Жаҳон | 13:34 / 05.08.2020
79875
13 дақиқада ўқилади

Байрутдаги даҳшатли портлаш: беҳисоб қурбонлар ва келажак қаршисидаги хавотирлар

Ливан пойтахти Байрут шаҳрида 4 август куни рўй берган икки портлаш оқибатида 100дан ошиқ киши ҳалок бўлган, 4 мингдан ортиқ киши жароҳатланган, шаҳардаги бир неча квартал бутунлай вайрон бўлган. Ҳукумат берган баёнотга кўра, шаҳарнинг порт ҳудудида сақланган нитрат аммонийнинг (аммиак селитраси) катта партияси портлаган, бу моддалар кўп вақтдан буён тегишли хавфсизлик чоралари кўрилмаган ҳолда сақланган.

Фото: AP Photo/Hussein Malla

Қутқарувчилар тақдири номаълум бўлиб қолаётган юздан ортиқ кишини қидиришда давом этмоқда. Портнинг айрим ходимлари портлаш натижасида денгизга улоқиб кетган.

Байрутда икки ҳафталик фавқулодда ҳолат жорий этилиши кутилмоқда. Daily Star нашри хабарига кўра, мудофаа олий кенгаши фавқулодда вазият вақтида хавфсизлик бўйича жавобгарликни армияга топширишга чақирган.

Ҳукуматнинг бир неча йил давомида масъулиятсиз бўлгани ва ҳаракатсизлик қилгани портлашга сабаб бўлгани айтилмоқда.

«Бу бепарволик», - дея ўз манбаси сўзларини келтирмоқда Reuters. Агентлик бир неча қўмита ва судялар 2750 тонна миқдоридаги селитрадан иборат юкни сақлашдаги муаммоларни кўриб чиқишини қайд этган. Манбада айтилишича, пиротехника сақланадиган омборда бошланган ёнғин селитра сақланаётган омборга ўтган.

Портлаш озиқ-овқат инқирозини юзага келтириши мумкин - Ливан зарур маҳсулотларнинг аксар қисмини импорт қилади, буғдой захирасининг катта қисми портдаги омборхоналарда сақланган. Ливан иқтисодиёт вазири портдаги омборхоналарда қолган буғдой истеъмол учун яроқсиз ҳолга келганини маълум қилган, шунингдек, вазирликнинг омборхоналардаги ходимлари портлаш вақтида ҳалок бўлган.

Ҳодисадан кейин кўп сонли гувоҳлар ижтимоий тармоқда портлаш видеоларини тарқата бошлади, кадрларда порт ҳудудида аввалига қуюқ тутун устуни ҳосил бўлгани, кейин кучли портлаш рўй бериб, ҳавода қўзиқорин шаклидаги булутлар кўтарилганини кўриш мумкин. Портлаш тўлқини кўплаб биноларга жиддий шикаст етказди, порт атрофидаги бир неча километрлик ҳудудда жойлашган бинолар вайрон бўлди, автомобиллар ҳар томонга улоқиб кетган.

Маҳаллий нашрларнинг маълумотларига кўра, қурбонлар сони ўсиши мумкин, вайроналар остида қолиб кетган одамларни қидириш ишлари олиб борилмоқда.

Воқеа жойида бўлиб турган BBC мухбири Байрут порти жиддий шикастлангани, яқин орада унинг фаолияти тикланмаслиги ҳақида хабар берган. Бу амалда барча зарур маҳсулотларни импорт қилувчи мамлакат учун жиддий зарба бўлади.

«Атрофда жойлашган барча бинолар вайрон бўлган. Мен ойна синиқлари устидан ва тутунлар орасида юриб бордим», деган гувоҳлардан бири «Франс пресс» агентлигига.

Офат ҳудуди

Портлаш шу қадар кучли бўлганки, унинг овози Ўрта ер денгизида жойлашган, Байрутдан 240 километр узоқликда жойлашган Кипрда ҳам эшитилган.

Ливандаги Қизил Хоч жамияти Байрутдаги шифохоналар жароҳатланганлар билан тўлиб-тошгани ҳақида хабар берган.

