Жамият | 11:45 / 12.08.2020
26959
5 дақиқада ўқилади

Паст Дарғом тумани ҳокими қарори яна бекор бўлди: бу сафар ҳокимлик судда ютқазди

Kun.uz сайтида «Паст Дарғомда балиқчилар хонавайрон бўлмоқда. Туман раҳбарлари тадбиркорларга қасд қилганми?» сарлавҳаси остида танқидий материал эълон қилинган эди.

Унда туман прокуратураси протестига кўра, туман ҳокими Ш.Худойбердиев балиқчиликка ихтисослашган «Шомбулоқ сазан балиқлари» ҳамда «Анҳор суви» фермер хўжаликларига ажратиб берилган ер майдонларини аввалги туман ҳокими қарорини бекор қилиб, туман захирасига қайтариш бўйича асоссиз қарор чиқаргани танқид остига олинган эди.

Маълумки, Бизнес-омбудсманда тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб судларга аризалар, даъволар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжуд.

«2020 йилнинг 7 ойи мобайнида Бизнес-омбудсман ходимлари томонидан тадбиркорлар манфаатини кўзлаб судларга 277та ариза, даъво ариза ва шикоятлар киритилди.

Судлар томонидан мазкур ҳужжатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра чиқарилган қарорларга мувофиқ, бу даврда давлат идораларининг 197та ноқонуний қарори ҳақиқий эмас деб топилди, тадбиркорлар фойдасига 47 млрд сўм ундирилиши белгиланди.

Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларисиз инсонлар ҳаётини тасаввур қилиб бўлмайди ва уларда ахборот ва сўз эркинлиги таъминланмоқда. Бизнес-омбудсман ҳам барча ОАВ билан ҳамкорликда тизимли ишламоқда ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда амалга оширилаётган ишлар мунтазам равишда ёритилиб бормоқда. ОАВда тадбиркорларни ҳуқуқлари бузилган ҳолатлар юзасидан чиқарилаётган мақолаларга тезкорлик билан чоралар кўрилмоқда», — дейилади Бизнес омбудсман матбуот хизматининг таҳририятга тақдим этган маълумотномасида.

Жумладан, Самарқанд вилояти, Паст Дарғом туманида фаолият кўрсатувчи «SHOMBULOQ SAZAN BALIQLARI» ва «ANHOR SUVI» фермер хўжаликлари ер майдонлари туман ҳокимлиги томонидан ноқонуний олиб қўйилгани бўйича Kun.uz сайтида танқидий мақола чиқарилган куннинг ўзида вазият Бизнес-омбудсман томонидан назоратга олинди ва тадбиркорни бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича тегишли чоралар кўрила бошланди.

Александр Якубов, «Шомбулоқ сазан балиқлари» фермер хўжалиги раҳбари.

Ўтказилган ўрганишлар натижасида, Паст Дарғом тумани ҳокимининг тегишли қарорларига асосан «SHOMBULOQ SAZAN BALIQLARI» фермер хўжалигига 7,4 гектар, «ANHOR SUVI» фермер хўжалигига 8,6 гектар ер майдонлари ажратилгани, фермер хўжаликлари мазкур ер майдонларида фаолият юритиб келиб бир қанча иш ўринлари яратгани, давлатга солиқ тўловларини тўлаб келгани аниқланди.

«SHOMBULOQ SAZAN BALIQLARI» фермер хўжалиги ва «ANHOR SUVI» фермер хўжалиги раҳбарлари томонидан уларга ижарага берилган ер майдонларини туман ҳокимлиги захирасига қайтариш бўйича розилик берилмаган ҳамда мазкур ҳолат юзасидан суднинг тегишли қарори қабул қилинмаган бўлсада, Паст Дарғом туман ҳокимининг 2020 йил 15 апрелдаги №606–Қ сонли ва №607–Қ сонли қарорлари билан фермер хўжаликларининг ер майдонлари туман ҳокимлиги захирасига қайтариб олинган.

Ваҳоланки, «Маъмурий тартиб таомиллар тўғрисида»ги Қонунининг 59-моддасига асосан манфаатдор шахснинг ишончли ҳимоя қилиниши лозим бўлган ҳолларда, маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи суд тартибида кўриб чиқилади.

Шунингдек, Ер кодексининг 24-моддаси, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддаси ҳамда «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддасига мувофиқ, ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади.

Мазкур ҳолат юзасидан тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида тўпланган барча ҳужжатлар адолатли қарор қабул қилиш учун маъмурий судга юборилди ҳамда тақдим этилган ҳужжатлар ва ҳолат юзасидан Каттақўрғон туман маъмурий судининг раиси С.Солиев томонидан суруштирувлар ўтказилди.

Натижада, суд томонидан 2020 йил 21 июль куни чиқарилган ҳал қилув қарорига асосан, Паст Дарғом туман ҳокимининг 2020 йил 15 апрелдаги №606–Қ сонли ҳамда №607–Қ сонли қарорлари ҳақиқий эмас, деб топилди ва тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди.

Кўриб турганингиздек, Паст Дарғом туман ҳокимининг қарорлари бу сафар суд орқали бекор бўлди. Олдинги сафар фермерлардан ерни тортиб олиб, туман захирасига қайтариш тўғрисидаги қарор вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг қарори билан бекор қилинган эди.

Энди кўрамиз. Ниҳоят, туман ҳокимлиги озиқ-овқат маҳсулоти етиштираётган фермерларга эмин-эркин нафас олиб ишлашга қўяр эканми ёки яна бирорта «найранг» ўйлаб топиладими?

Шуҳрат Шокиржонов,
журналист.

Мавзуга оид