Иқтисодиёт | 13:32 / 29.07.2020
15192
4 дақиқада ўқилади

Юлий Юсупов: «Норасмий иқтисодиётни қонунийлаштиришга тақиқ ва назоратни кучайтириш орқали эришиб бўлмайди»

Иқтисодиётни «соядан» олиб чиқиш учун бизнес муҳитни тубдан яхшилаш керак, деб ҳисоблайди Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов.

Фото: Халқаро пресс-клуб

Унинг сўзларига кўра, бизда яширин иқтисодиётга қарши курашни асосан кучишлатар усуллар: тақиқлаш ва жазолаш орқали олиб боришни яхши кўришади.

«Президент яширин иқтисодиёт масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Бизда яширин иқтисодиётга қарши курашни асосан кучишлатар усуллар: тақиқлаш ва жазолаш орқали олиб боришни яхши кўришади.

Шу билан бирга, яширин иқтисодиётнинг икки хил турини ажратиб олиш керак: жиноий иқтисодиёт (гиёҳванд моддалар, қурол савдоси - тақиқланган нарсалар) ва норасмий иқтисодиёт (қонуний равишда амалга оширилиши мумкин бўлган, аммо баъзиларида норасмий иш юритиш афзал кўрилган тадбиркорлик фаолияти турлари). Агарда жиноий иқтисодиёт билан ҳақиқатан ҳам уни йўқ қилиш учун курашиш керак бўлса, унда норасмий иқтисодиётни йўқ қилиш керак эмас (ахир у ерда фойдали товарлар ва хизматлар ишлаб чиқарилади). Норасмий иқтисодиётни қонунийлаштириш лозим, яъни бизнесни «соя»дан олиб чиқиш. Бунга тақиқ ва назоратни кучайтириш орқали эришиб бўлмайди.

Нима учун бизнес «соя»га ўтиб кетмоқда? Уларда ҳаммаси жойида экани шунчаки ташқи иллюзия: яъни, солиқ тўланмайди, стандартларга риоя қилинмайди, рухсат олинмайди ва ҳоказо. Аслида, қонуний бўлмаган бизнеснинг ўзига хос ва жуда катта муаммолари бор: назорат органларига пора бериш ва/ёки жиноятчиларга пул бериб қутулиш, бизнесни сотиш ёки гаровга қўйишнинг имконсизлиги, расмий кредит ололмаслик. Бундан ташқари, ҳаммасидан бир зумда айрилиш ҳамда қамалиб кетиш таҳдиди остида яшаш. Агар одамлар бундай жиҳатларга кўз юмишни афзал кўришса, бу фақат қонуний бизнеснинг харажатлари юқорилиги сабаблидир: яъни, катта солиқлар ва маъмурий тўсиқлар, расмий «ўйин қоидаларига» риоя қилинса, рақобатдош бўла олмаслик.

Шунинг учун, агар биз норасмий иқтисодиётни ўлдириш эмас, балки уни қонунийлаштирмоқчи бўлсак, унда назоратни кучайтиришга эмас (бу коррупция кўламини янада оширади), қонуний бизнес юритиш харажатларини камайтиришга эътибор қаратишимиз керак. Солиқлар ва божхона тўловларини камайтириш, рўйхатга олиш ва рухсат бериш тартиб-қоидаларини бекор қилиш ёки соддалаштириш, назорат қилиш механизмлари кўламини қисқартириш ва такомиллаштириш, бизнес учун ресурслар ва хизматлар бозоридаги монополияларни йўқ қилиш, барча тадбиркорлар учун тенг шароит яратиш лозим.

Президент айнан шу ёндашувга эътибор қаратмоқда - бизнес юритиш учун шарт-шароитларни енгиллаштиришга: ортиқча рухсат берувчи ва лицензияловчи жараёнларни бекор қилиш, солиқ тизимини такомиллаштириш, давлат идораларининг ваколатлари ва назорат функцияларини қисқартириш, давлат харидлари, инвестиция лойиҳалари ҳамда божхона назорати соҳасидаги коррупцияни йўқотиш.

Менимча, бу мутлақо тўғри ва қўллаб-қувватлашга лойиқдир. Асосийси, режалаштирилган ишларни амалга ошириш», - деб ёзади иқтисодчи.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 июль куни яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокамаси юзасидан ўтказган йиғилишда мамлакатда яширин иқтисодиёт даражаси юқори экани айтилганди.

Давлат раҳбари яширин иқтисодиётга қарши курашишда эҳтиёт бўлиш, иқтисодий фаолликка зарар етказиб қўймаслик, бунинг учун давлат органлари, бизнес ва жамоатчилик ҳамжиҳатликда ишлаши муҳимлигини таъкидлади.

Мавзуга оид