Ўзбекистон | 22:12 / 12.08.2020
6017
1 дақиқада ўқилади

Жанубий Суданда аҳолидан қурол йиғиб олиниши вақтида 118 киши ҳалок бўлди

Жанубий Суданнинг шимолида ҳукумат армияси ва қуролланган маҳаллий аҳоли ўртасида тўқнашувлар содир бўлди. Бунинг оқибатида камида 118 киши ҳалок бўлган. 

Фото: АСН

“Синьхуа” ахборот агентлигининг хабар беришича, фожиа 9 августда ҳарбийлар Вараб штатида аҳолидан ўқотар қуролни йиғиб олиш бўйича операция ўтказаётган вақтда юз берган

Операция вақтида ноқонуний қурол сақлаган ва қочишга уринган йигит ушланган. Шу вақтда ҳарбийлар ва маҳаллий аҳоли ўртасида баҳс чиқиб, у отишмага айланиб кетган. Оқибатда 34 аскар ва 84 фуқаро ҳалок бўлган. Шунингдек, яраланганлар бор. 

Армиянинг расмий вакили эса отишмада 55 аскар ҳалок бўлганини маълум қилган. Бироқ у аҳоли орасидан неча киши ҳалок бўлганига ойдинлик киритмаган.  

Жанубий Суданда тез-тез элатлараро тўқнашувлар содир бўлиб туради ва маҳаллий аҳолининг аксарият қисми ўз хавфсизлигини таъминлаш учун ўқотар қурол сақлайди. Ҳукумат аҳолидан қуролни йиғиб олиш бўйича операция ўтказмоқда, бироқ кўпчилик қурол топширишни истамаяпти.

Мавзуга оид