Коронавирус: Европа янги чекловлар жорий этди, КХДР хавотирда
Якшанба куни бутун дунёда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 16 миллиондан ошди; Германияда ва Францияда касалланиш ҳолатлари сони яна ўсди, Шимолий Кореяда эса жанубдан келган қочқинда касаллик аниқланди.
Британия инфекция кириб келишидан хавотирда
Британия ҳукумати Испанияда касаллар сони кескин ўсишига тезкор реакция қилди, якшанба куни ҳукумат расмийлари Испаниядан (Балеар ва Канар оролларидан ҳам) келувчилар учун 14 кунлик ўзини яккалаш тартибини қайта жорий этишди.
Бу қоида нафақат Англия ва Уэльс учун, балки Шотландия ва Шимолий Ирландия учун ҳам тааллуқли бўлади.
Янги чоралар Британия туроператорлари ва авиакомпанияларининг танқидларига сабаб бўлди. Хусусан, British Airways чекловлар «минглаб британияликларнинг таътил режаларини чиппакка чиқаришини» айтди.
Британия туроператорлари ассоциацияси (Abta) вакили «Британиядаги ички ва ташқи туризмдаги вазият янада ёмонлашишига йўл қўймаслик учун» чораларни бекор қилинишига ёки қисман юмшатилишига умид қилишини айтди.
Аввалроқ, Испания расмийлари Covid-19 коронавирусининг тарқалишига қарши кураш бўйича янги чоралар кўрилишини эълон қилганди.
Британиядаги Tui туроператори 9 августгача Испанияга йўлланмалар сотишни тўхтатган. Бу ушбу мамлакатда жума куни инфекция яна авж олгани билан боғлиқ - бир кунда бу ерда 900дан ортиқ янги ҳолат қайд этилганди.
El Pais нашри хабарига кўра, Испаниянинг 52 провинциясидан камида 30тасида касалланиш ҳолатлари сони ўсган. Карантин чекловлари бекор қилинганидан бир ой вақт ўтиб Барселона, Мадрид ва Сарагоса ҳудудларида беморлар сони кескин ошган.
Испанияда иккинчи тўлқинми?
Агар июнь ойида Испания Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар куни 250га яқин янги ҳолатларни қайд этган бўлса, сўнгги ҳафтада бундай ҳолатлар сони кунига 1,5 мингга яқин ташкил этмоқда.
Our World in Data маълумотлар порталида эълон қилинган тадқиқотда айтилишича, июнь ойида мамлакатда Covid-19'ни аниқлаш учун ўтказилган ПЗР тестларининг атиги 1 фоизи мусбат натижани кўрсатган, июль ойидаги кўрсаткичда эса улар 2,6 фоизгача кўтарилган.
Каталония маъмурлари келгуси икки ҳафта давомида минтақадаги барча тунги клублар ва барлар ёпилишини эълон қилишди. Барселонада пляжларга ташрифларга чекловлар қўйилди, маданий ва спорт тадбирлари бекор қилинди, 10 кишидан кўп инсон йиғилиши тақиқланди.
Андалусияда ҳам тунги клубларга чекловлар қўйилди, мамлакатнинг кўплаб вилоятларида ниқоб тақиш яна мажбурий бўлди.
BBC мухбири хабар беришича, ҳукумат ёшлар орасида касаллик авж олишидан хавотирланмоқда, карантин юмшатилгач ёшлар яна тунги клубларга оммавий равишда ташриф буюришни бошлаганди.
Эпидемиолог Даниэль Лопес-Акуна бу ёшлар оила аъзоларига, хусусан кекса ёшли кишиларга вирус юқтиришидан хавотирларини билдирган.
Европа хавотирда
Испаниядаги вазият Европанинг бошқа мамлакатларида хавотирларни кучайтирди. Буюк Британиядан ташқари, Норвегия ушбу мамлакатдан ташриф буюрувчилар учун карантин жорий этди, Франция ҳукумати фуқароларга Каталонияга ташриф буюрмасликни маслаҳат берди.
Бельгия эса ўз фуқароларига Испаниянинг Уэска ва Льейда шаҳарларига боришни тақиқлаб қўйди, шунингдек, мамлакатнинг бошқа вилоятларига ташрифдан тийилиш тавсия қилинган.
