Жаҳон | 11:31 / 28.07.2020
27090
3 дақиқада ўқилади

«Овқат олиш учун пул ҳам қолмаган»: Петербургдаги ўзбек диаспораси раҳбари баёнот билан чиқди

Мигрантлар Петербургдан қайтиб келишни исташмоқда, сабаби пандемияда иш шароитлари ёмонлашган.

Фото: iStock

Бу ҳақда ўзбек диаспораси вакили, Санкт-Петербургдаги «Турон» ўзбеклар жамияти президенти Валишер Ҳайдаров маълум қилди.

«Росбалт» нашрининг хабар беришича, Ҳайдаровга ватандошлар доимий равишда иш ҳақи бўйича қарздорлик, сохта фирмалар орқали ишга жойлашиш ҳолатлари тўғрисида шикоятлар билан мурожаат қилмоқда. Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилиш ёрдам бермаяпти.

Ҳайдаровнинг сўзларига кўра, бу вазиятда муҳожирларнинг ўзи қисман айбдор, сабаби улар маҳаллий қонунларни билишмайди ва «иш берувчига зарур ҳужжатларни» пул олиш умидида имзолашади, аммо бу рўй бермайди, дея таъкидлаб ўтди у.

«Ишонинг, бутун бир поездга сиғадиган миқдордаги фуқаролар уйга қайтишни хоҳлаяпти. Иложи бўлганда кетишарди. Бир чартер рейсга 150га яқин киши рўйхатга олинади, аммо 20-30 нафар олиб кетилади, асосан кекса одамлар ва болали аёллар. Консуллик ёнида одам тўлиб ётибди», - деди Ҳайдаров «Росбалт» мухбирига.

Унинг фикрига кўра, ўзбекистонликлар орасида норозилик кайфияти кучаймоқда, уларнинг аксарияти умидсизликдан чегарани ноқонуний кесиб ўтишга ҳаракат қилмоқда.

«Улар ватанни соғингани учун уйга қайтишни хоҳлаётгани йўқ. Бу ерда ейишга нарса қолмаган, овқат олиш учун пули ҳам йўқ», - деди Валишер Ҳайдаров.

Эслатиб ўтамиз, 15 июль куни Россия Федерациясининг Cибир федерал округи олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба-ёшлар ўзларини қийнаётган муаммо ҳал этилишида ёрдам сўрашган эди.

Мурожаатда 100дан зиёд талаба Ўзбекистонга қайтиш учун чартер рейсга чипта харид қилишгани, аммо навбат етиб келмаётгани, маблағдан қийналиб қолишганини маълум қилишганди. Улар орасида Россияда ўқишни тамомлаб, рўйхат қайдномаси тугаётганлар ҳам бор эди. Ушбу мурожаат 15 июль куни Kun.uz сайтининг телеграмдаги канали орқали ёритилди.

Новосибирск шаҳрида таҳсил олаётган талабалар 22 июль кунига ўтар кечаси, тунги соат 01.00да чартер рейс орқали Ўзбекистонга олиб келинди.

Бундан ташқари, пандемия сабабли Татаристон пойтахти - Қозонда қолиб кетган ўзбекистонлик талабалар президент ва ҳукуматга видеомурожаат билан чиқишди.

Аввалроқ, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Эркин Ҳамроев коронавирус пандемияси даврида 90 минг ўзбекистонлик ватанга қайтганини айтган эди.

Ҳамроевнинг сўзларига кўра, чет элдаги Ўзбекистон фуқаролари сони 2,5 миллиондан ошади, Россияда - 1,5 миллион, АҚШда - 100 мингдан ортиқ, Қозоғистонда - 140 минг, Қирғизистонда - 13 минг, Тожикистонда беш мингдан ортиқ, Европа мамлакатларида - 50 минг, Японияда тўрт мингга яқин. 49 мингдан ортиқ талаба хорижий университетларда таҳсил олмоқда.

Мавзуга оид