Ельцин, Путин, Қрим ва сайловлар ҳақида – Лукашенко катта интервью берди
Пайшанба куни Беларусь президенти Александр Лукашенко 9 август куни ўтказиладиган президентлик сайловлари олдидан сўнгги катта интервьюсини берди.
Беларусь президенти Александр Лукашенко украиналик журналист Дмитрий Гордонга интервью берди. 2 соатдан кўпроқ давом этган интервью давомида у жуда кўп мавзуларда гапирди.
Суҳбат давомида илк савол президентнинг отаси ҳақида бўлди.
«Отасиз қийин бўлганми? Тўғриси, мен эслолмайман. Урушдан 10 йил ўтган вақтда жуда кўпчилик отасиз ўсган. Тўғри, ҳозирги ҳаёт ва ўшандаги ҳаётни таққослаб бўлмайди. У вақтда жуда кўп камчиликлар бўлган, аммо болалигим мен учун яхшигина мактаб бўлган. Отам ҳақида ягона хотирам шуки, у бир марта олдимизга келганда жуда баланд одам бўлганини эслаб қолганман. Бу гапим учун онам мени кечирсин, лекин у менга отам ҳақида гапиришга рухсат бермасди. У мени қизғонар ва бола меники, деб айтарди. Онам оддий, саводсиз қишлоқ аёли эди».
Лукашенко ўз вақтида атеизмдан дарс бергани ҳақида гапирди.
«Шундай даврлар бўлганки, менга атеизм бўйича маъруза ўқиш вазифаси берилган. Чунки тарихчи бўлганман. Президентлигимдан кейин устозларимдан бири келиб «Жаноб президент, атеист бўлганингизни айтишни тўхтатинг, яхши эмас ахир», деганди. Лекин яшириб нима қилдим, чиндан шундай бўлган.
Албатта, мен ҳозир черковга бораман, рождетствони байрам қиламан, пасхани нишонлайман. Чунки уларни одамлар байрам қилишади. Менимча, ҳар бир одамнинг ичида ўз эътиқоди бўлади. Мен эътиқодни кўз-кўз қилишни истамайман. Шу сабаб бу мавзуни ҳеч қачон гапирмаганман. Бизнинг ҳаммамиз қайсидир маънода эътиқодлимиз».
Лукашенко Россиянинг биринчи президенти Борис Ельцин билан алоқалари яхши бўлганини айтди.
«Борис Николаевич билан муносабатларимиз жуда яхши эди. Биз сенлаб гаплашардик, чунки у шуни хоҳларди. Унинг «Беларусни хафа қиляпсизлар, яхши эмас, жаноб Чубайс», деган гапи ҳозиргача ёдимда. Елциннинг ҳамма республикалар билан муносабати яхши эди. У ўзининг катта эканини билар ва қолганларга ёрдам бериши кераклигини ҳис қиларди.
Путин вақтида қандай? У ўз сўзида турадиган одам. Агар музокаралар вақтида у сизга сўз беришига эришсангиз, бўлди, ҳаммаси ҳал бўлади. Лекин Путиннинг атрофидагилар ҳақида бундай деб бўлмайди. Масалан, олдинги бош вазир, ҳозиргисини билмайман. Айтайлик, бир куни учрашув вақтида нефть сотиб олиш бўйича гап кетди ва мен «Биз нефть сотиб оламиз, лекин сизнинг компанияларингизга мукофот пули тўламаймиз», дедим. Путин ҳайрон бўлиб ҳукумат вакилларига қаради. Кейин ҳар қанча нефть сотиб олинса ҳам, мукофот пулларисиз етказиб берилишини айтди. Лекин эртасига барибир тескариси бўлди».
Лукашенко Борис Ельцин ўрнига Путин келганидан афсуслангани ҳақида гапириб берди.
«Россия Куба ва Вьетнамдаги ҳарбий базаларни ёпиш ҳақида қарор қабул қилган вақт эди. Ўшанда мен Ельцинникида эдим. Унинг асабийлашишини кўринг эди. «Борис, тинчлан, сен президент эмассан, у яхшироқ билади, балки ҳозир бу базаларнинг Россияга кераги йўқдир, дедим. У эса нефть 8 доллар бўлганда ҳам бу базаларни сақлаб қолганини, уларнинг харажати копейка туришини гапирарди. Ельцин нега Путинни танлагани ҳақида эса гапира олмайман. Елцин меҳрибон одам эди. Мен уни меҳрибон рус айиғи деб атардим.
Биласизми, Ельцин Путин муҳим масалалар бўйича у билан маслаҳат қилишини кутган, аммо бундай бўлмаган. Чунки бу Путинга тўғри келмайди».
Беларусь президенти Путин у билан музокаралар вақтида ҳеч қачон бақирмагани ва таҳдид қилмаганини айтди.
