Ўзбекистон | 12:32 / 21.07.2020
83184
2 дақиқада ўқилади

Алишер Қодиров: «Хориждан ватандошларимизни олиб келишни тўхтатиш керак»

«Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров чет элдан ўзбекистонликларни ватанга қайтаришни вақтинча тўхтатиб, уларни турган мамлакатларида даволанишларини молиялаштириш таклифини билдирди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги саҳифасида фикр билдирган.

Вирусларни аниқлаш ва улар билан курашишда Исроил давлатидаги тажриба ўргангулик. Улар 2020 йилнинг 1 сентябригача барча кирувчилар учун чегараларини ёпди. Нимага? Чунки ичкарига кирган ҳар бир инсон вируснинг янги, бораётган жойидаги муҳитга мослашмаган типини олиб кириши мумкин. Бу янги тўлқин дегани.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам «Вабо тарқалган жойга бормангиз, агар турган жойингизда вабо бўлса, у ердан кетмангиз», деб бекорга айтмаганлар.

Хориждан ватандошларимизни олиб келишни тўхтатиш, уларни турган мамлакатларида даволанишларини молиялаштириш ҳақида ўйлашимиз керак. Бу биринчи навбатда ўша ватандошимизнинг қариндошларига, қолаверса бутун Ўзбекистонга яхшилик бўлади», дея фикр билдирди сиёсатчи.

Бош давлат санитар врачи Нурмат Отабековнинг айтишича, хориждан олиб келинаётган ўзбекистонликлар карантинни меҳмонхоналарда ўтказишлари мумкин, фақат уларни қабул қиладиган меҳмонхоналар карантин талабларига риоя қилиш имкониятига эга бўлиши керак.

«Республика махсус комиссияси Ўзбекистон шаҳар ва туманлари кесимида чартер рейсларида олиб келинадиган фуқаролар карантинни ўтказишлари учун меҳмонхоналар рўйхати шакллантирилган ва 10 кун учун нархлари белгиланган. Бу маълумотларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг расмий сайти ҳамда Telegram'даги Koronavirus Info каналидан топиш мумкин.

Чартер рейслар орқали республикага кириб келаётган шахслар учун бу меҳмонхоналар рўйхати тақдим этилади. Хориждан олиб келинган фуқароларнинг хоҳишлари асосида истовчилар ушбу меҳмонхоналарга жойлаштирилади», деган у.

Маълумот учун, 13 июлдан эътиборан юзага келган вазият сабабли маҳаллий йўналишдаги поезд ва авиақатновлар қайта тўхтатилган.

Мавзуга оид