Жамият | 19:15 / 21.07.2020
36110
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда сув йўқлигидан Нукус-Тошкент магистрал йўлини тўсиб қўйган аҳолига сув берилди

21 июл куни «Қорақалпоқ24» телеграм канали Қорақалпоғистоннинг Беруний тумани фуқаролари Нукус-Тошкент автойўлини тўсиб қўйгани ҳақида хабар берган эди. Бунинг сабаби сифатида маҳаллий аҳоли томорқасини суғориш учун ариқ ва каналларда сув танқислиги кузатилаётгани боис томорқалардаги экинлар сувсизликдан қуриб қола бошлагани айтилганди. 

Видеолавҳада аксарият аёллар бўлган инсонлар «Найман» кўприги яқинида йўлнинг бевосита қатнов қисмида тўпланиб олгани сабабли юк ва енгил автомобилларнинг узун тирбандлиги вужудга келганини кўриш мумкин. 

Makan.uz сайтининг ёзишича, айни вақтга келиб, мазкур муаммо бартараф этилган ва аҳоли томорқаларига сув бериш мақсадида сув насослари ишга туширилган.

Унда ёзилишича, йўлни тўсиб қўйиш ҳолати Беруний тумани Абай овул фуқаролар йиғини, Қуралпа аҳоли пунктида рўй берган. Ойдинлик киритилишича, 10 кун мобайнида «Найман» каналига сув келмаган. «Туман ҳокими зудлик билан воқеа жойига етиб борди ва муаммо бартараф этилди», - дейилади хабарда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари аҳолини уйларига тарқатган. 

Таъкидланишича, туман маҳаллалари сони 13та бўлиб, уларнинг барчасига бир вақтнинг ўзида сув етказиб бериш муаммодир. Шунга кўра, навбатма-навбат суғориш йўлга қўйилган. 

Шу билан бирга, ҳаво ҳароратининг ҳаддан ортиқ иссиқ бўлиши ҳам ўсимликларга жиддий зарар келтирмоқда, дейилади хабарда. 

Мавзуга оид