Жаҳон | 07:42 / 02.08.2020
7660
2 дақиқада ўқилади

Crew Dragon икки фазогир билан Ерга қайтмоқда

АҚШнинг Crew Dragon кемаси Халқаро коинот станциясидан автоматик режимда ажралиб, ўз бортида астронавтлар Дуглас Херли ва Роберт Бенкен билан Ерга қайтмоқда. Бу ҳақда NASA хабар берди. 
        
Астронавтлар ХКСга 2 ой олдин етказилганди. Уларни Ерга қайтараётган фазовий кема Тошкент вақти билан 2 август соат 23:42да Флорида штати соҳиллари яқинида Атлантика океанида қўниши белгиланган. 

Айни вақтда ХКСда россиялик фазогирлар Анатолий Иванишин ва Иван Вагнер ҳамда америкалик Крис Кэссиди қолмоқда. NASA жорий йилда станцияга аёл астронавт Кэтлин Рубинсни жўнатишни режалаштирган. Рубинс октябрда фазога учирилиши режалаштирилган “Союз МС-17” кемаси экипажи таркибида ХКСга йўл олади. 2020 йилда NASA “Союз”даги бир ўрин учун Роскосмосга 90 млн доллар атрофида пул тўлайди. 

Crew Dragon кемаси SpaceX компаниясининг Falcon 9 ракетаси ёрдамида 30 май куни Флоридадаги космодромдан ХКС томон учирилганди. Бу хусусий компаниянинг илк бор коинотга фазогирларни олиб чиқиши бўлган. Шунингдек, NASA’нинг Space Shuttle дастури 2011 йилда тугатилгандан кейин америкалик астронавтлар биринчи марта ХКСга Россиянинг “Союз” кемасидан бошқа кемада жўнатилган. Кема ХКСга Дуглас Херли ва Роберт Бенкенни етказганди.  

Мавзуга оид