Жаҳон | 21:31 / 11.08.2020
11065
2 дақиқада ўқилади

Литва Тихановскаяга бир йиллик виза берди

Беларусь президенти лавозимига номзодлардан бири бўлган Светлана Тихановская ўз штаби бошлиғи билан бирга 10 август кечки вақт Беларусдан чиқиб кетган. Кейинроқ у Беларусдаги норозилик намойишларини тўхтатишга чақирган.

Фото: Tut.by

Таъкидланишича, Тихановская Литвага кетган. Литва ташқи ишлар вазири Линас Линкявичюснинг маълум қилишича, расмий Вильнюс Тихановскаяга бир йиллик виза берган. 

Линкявичюснинг таъкидлашича, Тихановская Беларусда озодликдан маҳрум этилиши хавфи юзага келгани сабабли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган. 

Тихановская билан бирга Литвага унинг сайловолди штаби раҳбари Мария Мороз кетган.

Бу орада Австриянинг “Яшиллар” партияси Тихановскаяни Австрияга чақирган. Бу ҳақда Австрия миллий кенгаши (парламентнинг қуйи палатаси) депутати маълум қилган. Партиянинг ташқи сиёсат масалалари бўйича спикери Эва Эрнст-Дзидзичнинг таъкидлашича, охирги кунларда Беларусда юз бераётган воқеалар Александр Лукашенконинг президент сифатидаги кунлари поёнига етганини кўрсатган, чунки ҳеч ким ўз халқи истагига қарши ҳокимият тепасида бунча узоқ қололмайди.

“Мен Беларусь президентини ўз давлати фаровонлиги ҳақида ўйлашга ва намойишчиларга қарши куч қўллашдан тийилишга чақираман. Бу жорий вазиятнинг янада ёмонлашиши олдини олишнинг ягона йўлидир”, деб айтган Эрнст-Дзидзич.

11 август эрталаб Тихановская Литвага жўнаб кетгани ва видеомурожаат ёзгани маълум бўлган. У видеомурожаатида қийин танлов олдида қолгани ва “ҳаётидаги энг муҳим нарса - бу фарзандлари” эканини маълум қилган. Тихановскаянинг штабида унда танлаш имконияти бўлмагани, Литвага эса уни Беларусь расмий идоралари олиб чиқиб кетгани маълум қилинган. Бундан аввалроқ штаб Тихановскаянинг марказий сайлов комиссиясига ташрифдан кейин ғойиб бўлганини маълум қилган.

Мавзуга оид