Ўзбекистон | 12:51 / 22.07.2020
10807
2 дақиқада ўқилади

Жорий йил ҳужжат топширган имтиёзли абитуриентлар ҳақида маълумот берилди

Бугун, 22 июль куни АОКАда ўтказилган абитуриентларни рўйхатга олишнинг якуний таҳлилларига бағишланган матбуот анжуманида қанча имтиёзли абитуриент ҳужжат топширгани ҳақида маълумот берилди.

Давлат тест маркази берган маълумотга кўра, 9 нафар Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари, 6 нафар «Тарбиячи» республика танлови ғолиблари, 3 нафар «Ниҳол» мукофоти совриндорлари, 2493 нафар халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар ва мусобақалар ғолиблари ҳужжат топширган.  

Жорий йилги имтиёзлилар орасида тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар 365 нафарни, Ёшлар иттифоқи тавсияномасига эга бўлганлар 14 нафарни, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари (5 фоизлик) 3133 нафарни, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари (отаси (онаси) ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган) 130 нафарни, ички ишлар органлари ходимлари фарзандлари (3 фоизлик) 2 256 нафарни, ички ишлар органлар ходимлари фарзандлари (отаси (онаси) ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган) 49 нафарни, Темурбеклар мактаблари битирувчилари 1029 нафарни ташкил этади.

Шунингдек, Сўх тумани ёшлари учун имтиёзга 2973 нафар талабгор ҳужжат топширган. Хотин-қизлар учун 4 фоизлик грантга эса ҳозиргача 17970 нафар тавсиянома эгаларининг ҳужжатлари базага киритилган, лекин бу борада ишлар якунланмаган.

Бундан ташқари, 20 июндан 20 июлга қадар абитуриентлар томонидан 8660та ҳужжат чет тили сертификати сифатида дастурга киритилган. Қайд этилишича, буларнинг барчаси Давлат тест маркази томонидан текшириб чиқилган ва 8079та сертификат ўз тасдиғини топган, 581та сертификат эса талабга жавоб бермаслиги аниқланган.

Мавзуга оид