Британия ТИВ фуқароларига Испанияга боришдан тийилишни тавсия қилмоқда. Испаниядаги британияликлардан карантин қоидаларига риоя қилиш сўралган.
Францияда шанба куни янги касалланиш ҳолатлари сони қаторасига иккинчи кун мингдан ортиқ бўлгани хабар қилинди - бу карантин ечилишидан олдинги ҳолатга - май ойидаги ҳолатга қайтилишидир.
Шу муносабат билан, мамлакат бош вазири Жан Кастекс эпидемиологик вазият оғир бўлган 16 мамлакатдан қайтувчи ҳар бир шахс коронавирусга таҳлилдан ўтиши мажбурийлигини маълум қилди.
Европанинг бошқа мамлакатларида аҳвол қандай?
Германияда жума ва шанба кунлари мос равишда 815 ва 781тадан янги ҳолатлар қайд этилди - бу май ойидан буён энг юқори ўсиш ҳолатларидир.
Германия соғлиқни сақлаш вазирлиги вазият оғир бўлган ҳудудлардан, жумладан, АҚШ, Бразилия ва Туркия каби давлатларда таътилда бўлиб қайтган барча фуқаролар мажбурий коронавирус тести топшириши мумкинлигини маълум қилди.
Душанба кунидан бошлаб Австрия ҳам ноқулай эпидемиологик вазиятга эга бўлган мамлакатлардан ташриф буюрувчилар учун кириш қоидаларини қатъийлаштиради: 32 давлатдан келувчилар коронавирус учун манфий ПЗР тести натижасини тақдим этишлари керак.
Бельгия Миллий хавфсизлик кенгаши чекловлар бекор қилинишининг бешинчи босқичини кейинга қолдирди, шунингдек, тиббий ниқоб тақиш мажбурий бўлди.
Италия Руминия ва Болгариядан келувчилар учун карантин жорий этди.
Эрондаги вазият
Якшанба куни Эронда яна 2333та янги ҳолат қайд этилди, шунингдек, 216 ўлим ҳолати тасдиқланди; жами ҳолатлар сони 291 минг 172тага, жами ўлим ҳолатлари сони 15,7 мингтага етди.
Апрель ойида мамлакатда карантин юмшатилган, масжидлар ва савдо марказлари очилганди, аммо ҳозирда ҳукумат оммавий тадбирларни чеклади ва аҳолини жамоат транспортида ҳамда кўпчилик тўпланадиган жойларда ниқоб тақишга чақирмоқда.
АҚШда янада кўпроқ ўлим
Сўнгги уч кунда дунёда ҳар куни янги ҳолатлар сони 280 мингтага ортишда давом этяпти.
Ушбу глобал статистикадаги тахминан ҳар тўртинчи ҳолат АҚШга тўғри келади. Техас штатидаги Starr Country касалхонасида шифокорлар биринчи бўлиб қайси касални қутқариши кераклигини ҳал қилувчи «ўлим комиссияси» тузилди.
Мексиканинг Лаcеро Карденас шаҳридаги ArcelorMittal пўлат фабрикасида 21 ишчи Covid-19 туфайли вафот этди. Пўлат қуювчи ишчилар уюшмаси маълумотларига кўра, улар орасида ходимлар, вақтинчалик ишчилар ва етказиб берувчилар бор. Заводда умумий ҳисобда 7 мингдан ортиқ ишчи ишлайди.
Мексикада Covid-19’дан ўлим даражаси энг юқори кўрсаткичларидан бири қайд этилди: 43,5 минг киши. Умумий ҳисобда тасдиқланган ҳолатларнинг умумий сони 385 минг кишидан ошган.
КХДРда биринчи ҳолат
Шимолий Корея «мамлакатда коронавирусга гумон қилинган биринчи ҳолат» ҳақида хабар берди. KCNA агентлигининг хабар беришича, ушбу касаллик аниқланган шахс уч йил олдин Жанубий Кореяга қочиб кетган, аммо ўтган ҳафтада демаркация чизиғини кесиб ўтиб, ватанига қайтган.