Ливан президенти Мишель Аун мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилган, шунингдек ҳукумат томонидан ҳалокат оқибатларини бартараф этиш учун 100 млрд лира (66 млн доллар) ажратилишини ваъда қилган. Байрут офат ҳудуди деб эълон қилинди, ҳукумат бу ҳолатда хавфсизликни таъминлаш учун армиядан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги портлаш тўлқини оқибатида ушбу мамлакатдаги элчихонаси шикастлангани ва консул енгил жароҳат олганини маълум қилган.

Шунингдек, ТАСС агентлиги хабарига кўра, портлаш Россиянинг Байрутдаги элчихонасига ҳам таъсир кўрсатган, бир ходим жароҳат олган.

БМТ портлаш оқибатида ташкилотнинг Ливандаги тинчликпарвар миссияларини бажарувчи ҳарбий кемаси шикастлангани, бир неча ҳарбий хизматчи жароҳат олгани ҳақида маълум қилган. Жароҳатланганлар орасида Германия элчихонаси ходимлари ҳам бор.

Ауннинг маълум қилишича, портда 2014 йилдан буён 2750 тонна миқдоридаги нитрат аммоний сақланиб келинган (аввалроқ, бу селитра мусодара қилинган маҳсулот экани айтилган эди). У айбдорларни аниқлаб, жазолашга чақирди. Мамлакат бош вазири Ҳасан Диаб ҳам портлаш хавфи бўлган модда мусодара қилинган бўлгани ва 6 йил давомида тегишли хавфсизлик чоралари кўрилмаган ҳолда сақланганини тасдиқлади.

AP Photo/Bilal Hussein

Нитрат аммоний нима?
Нитрат аммоний - аммиак селитра номи билан машҳур бўлган модда бўлиб, ундан, одатда ўғит ва портловчи моддалар таркибий қисми сифатида фойдаланилади.

У очиқ олов билан алоқага киришганида жуда кучли портлаш ҳосил қилади. Аммиак селитра портлашидан кейин атмосферага токсик газлар, хусусан, азот оксиди ва аммиак буғларидан иборат заҳарли газлар тарқалиши мумкин. 

Бу моддалар жуда хавфли бўлгани туфайли уни сақлашда қатъий талабларга риоя этиш керак бўлади. Шулардан бири - нитрат аммоний сақланадиган бинода ёнғин хавфсизлиги таъминланган бўлишидир, бу бинога қандайдир қувурлар уланмаган бўлиши, унда портловчи моддалар тўпланиши мумкин бўлган тешиклар ёки бошқа қандайдир каналлар бўлмаслиги керак.

Экспертлар портлаш вақтида портда қизил рангли тутун ҳосил бўлганига асосланиб, у ерда айнан аммиак селитраси портлагани ҳақида хулоса беришган.

ОАВ версиялари

AP Photo/Bilal Hussein

Ливандаги LBC International телеканали ўз манбасига асосланган ҳолда, мамлакат хавфсизлик кенгаши йиғилиши вақтида президент Аун ҳодиса сабаби бўйича эълон қилган версияни келтирган. Унга кўра, портда пайвандлаш ишлари олиб борилаётган вақтда пиротехника воситалари алангаланган, шундан сўнг олов нитрат аммонийга етиб борган. Ҳозирча бу маълумот расман тасдиқлангани йўқ.

Бундан ташқари, ТАСС агентлиги ўз манбасига асосланиб хабар беришича, портлаган селитра Байрутга Африкага хавфли портловчи юклар ташиган Молдованинг Rhosus кемасида келиб қолган, кема 2014 йилда Ливан ҳукумати томонидан юк ташиш қоидалари бузилиши туфайли тўхтатилган.

ТАСС маълумотига кўра, кема экипажи украинлар бўлган, аммо 2014 йил мартида «Интерфакс» агентлиги Ливанда Молдованинг Rhosus номли юк кемаси қўлга олингани, унда нитрат аммоний ташилгани, бортда эса россиялик денгизчилар бўлгани ҳақида хабар берганди. Ўшанда улар портда озиқ-овқатсиз қолиб кетганидан шикоят қилишганди.

