаниясига ярим асрга ижарага берилган. «Инвестор» – Ўзбекистон фуқароси

Фото: Ғафур Ғулом боғи

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги «Ғафур Ғулом» номли маданият ва истироҳат боғи ўрнида янги турар-жой мажмуалари барпо этилиши ҳақида хабарлар тарқалган эди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бунга муносабат билдириб, боғи ўрнида турар-жой мажмуаси қурилмаслигини маълум қилганди.

Шу баҳона жамоатчилик боғ кимга, қайси асосга кўра берилганини ҳам билиб олди. Шаҳар ҳокимлигининг муносабатида айтилишича, умумий ер майдони 13,99 гектар бўлган «Ғафур Ғулом» номидаги маданият ва истироҳат боғи Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 августдаги 670-Ф-сонли фармойишига мувофиқ, Сингапурнинг «BMP Smart Decision Private Limited» компаниясига замонавий кўнгилочар маскан барпо этиш учун ижара ҳуқуқи асосида 49 йил муддатга ажратиб берилган.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Сингапурнинг «BMP Smart Decision Private Limited» компанияси таъсисчиларига оид маълумот тарқалди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Маълум бўлишича, ушбу компания Сингапур давлатида рўйхатдан ўтказилган бўлиб, унинг таъсисчиси – Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Тошкент шаҳри Яккасарой туманида яшовчи Ҳалимов Шерзоддир.

Компаниянинг устав фонди миқдори 1000 сингапур доллари (тахминан 720 АҚШ доллари)ни ташкил қилади. Компания 2019 йил 13 февралда таъсис этилган.

Хорижий инвестор дея айтилаётган компаниянинг эгаси асли Ўзбекистон фуқароси экани ва компания устав жамғармаси ўн миллион сўмга ҳам етмаслиги бу компаниянинг жами 10 млн доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция киритишига шубҳа туғдирмоқда ва жамоатчиликнинг эътироз ва танқидларига учрамоқда.

Бундан бир йил аввал, айнан ўша хорижий компания вакили сифатида ўзини таништирган Шерзод Ҳалимов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг аҳоли билан учрашуви бошқача якун топганди. Яъни шаҳар ҳокими истироҳат боғини ҳокимият маблағлари эвазига таъмирлатиб, янги қиёфани биргаликда яратиш таклифини киритган. Шунингдек, «халқники бўлган боғ халқда қолиши» таъкидланганди.

Орадан бир оз вақт ўтиб, айтилган сўзлар унутилди ва очиқ манбаларга жойлаштирилмаган ҳукумат фармойиши асосида боғ шубҳали компанияга тақдим этилмоқда. Сингапурда янги ташкил этилган компания қайси мезонлар асосида танлаб олингани номаълум.

Бунга қадар, Чехиянинг «IMP NEW PAY» компанияси Тошкент шаҳри марказидаги Матбуотчилар кўчасидаги 0,23 гектар майдонда қурилиш бошлагани билдирилган эди. Устав капитали 39 долларни ташкил этган чех компанияси таъсисчиси ҳам Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади.

Мавзуга оид