Жаҳон | 10:38 / 12.08.2020
5386
2 дақиқада ўқилади

Минскда мобил алоқа ва интернет тикланди

Беларусь пойтахти Минск шаҳрида 9 августдан бери ишламаётган мобил алоқа ва интернет қайта тикланди.

Фото: Jedrzej Nowicki / Agencja Gazeta/via REUTERS

РИА Новости хабарига кўра, эрталаб соат 6:50дан бошлаб барча оммабоп ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар бир вақтнинг ўзида ишлаб кетган. 

9 август куни ўтказилган президент сайловида Беларусь бўйлаб интернет тармоғи ишида ва турли ресурслардан фойдаланишда муаммолар кузатилган эди. Кейинчалик президент Александр Лукашенко хориж давлатларини мамлакатдаги интернетни ўчириб қўйганликда айблади. 

«Кимдир аҳолини кўчага чиқишга чақирмоқда. Ҳатто хориждан туриб интернетни ўчиришяпти, одамлар орасида норозилик келтириб чиқаришяпти. Ҳозир мутахассисларимиз бу муаммо билан шуғулланишмоқда. Агар интернет ёмон ишлаётган бўлса, бу бизнинг ташаббус эмас, хорижники», — деди Лукашенко.

Беларусда 9 августда ўтказилган президент сайлови натижаларидан норози бўлган одамлар ва кучишлатар идоралар ходимлари ўртасидаги тўқнашувлар 3 кундан бери давом этмоқда. Расмий маълумотларга кўра, амалдаги давлат раҳбари Александр Лукашенко 80 фоиздан ортиқ, мухолифат етакчиси Светлана Тихановская эса 10 фоиздан ортиқ овоз тўплаган.

Тўқнашувлар пайтида махсус техника, сувпуркагичлар, нуршовқинли гранаталар, резина ўқлар қўлланмоқда, милиция ва ҳарбийлар намойишчиларни тарқатишда иштирок этмоқда.

Мавзуга оид