Жаҳон | 11:45 / 22.07.2020
34810
9 дақиқада ўқилади

Путин халқ ишончини қозонган Фургални «ишончни йўқотгани» учун ишдан олди — унинг истаги халқ хоҳишидан устунми?

2018 йилда Россиянинг Хабаровск ўлкаси губернаторлигига ўтказилган маҳаллий сайловларда 70 фоизга яқин овоз тўплаб сайланган Сергей Фургал 10 июль куни 15 йил олдинги қотилликларда айбланиб, ҳибсга олинганди. Бу эса ўлкада кучли норозиликларни келтириб чиқарди.

Боз устига, РФ президенти Владимир Путин ҳам уни «ишончни йўқотгани учун» тамғаси остида лавозимидан озод этди. Шунақаси ҳам мумкинми? Meduza бу борада энг кўп берилаётган саволларга жавоб тўплаб чиқди.

Ўзи нима бўлди?

Владимир Путин 2000-йиллар ўртасида бир неча қотилликларни уюштирганликда гумонланиб, ҳибсга олинган Хабаровск ўлкаси губернатори Сургей Фургални «ишончни йўқотгани» муносабати билан лавозимидан озод этди. РЛДП аъзоси бўлмиш Фургал умумхалқ сайловларида ғолиб чиққанди: 2018 йилнинг 23 сентябрида сайловларнинг иккинчи турида сайловчиларнинг қарийб 70 фоизи уни қўллаб овоз берган. У «ҳукумат номзоди» — ўлканинг амалдаги губернатори, «Единая Россия» партияси аъзоси Вячеслав Шпортни енгганди.

Қарийб икки ҳафтадан буён Хабаровскда маҳаллий аҳоли томонидан ҳибсга олинган Фургал ҳимоясига норозилик акциялари ўтказилмоқда.

Хабаровск Фото: Reuters

Президент сайланган губернаторни ишдан ололадими?

Ҳа. Фургалгача Путин ва Медведев (у ҳам президентлигида) умумий ҳисобда 11 губернаторни ишдан олишган. «РФ субъектларидаги қонун чиқарувчи (вакиллик) ва ижро этувчи давлат ҳокимияти органларини ташкил этишнинг умумий принциплари тўғрисида»ги федерал қонуннинг 19-моддасига кўра давлат раҳбарига шундай ҳуқуқ берилган. Фақат маълум бир ҳолатларда — вазифаларини муносиб тарзда (сидқидилдан) бажармаганида ёки ишончни йўқотганда. «Вазифаларини муносиб тарзда бажармаганлик» нима эканига қонунда ойдинлик киритилмаган, лекин «ишончни йўқотганлик» нималиги тушунтирилган. Унга кўра:

  • коррупция фактлари аниқланиши;
  • манфаатлар тўқнашуви аниқланиши;
  • бўлажак губернатор рўйхатга олинган номзод бўлган даврдан бошлаб хорижий банкларда ҳисоб-рақами бўлиши ва хорижий қимматбаҳо қоғозларга эгалик қилиши;

Фургалнинг нолинчи йилларда уюшган жиноий гуруҳга аъзолик ва бир неча тадбиркорнинг ўлдирилишига алоқадорликда айблашмоқда. Бу эса юқорида санаб ўтилганлардан бирортасига тўғри келмайди.

Демак, Путин Фургални ишдан олишга ҳақи бўлмаган?

Билмадик. Биринчидан, терговчилар Фургал яна қандайдир оғир жиноятлар, эҳтимол коррупцияга доир бирор хатти-ҳаракатларни амалга оширганини текширишаётганини айтган. Энг асосийси, қонунда коррупция фактлари ва манфаатлар тўқнашуви аниқланиши нима эканлигига аниқлик киритилмаган. Гап суд қарори ё айблов эълон қилиш ҳақида бормоқдами, ёки биргина гумоннинг ўзи етарлими (шунингдек, хориждаги мулкларга эгалик қилиш фактини қайси инстанция ўрнатиши кераклигига ойдинлик киритилмаган. Бу «факт»лар қайси ҳужжатлар билан тасдиқланиши кераклигини ҳаттоки юристлар ҳам яхши тушунишмайди.

Қизиғи шундаки, 2012 йилгача президент губернаторларни ҳеч қандай асосларсиз «ишончни йўқотди» деб ишдан олиши мумкин эди (чунки қатор йиллар давомида унинг ўзи уларни тайинлаб келарди), фақат ҳудудлар раҳбарларини умумхалқ сайловлари орқали тайинлаш қайтганидан сўнг бу ҳуқуқни бироз торайтиришди.

Амалда буларнинг бариси президент ваколатига мутлақо таъсир қилмайди ва ўз қарорини тушунтириб беришга мажбурламайди. Айнан шунинг учун лавозимдан озод этиш тўғрисидаги фармоннинг ўзи президентнинг «ҳудуд раҳбарига ишончи йўқолгани» фактининг констатацияси бўлади. Фургалнинг истеъфоси ҳам шулар жумласидан.

Фото: Валерий Шарифулин/ТАСС

Яъни, Путин ҳеч қачон губернаторларни ишдан олиш борасидаги қарорини асослантирмаган?