Мамлакат раҳбари Ким Чен Ин шу куни вазирлар маҳкамаси аъзолари билан фавқулодда йиғилиш ўтказди ва чегарадаги Кэсон шаҳрида карантин чораларини жорий этди.
КХДР ҳукумати бунгача мамлакат ҳудудида Covid-19 йўқлигини билдирган, лекин таҳлилчилар мамлакатга вирус кириб келганига анча вақт бўлган деган фикрда.
KCNA'нинг қўшимча қилишича, Ким Чен Ин ушбу қочоқнинг қаттиқ қўриқланувчи чегарани қандай кесиб ўтганини текширишни буюрган ва айбдорлар қаттиқ жазога тортилишидан огоҳлантирган.
Шу билан бирга, Жанубий Корея томони сўнгги кунларда чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатлари ҳақида бирорта ҳам хабар бермаган.
Жанубий Корея: россиялик денгизчилар касалланди
Жанубий Кореяда сўнгги икки кунда 113 ва 58тадан янги ҳолатлар қайд этилди - жума куни сўнгги уч ойдаги энг юқори кунлик ўсиш кузатилган. Янги ҳолатларнинг аксари - «ташқаридан», 113 ҳолатдан фақат 27таси сўнгги ҳафталарда хорижда бўлмаган.
Пусанда турган россияликларнинг балиқ овловчи «Пётр Биринчи» кемасидаги 23 денгизчи Covid-19 юқтирган.
Россиянинг Жанубий Кореядаги консулхонаси россиялик денгизчилар шифохонага ётқизилишини маълум қилди. Шунингдек, ушбу кемани таъмирлашда иштирок этган жанубий кореялик ишчида ҳам коронавирус тести мусбат натижа берган.
Якунланган ҳафтада Ироқдан Жанубий Кореянинг 293 фуқароси ватанга қайтган. Уларнинг кўпчилигида Covid-19 тасдиқланган.
Россия: тузалганлар сони 600 мингдан ошди
Россияда сўнгги бир кунда яна 5765 ҳолат қайд этилди, бу эса апрель ойидан буён энг паст кунлик ўсишдир.
Жами ҳолатлар сони 812 485тага етган.
Сўнгги кунда мамлакатнинг 83 регионида янги ҳолатлар аниқланган. Москвада 683, Свердловск областида - 241, Ханти-Мансийск автоном округида - 192, Ижегородск областида - 177, Санкт-Петербургда 175, Красноярск ўлкасида - 175 ҳолат қайд этилган.
Сўнгги бир кунда 77 киши коронавирус қурбони бўлган ва жами ўлим ҳолатлари сони 13 минг 269тага етган.
Шунингдек, 3 110 бемор тузалиб, пандемия даврида касалликдан соғайганлар сони - 600 минг 250 нафарга етган.
Дунё бўйлаб вирус тарқалиши давом этмоқда
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият кескинлигича қолаётганидан огоҳлантирмоқда.
Ташвишли вазият айниқса Ҳиндистонда ривожланмоқда, у ерда 1,3 миллионта шикастланиш ҳолатлари қайд этилган бўлиб, 100 мингтаси сўнгги икки кунга тўғри келади.
Эпидемиологлар, шунингдек, пандемия сусаймаган АҚШ ва Бразилиядаги вазиятдан хавотирда.
Пандемия Африка мамлакатларида ҳам тобора кучайиб бормоқда: энг ёмон ҳолат Жанубий Африкада бўлиб, у ерда 420 мингдан ортиқ зарарланиш ҳолатлари қайд этилган. Бундан ташқари, ЖССТ маълумотларига кўра, қитъада эпидемия тарқалиши бошланганидан бери 10 мингга яқин тиббиёт ходимлари коронавирус билан касалланган.
Мавзуга оид
17:49 / 14.08.2023
Ўзбекистонда коронавирусга қарши сут сотуви бошланди
18:58 / 06.05.2023
ЖССТ коронавирус ҳеч қачон бутунлай йўқ қилинмаслигини айтди
19:23 / 05.05.2023
ЖССТ коронавирус пандемияси тугаганини эълон қилди
18:19 / 02.05.2023