LBC International телеканали Ливан олий мудофаа кенгашига асосланиб хабар қилишича, Байрут портида 2014 йилда «Росус» кемасидан мусодара қилинган 2750 тонна аммиак селитра портлагани ҳақида хабар тарқатган.

«Росус» Байрутда 2750 тонна аммиак селитраси билан қўлга олингани ҳақида аввалроқ shiparrested.com (.pdf) сайти хабар қилганди. «Росус» ўша вақтда хабаровсклик тадбиркор Игорь Гречушкинга тегишли бўлган.

2013 йилда «Росус» кемаси Молдавия байроғи остида Грузиянинг Батуми портидан чиқиб, Мозамбикка йўл олган, кема йўлда техник носозлик туфайли Байрутдаги портга киришга мажбур бўлган. Ливан ҳукумати кемага денгизга чиқишга рухсат бермаган. Экипажнинг катта қисми қўйиб юборилган, бортда тўрт денгизчи қолган, улар фақат бир йил ўтиб Байрутдан кета олишган. Уларнинг сўзларига кўра, Игорь Гречушкин «кемани ўз ҳолига ташлаб қўйган».

Аммиак селитрани сақлаш таваккалчилиги туфайли «Росус» портдаги омборлардан бирига жойлаштирилган. MarineTraffic хизмати маълумотига кўра, кеманинг жойлашуви сўнгги марта 2014 йилда қайд этилган — у ҳозирги портлаш рўй берган ҳудудда турган.

Гувоҳлар нима дейди
Хади Насруллоҳ, BBC учун интервью берган гувоҳ:

Мен оловни кўрдим, аммо ҳали портлаш рўй бермаганди. Биз ичкарига кирдик. Тўсатдан қулоғим ҳеч нарсани эшитмай қолди, чунки биз жуда яқин ҳудудда эдик. Яна нимадир рўй бергани аниқ эди.

Тўсатдан яқинимизда турган машиналарнинг ойналари тўкилиб тушди. Кўчадаги бошқа машиналарнинг ҳам, дўконлар ва уйларнинг ҳам. Шунчаки ҳаммаёқда дераза шишалари учаётганди.

Байрутда ҳамма ўз яқинларига қўнғироқ қила бошлади - ҳаммаёқда бир хил ҳолат эди: деразалар синган, бинолар титраб кетган. Портлаш жуда кучли бўлган.

Биз даҳшат ичида қолгандик, чунки одатда портлаш фақат бир ҳудудда сезиларди. Бу сафар эса бутун шаҳар, балки шаҳар ташқарисида ҳам сезилди.

Суннива Роуз, журналист:

Биз Байрутга машинада кеч тушмасдан келгандик. Шаҳар ҳали қоронғи эмасди, ҳаммаёқда тартибсизлик, хаос ҳукмрон эди. Кўчалар синган ойналар билан тўлган. Тез ёрдам машиналари бу кўчаларда ҳаракатланишга қийналар - ҳаммаёқда ғишт парчалари, бетон бўлаклари тўлиб кетганди. Бутун уйлар қулаганди.

Биз порт ҳудудига яқинлашганимизда, у ерни ҳарбийлар ўраб олган экан. Улар узоқроқ туришни, яна портлаш рўй бериши мумкинлигини айтишди.

Қоронғи тушганча порт устини қуюқ тутун қоплаб турди. Бутун шаҳар қора эди. Кўчалардан юриб ўтиш жуда қийин эди: бизни қонга беланган одамлар кутиб оларди. Мен бир шифокор 86 ёшли аёлга ёрдам кўрсатаётгани устидан чиқдим, у аптека қутисини кўтариб уйидан югуриб чиққанди. Машиналар тошлар уюми остида қолган.

Менинг шахсий квартирамнинг ҳам ойналари синиб кетган. Зарар кўлами бемисл.

AP Photo/Bilal Hussein

Дунёдаги реакция
Ливан бош вазири Ҳассан Диаб дунё мамлакатларидан ёрдам сўради. «Мен дўст ва биродарларимиздан Ливан билан бирга бўлишни ва бизнинг бу оғир жароҳатимизни даволашда ёрдам кўрсатишни сўрайман», - деган у.

