Жаҳон | 03:01 / 26.07.2020
45107
7 дақиқада ўқилади

«Биз учун асосийси — шаънимизни ҳимоя қилиш»: Хабаровскдаги йирик намойишда Путиннинг истеъфоси талаб қилинди

25 июль, шанба куни Россия Федерациясининг Хабаровск шаҳрида ўлканинг ҳибсга олинган губернатори Сергей Фургал ҳимоясига учинчи йирик оммавий норозилик намойиши ўтказилди. Барча нозорилик чиқишларини қўшганда жами ўтказилган акциялар 15тага етди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Галдаги намойиш ўтган икки ҳафта ичида уюштирилган энг йириги бўлди. Ваҳоланки, Хабаровск мэрлиги норозилар сони кундан кунга камайиб бораётгани таъкидламоқда.

20 июль куни Владимир Путин Фургални «ишончни йўқотганлик» важи билан ишдан олди ва унинг ўрнига РЛДПдан Давлат думаси депутати Михаил Дегтярёвни вақтинчалик губернатор этиб тайинлаган эди.

Шу ондан бошлаб хабаровскликлар нафақат Фургал устидан одилона суд, шунингдек президентнинг истеъфосини ҳам талаб қилиб чиқа бошлашди. «Медуза» махсус мухбири федерал ҳокимият уларни эшитиши учун хабаровскликлар қандай курашаётгани ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Кети узилмаган норозилик юриши

25 июль куни роппа-роса соат 12да Хабаровскдаги Ленин майдонида жойлашган ҳукумат биноси олдида бир неча минг киши тўпланди. Бу вақтда ҳали ҳеч нима рўй бермаган, одамлар шунчаки сўнгги воқеаларни муҳокама этишаётганди.

«Губернаторимизни олиб кетиб, ўрнига Москвадан жўнатишди. У бу ерга нимага керак? — дейди гулчали сомон шляпа кийиб олган 70 ёшлардаги аёл. — Думбулни жўнатишибди. Москвадагилар бизни умуман ҳалигидақа деб ҳисоблашса керак…»

Майдонда 10 дақиқача тўпланиб туриб, одамлар тўпи одатга кўра марказий Муравьёв-Амур кўчаси томон йўл солди. Бу дафъа намойишчилар йўлнинг барча тўрт қаторини ҳам эгаллашди. Одамлар оқими келишда давом этарди.

Фото: Евгений Переверзев / Reuters
Фото: Анастасия Якорева / «Медуза»

Таркибига кўра юриш биринчи май намойишини эслатарди — бу гал кўпчилик болаларини ҳам олиб келибди. Болалар коляскасида «Мен/Биз Сергей Фургал» ёзувлари, болаларга шу ёзув туширилган футболкалар кийдирилган, қўлларида эса «Хайр, Миша» ёзувлари туширилган байроқчалар ёки пуфаклар.

Оломон «Хабаровскда одил суд», «Фургал бизнинг танловимиз», «Россия, уйғон», «Бошбошдоқликка йўқ» ва «Хабаровск, кўчага чиқ» деб бақириб борарди.

Сешанба куни Дегтярёв тайинланганидан сўнг намойишларнинг бош шиори «Дегтярёв, кет» бўлган эди. Бугун уни камроқ эслашди. Фақат вақти-вақти билан «Дегтярёв, ҳаммомга бор» деб бақиришди. Айнан Дегтярёвга бағишланган плакатлар ҳам камроқ эди. Дегтярёвнинг ўзи намойишчиларнинг олдига чиқмади, 25 июл куни Хабаровскни тарк этиб, ўлка бўйлаб ишчи сафарини бошлади.

Артём исмли барабанчининг айтишича, у атайлаб барабан сотиб олган. «Қараяпманки, халқ ритмга амал қилмаяпти, ҳар томондан бақиришяпти, битта тактга тушмаяпти». У «барабанини тортиб олишгунча» намойишларда қатнашиш ниятида эканини айтди.

Фото: Дмитрий Моргулис

Намойиш айниқса тик баландлик туфайли Тургенев кўчасидан яхши кўринади. Ўтган шанбада колоннанинг кети кўринарди, бугун кўча лиқ тўлган, юришнинг охири кўринмайди.

Тургенев кўчасидан Ленин кўчасига бурилар экан, намойишчилар «Россия ОАВлари шарманда» деб бақира бошлашди, кейин янада аниқлаштиришди: «Федерал ОАВлар шарманда». Кимдир «Яшасин Россия блогерлари!» деб бақиради. Одамлар ўртасида кулги кўтарилади.