«Музокаралар вақтида Путин билан қизишиб кетган вақтимиз бўлган. Лекин ҳеч қачон бақирмаганмиз. Путин умуман бақирадиган одам эмас, мен эса бақир-чақир қилиб тураман, лекин ўзаро суҳбатларда эмас. Путин менга ҳеч қачон таҳдид қилмаган. Унинг бир гапи бор: «Сенга таҳдид қилишнинг фойдаси йўқлигини билиб туриб нега бу ишни қилишим керак?». Чиндан менга таҳдид қилишдан фойда йўқ».
Лукашенко суҳбат давомида Путин 2036 йилгача президент бўлиб қолмаслигини ишонч билан маълум қилди.
«Йўқ, бу сиз томонингиздан ўйлаб топилган гап. Путин бу вақтгача президент бўлмайди. Мен буни кафолатлашим мумкин. Ишончим комил, у Россиянинг ҳозирги ривожланиш йўлини давом эттирадиган муносиб номзод топа олади. Путиндан безор бўлдимми? Йўқ. Унда одамни безор қилмайдиган нимадир бор. Масалан, Ангела Меркелдан безор бўлиш мумкин. Оҳ, бу бўри...».
Лукашенко Украина Қримни Россияга курашсиз топшириб қўйганини шармандали ҳолат сифатида тасвирлади.
«Кечирасиз, лекин сиз Қримни сақлаб қолиш учун нима қилдингиз? Ҳеч нима. Оддий мисол: бундай ҳолат бўлганда мамлакат раҳбари бутун армияни юқори шайлик ҳолатига ўтказиши керак. Ўша вақтда Украина армиясида ярим миллион аскар бор эди. Қандай қилиб Қримдек марваридни бериб қўйиш мумкин. Мендан бир қарич ерни олишга ҳаракат қилишсинчи? Мен уруш қилармидим? Албатта, шубҳасиз.
Қримни босиб олишга келганларни тўхтатиш, қўлга олиш керак эди. Улар минг киши атрофида бўлган. Агар ҳеч қандай имкон қолмасагина отиш мумкин эди. Отманглар дейишган? Ким айтган, Ангела Меркелми? Ахир бу сенинг еринг, қанақасига уни ҳимоя қилмаслик мумкин? Улар аввал сизнинг базаларингизни қўлга олишди, кейин Симферополга сизнинг олқишларингиз остида кириб боришди. Сиз эса ухлашда давом этдингиз? Ўз ерингизни шундай ҳимоя қиласизми?».
Беларусь президент мамлакатдаги ҳозирги мураккаб вазият ва «вагнерчилар»нинг қўлга олиниши ҳақида гапирди.
«Биласизми, ҳозир бизда ҳам аҳвол яхши эмас. Қўлга олинган одамларни биз тўлиқ назоратга олдик. Улар ким билан гаплашгани, Россияда ким уларга топшириқ бергани, хуллас ҳаммасини аниқладик. Россия худди Беларусни йўқотиб қўядигандек қўрқмоқда. Тўғрида, улар Болтиқ бўйини бериб қўйишди, Украинани бериб қўйишди, Беларусь ҳам кетса, нима қолади? Лекин бизни бўғишдан нима маъни? Ахир биз деярли битта миллатмиз.
Мен ҳозир барча ҳарбий бўлинмаларни шайлик ҳолатига ўтказганман. Бизнинг армия замонавий қуроллар билан қуролланган, ишонаверинг. Баъзи бўлинмаларимиз дунёда энг яхшилардан. Мен битта тугмани босдим ва улар тўлиқ шайлик ҳолатига ўтишди. Агар бизнинг ҳудудга бостириб киришса нима қиламан? Йўқ, ўқ отишни бошламайман. Чунки бу аҳмоқлик ва душманнинг фойдасига ишлайди. Отишмагача ҳужумни тўхтатишнинг кўп йўллари бор, аммо барча чоралаш иш бермаса, шубҳасиз, отишга топшириқ бераман. Ахир армия нега керак бўлмаса?».
Лукашенко ҳеч қачон мамлакатдан қочиб кетмаслигини айтди.
«Лукашенко қочиб кетади, деб гапиришади, лекин Лукашенко ҳеч қачон, ҳеч қаерга қочмайди. Болаларим ҳам ҳеч қаерга қочмайди. Биласизми, ким қочади? Чўнтаги қаппайганлар. Мен Москвага ёки Россияга кетиш ҳақида ўйлашни ҳам истамайман. Ахир у ерда пулсиз ҳеч нима қилиб бўлмайди. Менда эса Янукович каби Россияга бориб шоҳона ҳаёт кечириш учун пул йўқ».
Мавзуга оид
20:49 / 11.11.2024
Беларус расман БРИКС бўйича шерик давлат мақомини олди
22:17 / 07.11.2024
Лукашенко яна 31 нафар сиёсий маҳбусни афв этди
14:30 / 05.11.2024
Лукашенко: РФ Беларус орқали Полша, Литва, Латвия ва Украинага ҳужум қилмоқчи эмас
13:10 / 24.10.2024