Ўзбекистон | 11:32 / 23.07.2020
19075
5 дақиқада ўқилади

«Уйда ўтирган билан касаллик йўқ бўлиб қолмайди, аҳоли тез-тез тестдан ўтказилиши керак» – Беҳзод Ҳошимов

АҚШнинг Висконсин университети докторанти, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов «MFactor» лойиҳаси меҳмони бўлиб, карантин чоралари қачон фойда бериши, соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

«Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳолатлари ошиб кетмаслиги учун тиббиёт тизимида беморларни қабул қилиш ҳажми ошиши керак. Ҳозир уйда ўтираверганимиз билан касаллик йўқ бўлиб қолмайди, касаллик сақланиб қолади. Карантиндан қачон фойда бўлади? Қачонки аҳоли тез-тез тест қилинса, беморларни зудлик билан жамиятдан изоляция қилинса ҳамда беморлар шифохоналар томонидан зудлик билан қабул қилиниши керак.

Яқинда ўқидим, Жанубий Кореяда ҳам Ўзбекистондаги каби аҳолидан кунига 20 мингта тест олинаётган экан. Лекин айни пайтда уларда касалланиш кузатилмаяпти. Одамлар бир-икки ойдан бери ресторанларда ўтирибди, мактаблар ишлаяпти. Ўзбекистондаям бунга эришишимиз учун аҳолини кўпроқ тест қилишимиз керак. Тестларни тўғри белгилаб, беморларни изоляция қилишимиз керак. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимининг беморларни бир вақтда қабул қила олиш имкониятларини кўпайтиришимиз керак.

1 августдан яна кўчага чиқсак, яна касаллик кўпаяди. Ўзи асли локдаун дейилади, одамларнинг уйда ўтиришига асосий сабаб, масалан, АҚШда дейлик, касалликнинг ўсиш даражаси тиббиёт муассасаларидаги койкаларнинг сонидан баланд бўлиб кетмаслиги керак фикр устун.

Уйда ўтирсак, касаллик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетиши бу – фантастика. Умидимиз шуки, ҳукуматдаги одамлар тиббий хизматлар кўрсатиш ҳажмини кескин ўстириб бориши керак. Яъни касалланиш кўрсаткичларидан шифохоналардаги бўш жойлар қанча кўп бўлса, эпидемияни жиловлаш шунчалик осон бўлади», дея Беҳзод Ҳошимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, таниқли таҳлилчи коронавирус пандемиясининг Ўзбекистондаги учинчи-тўртинчи тўлқини рўй берса кузатилиши мумкин бўлган муаммолар ҳақида ҳам фикр билдирди.

«Коронавирусдан касаллик сифатида ҳали қутулишимиз осон эмас, сабаби ҳали вакцинаси йўқ. Бизда ҳозир тиббиёт тизимимиз касалликка чалинган беморларни тўлиқ қабул қила олмаётгани асосий муаммо.

Агар эшитган бўлсангиз, президент олиб борган мажлисда айтилдики, Тошкент шаҳрининг ўзида вақтида тез ёрдам келмагани учун 50 киши вафот этган. Фақат коронавирус туфайлимас, бошқа сабаблар билан ҳам. 50 кишининг тез ёрдам келмагани учунгина вафот этиши мисли кўрилмаган рақамлар. Бу дегани ҳозирги Ўзбекистондаги коронавирусдан ҳам кўра каттароқ муаммолар бор.

Тиббиёт тизимимиз бирйўла касалланган беморлар ҳажмини кўтара олмади. Агар бизда касалланганлар сони кўпайиб борган сари ўлим кўрсаткичи ошиб кетяпти. Масалан, ҳозир АҚШда бошқача вазиятни кўриш мумкин. Тўғри, бу ердаям эпидемиологик ҳолат ҳамма жойда ҳар хил. Масалан, мен яшаётган штатда вазият анча яхши, касалланганлар сони кунига беш нафардан ошмаяпти, бироқ ҳеч ким шифохонага ётқизилаётгани йўқ. Лекин Флорида ва бошқа жанубий штатларда касалланиш кўрсаткичлари анча юқори. Лекин ўлим даражаси ниҳоятда паст. Чунки бу ерда коронавирусга чалинган одамдаги касаллик сабаби тез аниқланади.

Беморларнинг аксарияти, 90 фоизидан кўпроғи госпитализация қилинмаяпти. Чунки касаллик енгил ўтаяпти, кўпчилик уйда ўтириб, кўпроқ сув ичиб тузалиб кетишаяпти. Бироқ шифохонада ётиб даволаниш талаб этиладиган одамлар бемалол шифохоналардан жой топа олишмоқда ва тузалиб кетишмоқда. Охирги икки ойдаги ўлим кўрсаткичлари статистикасини таҳлил қилсак, ҳаммаси меъёрида эканини кўриш мумкин.

Ўзбекистонда учинчи-тўртинчи тўлқин ҳақида гапирадиган бўлсам, тиббиёт тизимининг қуввати, яъни беморларни қабул қилиш имконияти коронавирус инфекциясининг тарқалишидан кўра секинроқ ўсса, бу коллапсга олиб келади. Дейлик, бир кунда 10 нафар одам коронавирусга чалинса, аммо биз 25 нафар беморни даволашга қодир бўлсак, бу нормал ҳолат ҳисобланади.

Аслида Ўзбекистонга ўхшаш давлатларда коронавирус билан касалланиш жараёни енгил кечиши керак. Чунки аҳолимизнинг тахминан етмиш фоизи 40-45 ёшдан ёшроқ. Ёшларда эса бу касаллик осонроқ кечади. Шундай бир ҳолатда Ўзбекистонда ўлим кўрсаткичлари кундан-кунга ўсиб бормаслиги керак эди аслида. Назарий жиҳатдан. Масалан, ҳозир Италия, Швеция ва бошқа бир қатор давлатларда касалланганлар сонига нисбатан ўлим кўрсаткичи юқори бўлаяпти, уларда бу ўлим ҳолатларнинг деярли ҳаммаси ёш билан боғлиқ. Масалан, АҚШда ҳам ўлим ҳолатлари асосан 70 ёшдан катталар билан содир бўлмоқда», деб айтган у.

Мавзуга оид