Ленин кўчасида автомобилларнинг қарши ҳаракати бор. Улар ҳам намойишчиларни қўллаб сигнал чалиб ўтиб кетишмоқда.

Бу ерда оломон «Энг яхши ўзгариш — Путиннинг истеъфоси» деб бақира бошлайди. Отасининг қўлларида турган уч ёшли болакай бошқаларга қўшилганча такрорлаяпти: «Озодлик!»

Полициячилар олдинги сафарлардагидек вазиятга аралашмасдан, юришни икки ёнидан кузатиб боришмоқда. Улар журналистлар билан гаплашишмайди, лекин намойишни ўзаро муҳокама қилмоқда. Полициялардан бири иккинчисига ёзғирмоқда: «Ўзларига машғулот топиб олишди, энди янада узоқроқ юришади».

Чунки бу марта митинг қатнашчилари янада узоқроқ йўналиш — Дикопольцев ва Карл Маркс кўчаси бўйлаб шаҳар думаси ёнига йўл олишди. Сўнг оломон яна майдон томон йўл солиб, уларнинг бир қисми Ленин ҳайкалининг сояси томон йўл олишди.

Намойишчиларнинг кўпчилиги ўзларининг асосий талабини ҳамон такрорлашмоқда — Фургал устидан Хабаровскда одил суд.

«Биз учун асосийси — шаънимизни ҳимоя қилиш. Агар одам айбдор бўлса, уни шу ерда суд қилишсин. Ёпиқ эшиклар ортида ҳар нарса бўлиши мумкин. Улар бизга Дегтярёвни жўнатишди, улар рецепт таклиф қилишяпти, лекин оғриётган нарсани даволашмаяпти. Одамларни бу ташвишлантирмайди. Биз адолат учун кўчага чиқдик. Биз ҳеч қандай ёмонлик истамаймиз, шунчаки бизни эшитишларини хоҳлаяпмиз», — дейди «Озодлик ва адолат учун» ёзув туширилган тиббий ниқоб тақиб олган эр-хотин Артём ва Алёна.

Майдон марказида плакат кўтарган аёллар гуруҳи турибди. Улардан бирида телебошловчилар Дмитрий Киселёв, Владимира Соловьёв ва Ольга Скабееванинг портретлари туширилган ва «Сотқин ОАВларга йўқ» деб ёзилган.

Фото: Анастасия Якорева / «Медуза»

«Youtube ва Instagram кўриш керак, — дейди 50 ёшлардаги аёл. — Фургалнинг ҳибсга олишгунча Youtube’ни кўрмас эдим ва сиёсатга қизиқмас эдим. Лекин бу содир бўлгач, қонунсизликдан нимадир тескари бўлиб кетди. Энди ҳаммасини Youtube’да кўрмоқдаман».

«Икки ҳафтадан буён телевизорда мусиқий каналлардан бошқасини кўрмаяпман. Бошқа каналларда Америка, Украина, Сурия, гўёки биз у ерда яшаётгандек», — дейди унинг дугонаси.

Кундузи соат 4ларга яқин Ленин майдони деярли бўшаб қолди. Бир неча ўнлаб одамлар гуруҳларга бўлиниб, ўзларини қийнаётган масалалар ҳақида суҳбатлашиб ўтиришибди. Бошқа компания ўтган жума куни ушланган террорчилар ҳақида суҳбатлашишмоқда.

«Биттасида «Молотов коктейли»ни топишган эмиш, уни одамлар устига отмайди, уни зирҳланган машиналарга отишади, — деб тушунтирмоқда бир эркак аёлларга. ФХХ чиндан ҳам террорчини ушлаганига улардан ҳеч бири ишонмаяпти.

Майдонга кириб келган «фургалмобил»дан мусиқа таралиб турибди, ичидаги аёл куйламоқда: «Халқ вакили Фургалга озодлик, қичқириқ ва оғриққача унга эркинлик».

Сал нарироқда икки қиз (Мен/Биз Сергей Фургал, биз адолат тарафдори» шиори туширилган матони ўрашмоқда. Уларнинг ёнидаги кўк тусли машғулот иштони кийиб олган эркак қўлида плакат ушлаб турибди: «Путин — бизнинг душманимиз».

Мавзуга оид