Путин фақат энг биринчи марта «ишончни йўқотганлик» важи билан губернаторни ишдан олганида ўзининг ҳаракатларини батафсил тушунтириб берганди. 2005 йилда Коряк автоном округи раҳбари Владимир Логиновни лавозимдан озод этиш тўғрисидаги фармонда бир қатор аҳоли пунктларига ёқилғи етказиш ўз вақтида амалга оширилмагани сабабли у ердаги иситиш тизимларининг ишдан чиқиши, бу ҳаракатлар фуқароларнинг кескин норозилигига сабаб бўлгани асос қилиб кўрсатилган. Ўша фармонда бир вақтнинг ўзида «ишончни йўқотиш» ва ўз вазифасини сидқидилдан бажармаганлиги бир вақтда тилга олинган.

Кейинчалик на Путин, на Медведев кадрларга оид қарорларини изоҳлаган. Лекин қоида тариқасида бунгача ҳудудлар раҳбарларига коррупция айблови ёки шунга ўхшаш мансабни суиистеъмол қилиш бўйича жиноий ишлар қўзғатилган. Фургал қотиллик ташкиллаштиришда айбланиши туфайли истеъфога чиқарилиши истисно бўлиб турибди.

Фургал президентнинг ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилиши мумкинми?

Назарий жиҳатдан, ҳа. Чувашистоннинг Путин томонидан «ишончни йўқотганлик» важи билан 2020 йил январь ойи охирида ишдан олинган собиқ раҳбари Михаил Игнатьев президентнинг қарори остидан Олий судга арз қилганди. Даъво аризасида нималар ёзилгани номаълум, лекин Игнатьевнинг собиқ матбуот котиби Михаил Вансяцкийнинг тахмин қилишича, Игнатьевга «ишончни йўқотганлик» жумласи ёқмаган, чунки бу коррупцияда гумон қилишни назарда тутади, лекин бундай айблов эълон қилинмаган. 18 июнь куни Игнатьев коронавирусдан ўлди, орадан бир неча ҳафта ўтиб, Олий суд унинг вафоти сабаб ишни кўриб чиқишни тўхтатди.

Фургал ҳам президент устидан даъво аризаси киритиши мумкин. Айрим юристлар ўлка губернаторининг лавозимидан четлаштириши билан боғлиқ ушбу жараён бир неча асосий ҳуқуқий принципларга зид деб ҳисоблашмоқда. Президентнинг фикри сайловчиларнинг тўғридан тўғри намоён этилган иродасидан муҳимроқ эканлиги ойдинлашмоқда. Федерал марказ аниқ ёзиб қўйилмаган асосларсиз ҳудудларнинг ишига бевосита аралашмоқда, боз устига бу ишни қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият фикрини ҳисобга олмасдан бир инсон амалга оширмоқда. Ниҳоят, президент томонидан айбсизлик презумпциясига риоя этилмаяпти: инсоннинг айби суд томонидан тасдиқланмасдан туриб, у лавозимидан озод этиш билан жазоланмоқда.

Модомики губернатор оғир жиноятда гумонланаётган экан, унинг ҳокимиятдан четлаштирилиши мантиқли эмасми?

Айтиш қийин. Жаҳондаги кўплаб федератив давлатларда марказий ҳокимиятда ҳудудларнинг сайланган раҳбарларини ўзбошимчалик билан ишдан четлаштириш ҳуқуқи йўқ. Буни маҳаллий парламентлар амалга ошириши мумкин. Россияда ҳам қонунчилик кенгашлари шундай ҳуқуққа эга, лекин бошқа ҳолатларда:

  • ўша — юклатилган вазифани сидқидилдан ижро этмаслик;
  • конституция, федерал ва маҳаллий қонунларга зид келувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имзолаш (боз устига, президент таянадиган коррупция «фактларининг аниқланиши»дан фарқли ўлароқ, бу ерда суд қарори ҳам керак бўлади»;
  • фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига оммавий рахна солган бошқа «қўпол қонунбузилишлари» (бу ҳам суд томонидан тасдиқланган бўлиши керак).

Бу ҳолатларнинг ҳар бирида губернаторни истеъфога чиқариш учун депутатларнинг камида учдан икки қисми овоз бериши керак.

Аслида, қонунда бир томондан оғир жиноятда айбланаётган губернаторни лавозимидан четлатишга изн берувчи, бошқа томондан, буни ҳали исботланмаган нарса учун жазо сифатида кўрсатмайдиган тартиб бор. Бош прокурор тақдимномасига кўра, президент ҳудуд раҳбарини вақтинчалик ишдан четлатади – табиийки, тергов кетаётган даврда. Бундай имкониятдан Путин фақат бир марта фойдаланган: 2006 йилда у Ненец автоном округи раҳбари Александр Бариновни вақтинча лавозимдан четлатган. Кейинчалик президент уни «ишончни йўқотганлик» важи билан бутунлай ишдан олган.

Эслатиб ўтиш жоиз, Губернаторликка янги сайланган Сургей Фургал Путиннинг 2018 йил декабрь ойида Узоқ Шарқ федерал округининг пойтахтини Хабаровскдан Владивостокка кўчириш қарорига ҳам қарши чиққан эди.

Хабаровскда Фургалнинг ҳибсга олинишидан норозилигини қатор кунлардан буён билдириб келаётган хабаровскликлар Владимир Путиннинг фармойишига кўра, РЛДП аъзоси Михаил Дегтярёв Хабаровск ўлкаси губернаторлигини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганидан сўнг яна жунбишга келишди.

Фото: Вячеслав Реутов / Хабаровск ўлкаси администрацияси

Михаил Дегтярёв 21 июль куни Хабаровскка учиб келган. У дарҳол Хабаровск ўлкаси ҳукумати биносига йўл олган. Намойишчилар унинг омма олдига чиқишини талаб қилган, лекин Дегтярёв улар олдига чиқмаган. 

Мавзуга оид