Жамият | 17:04 / 22.07.2020
10035
5 дақиқада ўқилади

Колл-марказдан аҳоли эшигигача — хайрияларни етказувчи кўнгиллилар қандай ишламоқда?

Ўзбекистонда 10 июлдан қатъий карантин қайтарилгач, хайрия маҳсулотларини мувофиқлаштириш марказлари фаолияти ҳам тикланди. 14 июлдан эса Тошкентда 1197 қисқа рақамли маълумотлар маркази яна фаолият бошлади.

21 июль куни Kun.uz мухбири ва оператори 1197 қисқа рақамига қўнғироқ бўлишидан бошлаб хайрия маҳсулотлари ўз эгасига етиб боргунгача бўлган жараёнларни ўрганиб, қисқа лавҳа тайёрлади.

Маълумотлар марказида ёрдамга муҳтож фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилинади ва улар ўрганилиб, Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига узатилади.

«Кунлик иш фаолиятимиз соат 9:00дан кеч соат 18:00 орасида ўтади. Шу вақтда 50 нафар атрофидаги кўнгилли ёшларимиз телефон қўнғироқларга жавоб бермоқда.

Волонтёр ёшларимиз асосан тиббиёт йўналишида ўқишади ва улар зарур бўлганда одамларга тиббий маълумотлар ҳам бера олишади.

Бизга ҳар куни Тошкент шаҳридан деярли 50 минг атрофида фуқаролар мурожаат қилишмоқда», – дейди маълумотлар маркази кординатори Феруз Саидазимов.

Унинг қўшимча қилишича, мана шу қўнғироқ эгаларидан кунлик 4–4.5 минг атрофида озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа тур маҳсулотларга буюртма олинади.

Қўнғироқ қабул қилинди, озиқ-овқат маҳсулотига буюртма олинди. Кейинги босқични Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказида кузатамиз.

Бу ерда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги тизимидаги ходимлар меҳнат қилишмоқда.

Улар орқали озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа тур маҳсулотлар волонтёрлик гуруҳлари ёрдамида оилаларга етказилади.

«Фуқаролар мурожаатларини қабул қилган волонтёрлар уни электрон базамизга юборишади. Биз шу мурожаатлар бўйича кунига 1.5–2 минг атрофидаги хайрия маҳсулотларини тайёр ҳолда волонтёрлар орқали фуқароларга етказамиз», – дея маълумот берди марказ фаоли Зиёдулла Сайдуллаев.

Биз ҳам волонтёрлар ва Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ходимларига қўшилган ҳолда маҳсулотларни тарқатиш учун йўлга чиқдик.

Дастлабки борган манзилимиз – Шайхонтоҳур тумани «Обиназар» маҳалласидаги Дилнавоз Юсупова хонадони бўлди. 60-65 ёшлардаги бу онахон 2 кун аввал 1197 рақамига қўнғироқ қилиб ёрдам сўраган экан.

«Кўраётганингиздек, шароитимиз унчалик яхши эмас, шунга ёрдам сўрагандим. Мана, 2 кун ҳам бўлмай ёрдамлар етиб келди. Барчангиздан миннатдорман», – дея қўлини дуога очди онахон.

Маълумот учун, Дилнавоз аянинг қўлига етиб келган бу бозор халтасида 2кг картошка, 2 кг сабзи ва шунча миқдордаги пиёз, ун, шакар, гуруч ва 1 литр ўсимлик мойи ҳамда 400 грамм қуруқ чой маҳсулотлари бор экан.

Шу ўринда хайрия маҳсулотларини аҳолига етказиб берувчи волонтёр ёшларнинг меҳнатини ҳам эътироф этиш керак. Айнан улар ўта мураккаб шароитда ва кўпчилик ҳовлисидан ташқарига чиқишга ҳам қўрқиб турган бир пайтда юзлаб хонадонларга кириб бормоқда.

«Волонтёрларимиз хонадонларга борганда иложи борича масофа сақлаб, фуқаролар билан кўришмаган ҳолда маҳсулотни топшириб қайтиши керак. Шу жараёндан кейин уларга қўлини албатта дезинфекция маҳсулотлари билан тозалаш мажбурияти тушунтирилган», – дейди Зиёдулла Сайдуллаев.

Навбатдаги манзилимиз шу туманнинг «Маннон Уйғур» маҳалласидаги Дилбар Абидованинг хонадони.

«Шанба куни телефон қилгандим, (биз Дилбар опанинг хонадонида 21 июль, сешанба куни бўлдик – И.С.) Раҳмат, бир уринишда боғлана олдим. Ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман. Инсульт бўлгандим. Барчангизга катта раҳмат», – дея самимий миннатдорчилик билдирди Дилбар опа.

Ҳайрия ва хомийлик маҳсулотларини тарқатиш жараёнини шу тарзда яна бир нечта хонадонга меҳмон бўлган ҳолда кузатдик. Энди яна маълумотлар марказига қайтамиз.

Бу ердаги иш жараёни унчалик ҳам осон эмаслигини юқорида таъкидладик. Аммо маълумотлар марказидаги иш жараёни фақат тинимсиз қўнғироқлар овози ёки иш чарчоғидан иборат бўлмайди.

Ёшларнинг қувноқ даврасида қизиқарли воқеалар ҳам кўп учрайди. Масалан, Феруз Саидазимов айтишича, бу ерда фуқаролардан энг кўп қўнғироқ қабул қилувчи волонтёрлар аниқлаб борилар экан. (Ёшлар шу орқали ўзларини руҳлантиришса керак. – И.С.)

«Яқинда бир оператор қизимиз кунлик 500дан ортиқ натижани қайд этди. Бу шу пайтгача бўлган натижалар орасида рекорд эди. Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев унга янги телефон совға қилди», – дейди Феруз.

Бизнинг ўша «рекордчи қиз» билан интервью қилишга бўлган уринишимиз эса зое кетди. «Сабаби камтаринлик, яхшилик қилиб, уни бировга сездиришни истамаслик», – дея изоҳ берди унинг шериклари.

Аҳоли мурожаатларига ўз вақтида жавоб бериш, уларнинг мушкулини осон қилиш йўлида юзлаб жонкуярлар меҳнат қилмоқда. Биз уларга куч-қувват ва саломатлик тилаймиз.

Айтганча, волонтёр сифатида шу каби савобли ишларда қатнашиш ихтиёрий, улар қаторида эса сиз ҳам бўлишингиз мумкин.

Илёс Сафаров тайёрлади.
Тасвирчи – Отахон Юсупов.

Мавзуга оид