Ўзбекистон | 12:36 / 22.07.2020
54525
2 дақиқада ўқилади

Имтиҳон санаси аниқ бўлса, абитуриент рухсатномани 10 кун олдин олиши режалаштирилган – ДТМ

Бугун, 22 июль куни АОКАда қабул масалаларига бағишланган брифингда Давлат тест маркази томонидан абитуриентларнинг қачон рухсатнома олиши мумкинлиги ҳақида маълумот берилди.

«Жорий йилда 1,5 миллионга яқин абитуриент ҳужжат топширгани ва уларнинг сони кескин ошгани ҳисобга олиниб, тест имтиҳонлари неча сменада ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Прогнозларга кўра, агар кириш имтиҳонлари 2 сменада ўтказилса, 50 кунга яқин, 3 сменада ўтказилса, 30 кунга яқин муддатда имтиҳон ўтказилиши мумкин. Ҳозир ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Абитуриентларда имтиҳон неча сменада ўтказилиши муаммо бўлмайди. Уларнинг рухсатномаларида сменаси ва соати кўрсатилган бўлади», дея маълумот берди Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Диёрбек Қўчқоров.

Бундан ташқари, бошқарма бошлиғи Барно Ражабов абитуриентларнинг ДТМ рухсатномасини олиш муддати ўзгариши мумкинлиги ҳақида ҳам айтиб ўтди.

«Агар имтиҳонлар 1 августдан бошланса, абитуриентларга рухсатномалар 29 июлдан бошлаб берилиши керак эди. Лекин имтиҳон санаси аниқ бўлмагани учун рухсатномаларни бериш муддати ҳам аниқ эмас. Лекин тест синовлари бошланишидан камида 10 кун олдин рухсатномалар берилиши бошланиши режалаштирилган.

Абитуриент ўз рухсатномасини ДТМ сайти орқали бемалол олиши мумкин. Яна қўшимча тарзда айтишим мумкинки, тест муддати кечикса ҳам, абитуриентларга тайёргарлик кўриши учун қўшимча муддат бўлади», деди ДТМ бошқарма бошлиғи.

Бундан аввалроқ кириш имтиҳонлари қачон бўлиши маълум эмас, имтиҳонлар фақат карантин чоралари бекор қилинганидан кейин, сентябрда ўтказилиши ҳам мумкинлиги хабар қилинганди.

Мавзуга оид