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон твиттерида шундай деди: «Мен бугун Байрутдан келган суратлар ва видеолавҳалардан шокка тушдим. Биз бу қўрқинчли ҳодисадан жабр кўрган барча одамлар учун дуодамиз».

АҚШ президенти Дональд Трамп жабрланганларга ҳамдардлик билдирди ва бу ҳодисани «даҳшатли ҳужум» деб атади. Америка Давлат котиби Майк Помпео твиттерда шундай ёзди: «Биз воқеалар ривожини кузатиб борамиз ва Ливан халқига бу қўрқинчли фожиани енгиб ўтишда ёрдам кўрсатишга тайёрмиз».

Франция Ливанга ёрдам ва зарур воситалар юборилганини маълум қилди.

Эрон ташқи ишлар вазири твиттердаги саҳифаси орқали Эрон Ливанга «зарур бўлган барча ёрдамлар» кўрсатилишини маълум қилди.

Исроил ҳукумати ҳам махсус баёнот бериб, «халқаро дипломатик каналлар орқали Ливанга мурожаат қилингани ва ушбу мамлакатга тиббий ва инсонпарварлик ёрдамлари таклиф этилгани» ҳақида хабар берди.

Ливанда нималар бўлмоқда

Жума куни БМТ трибунали Ливаннинг собиқ бош вазири, 2005 йилда теракт оқибатида ўлдирилган Рафиқ Ҳаририй иши бўйича суд ҳукмини эълон қилиб, бу иш бўйича 4 кишига сиртдан ҳукм чиқариши кутилаётганди.

Бу портлашда Эрон томонидан қўллаб келинадиган «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати айбланган. Ташкилот барча айбловларни рад этади.

Ливан сўнгги ойларда чуқур иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда. Вазият Covid-19 пандемияси туфайли янада ёмонлашган. Бу инқироз мамлакатда 1975-1990 йилларда бўлиб ўтган фуқаролик урушидан кейинги энг оғир инқироз сифатида баҳоланаётганди.

Кўчаларда тинч намойишлар бўлиб туради, унинг иштирокчилари ҳукуматни халқнинг аҳволини ўйламасликда, ислоҳотлар ўтказмасликда, фақат бойлик орттириш билан банд бўлишда айблайди. Ливанда вақти вақти билан электр ўчиб қолади, ичимлик суви етишмайди, тиббий хизматлар кўрсатиш соҳаси оғир аҳволда.

Бундан ташқари, сўнгги вақтларда Ливаннинг Исроил билан чегарасида ҳам вазият кескинлашган. Ўтган ҳафтада Исроил ҳукумати «Ҳизбуллоҳ» аъзоларининг чегарани кесиб ўтишга уринишининг олди олингани ҳақида хабар берди. Портлаш рўй бериши ортидан ижтимоий тармоқларда бу ҳодисада «Исроилнинг қўли борлиги» ҳақида ёза бошлашди, Исроил ҳукумати ҳам, Ливан ҳукумати ҳам бу тахминларни расман рад этди.

Таҳлил
Себастиан Ашер, BBC нинг Яқин Шарқ бўйича эксперти

Ҳодисага оид видеокадрлар ва фотосуратлар - бу нафақат Байрутдаги энг йирик портлашни, балки шусиз ҳам иқтисодий коллапс ёқасида турган Ливанда вазият оғирлашишини ифодалайди.

Портлаш рўй беришидан бир неча соат аввал Ливан энергетика вазирлиги биноси ёнида намойишчилар полициячилар билан тўқнашганди, намойишчилар яна бир марта иқтисодий инқироз учун раҳбарлардан изоҳ талаб қилишганди.

Экспертлар мамлакатда очлик юзага келиши эҳтимолидан огоҳлантиришган - иқтисодий вазият ёмонлашишда давом этса, мамлакат ҳудудида мазҳаблараро зиддият янгиланиши мумкин.

Қолаверса, бу портлаш кўпчиликнинг ёдига Рафиқ Ҳаририйнинг ўлдирилишини ёдга солди.

Ливанликлар ҳозирги портлаш шунчаки тасодифий фожиа экани, аввалдан режалаштирилган акт эмаслигига умид қилишмоқда.

Мавзуга оид