Ўзбекистон | 08:37 / 23.07.2020
3489
2 дақиқада ўқилади

Наркологик касалликлардан мажбурий даволанаётган шахсларга нисбатан меҳнат терапиясини қўллаш тартиби белгиланмоқда 

Мажбурий даволанаётган ва меҳнат терапияси тартибида меҳнат фаолиятига жалб қилинган шахсларга корхоналар томонидан амалдаги нормалар, нархлар, меҳнатга ҳақ тўлаш шартларидан келиб чиққан ҳолда иш ҳақи ҳисобланади.

Парламент қуйи палатасининг 2020 йил 22 июль куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Қайд этилганидек, наркологик касалликларга чалинган шахсларга наркологик ёрдам кўрсатиш масалалари, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, профилактика ва диспансер кузатуви, бундай шахсларнинг даволанишга розилигини олиш, шу билан бирга уларнинг розилигини олмасдан даволаш мумкин бўлган ҳолатлар, наркологик касалликларга чалинган шахслар тўғрисида маълумотлар тақдим этишга оид нормалар қонун лойиҳасида ўз аксини топмоқда.

Халқ вакилларининг қайд этишича, лойиҳа билан мажбурий даволанаётган шахсларга нисбатан меҳнат терапиясини қўллаш тартиби белгиланмоқда. Яъни, мажбурий даволанаётган ва меҳнат терапияси тартибида меҳнат фаолиятига жалб қилинган шахсларга корхоналар томонидан амалдаги нормалар, нархлар, меҳнатга ҳақ тўлаш шартларидан келиб чиққан ҳолда иш ҳақи ҳисобланади.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолига наркология хизмат кўрсатишнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, соҳада манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда беморларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш имконини яратади.

Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди, дейилади парламент сайтида.

Мавзуга оид