Карантин чекловлари юмшаган Туркия: масжидлар очиқ, пляжлар тўлиб-тошган, йўлларда тирбандлик
Бугунги кунга келиб Туркияда коронавирусга чалинганлар сони қарийб 231 мингни, вафот этганлар сони эса 6 мингга яқинни ташкил қилмоқда. Сўнгги ойларда кунлик ўлимлар сони асосан 15-20 та бўлмоқда. Мамлакатда коронавирус чора тадбирлари доирасида қабул қилинган деярли барча жиддий чекловлар бекор қилинган.
Чекловлар қачон ва қандай бекор қилинди?
Туркияда 1 июнь куни баъзи чекловлар олиб ташланди, коронавирус тарқалишига қарши кўрилган чора-тадбирларнинг бир қисми эса Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг 9 июнь куни қилган очиқламаси ортидан бекор қилинди. Хусусан, 65 ёшгача бўлган инсонларга қўйилган чекловлар енгиллаштирилди. 15 июнь куни тўйхоналар, 1 июль куни эса кино, театр заллари ишга тушди. Ресторан, кафеларнинг ёпилиш вақти соат 22:00 дан 24:00 гача узайтирилди.
Эндиликда 65 ёшдан ошган фуқаролар ҳам ҳафтанинг исталган куни соат 10:00 дан 20:00 гача кўчага чиқа оладилар. 18 ёшгача бўлган ёшларга ҳам чекловлар бекор қилинган.
Қандай қоидалар ҳамон амалда?
Май ойи охирида қабул қилинган қарорлар билан, 1 июндан ресторан ва кафелар каби очилиб, шаҳарлар орасидаги саёҳат чекловлари олиб ташланди.
Ресторан, кафе, қандолатхоналар, қаҳвахона, СПА салонлари, сауна, иссиқ булоқ, туркча ҳаммом ва сузиш ҳавзаси каби жойлар, шунингдек, спорт марказлари 24.00 гача «белгиланган қоидалар» асосида хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда парк ва боғлар, пикник жойлари, ҳордиқ чиқариш ва кўнгилочар масканлар, пляжлар, музейлар халқ учун очиқ. Ҳайвон дўконлари, кундузги парвариш марказлари, ҳайдовчилик мактаблари, кутубхоналар, ёшлар марказлари ҳам ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Денгиз саёҳати ва транспортидаги чекловлар ҳам маълум қоидалар доирасида олиб ташланган. Қисқаси, одамлар саёҳат қилиш, диққатга сазовор жойларда сайр қилиш, балиқ овлаш каби севимли машғулотлари билан шуғулланиш имконига эгалар. Фақат атиги уч шартга риоя қилсалар кифоя: ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш ва тозалик қоидаларига риоя қилиш.
Коронавирус эпидемияси сабабли маъмурий таътилга чиқарилган ёки мослашувчан иш тизимига ўтган давлат хизматчилари ҳам бугунги кунга келиб одатдаги иш соатларига қайтдилар. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланмаган сурункали хасталикка чалинган жамоат ходимларининг соғлиғи улар ишлайдиган муассасалар томонидан кузатиб борилиши назарда тутилган.
Қурбон ҳайити намози қандай ўқилди?
Туркиянинг кўплаб масжидлари, хусусан, жиддий тортишувларга сабаб бўлган Аё София жомеъсида ҳам Қурбон байрамининг биринчи куни ва жума намози сабабли гавжумлик кузатилди. 86 йиллик танаффусдан сўнг бу масжидда илк бор Қурбон ҳайити намози адо этилди.
Одамлар полиция томонидан ҳосил қилинган коридор шаклидаги тўсиқлар орқали назорат остида қабул қилинди. Таъкидлаш жоизки, Аё Софияга келганлар орасида бошқа мусулмон мамлакатлардан ташриф буюрган туристлар ҳам бор эди.
Масжид ва унинг ташқи майдонидан жой ололмаган одамлар кўчаларга жойнамоз ёйишди. Фатиҳ ҳокимияти жамоаси томонидан ташкил қилинган стендларда эса маҳаллий аҳоли ва туристларга овқат ва ичимликлар тарқатилди.
Йўллар тирбанд, соҳилларда эса жой йўқ
Бугун Бодрум, Мармарис, Дидим ва Кушадаси каби сайёҳлик марказларига олиб борувчи Соке туманида Қурбон байрами таътилига отланган инсонларга тегишли автоуловларнинг 5 километрлик навбати пайдо бўлди. Баъзи дам олувчилар соҳилдан жой топишга қийналишмоқда.
Анталиянинг машҳур Коняалти пляжлари қурбонлик байрамининг иккинчи куни ҳам гавжум. Кемер туманидаги денгиз кемалари эса дунёнинг турли нуқталаридан келган келган сайёҳларни Ўрта Ер денгизи соҳилида бирлаштирмоқда. Меҳмонлар тана ҳароратлари ўлчанган ҳолда кемаларга чиқарилмоқда. Аммо шунда ҳам, умумий миқёсда олганда, Сovid-19 доирасида кўрилган чора-тадбирларга қисман амал қилиниши кузатилмоқда.
Туризм соҳаси мутахассислари дам олиш масканларида ҳаракат кун ўтган сайин ортиб бораётганини таъкидламоқда. «Биз вилоят ва шаҳарларимизни тўсиқсиз ҳолга келтириб, ватандошларимизнинг бахтли ва осойишта ҳаёт кечиришларини таъминлаш учун ишлаяпмиз», – деди Атроф-муҳит ва шаҳарсозлик вазири Мурод Курум.
Бурдур тумани ҳокими Али Арслонтош эса оппоқ қумлари билан машҳур бўлган ва Туркиянинг «Малдив ороли» сифатида танилган Салда кўлига сайёҳларни чорлар экан, «Одамзод ҳали Марсга бора олганича йўқ, лекин сиз Салда кўлимизга келишингиз мумкин», деди.
Сақариянинг 60 минг аҳолига эга Қорасув тумани ҳам бугун сайёҳ ва меҳмонлар билан тўлиб тошган. Ётоқхоналар ва меҳмонхоналар 100 фоиз тўлгани айтилмоқда.
Истанбул аҳолиси ҳам байрам кунларини соҳил ва хиёбонларда ўтказмоқда. Байрам тантанаси муносабати Босфор, Ўртакўй, Бебек, Сариер, Авжилар, Бўстани, Молтепа ва Қартал аҳолиси денгиз қирғоқларига келиб, истироҳат боғларида сайр қилишмоқда. Баъзи фуқаролар эса Кучукчекмеже кўли бўйида балиқ овлашни афзал кўришмоқда. Авжилар Пашаели шаҳар боғида одамлар ниқоб тақиш ва ижтимоий масофани сақлаш бўйича анонслар орқали мунтазам огоҳлантириб турилибди.
Отабек Тиллаев,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
10:06 / 16.02.2023
Ковиддан кейинги синдром бир неча ой ичида ўзини намоён қилиши мумкин — мутахассис
03:31 / 16.02.2023
Коронавируснинг келиб чиқиши бўйича ЖССТ суриштируви тўхтаб қолди
10:02 / 31.01.2023
ЖССТ пандемия тугаганини эълон қилишига айрим ҳудудлардаги вазият тўсқинлик қилмоқда
23:06 / 16.01.2023