Жамият | 17:39 / 13.08.2020
31143
8 дақиқада ўқилади

Университет танлашда алданиб қолманг! — хорижда ўқиш бўйича тавсиялар

Айни кунларда оммавий ахборот воситалари, телевидение, радио ва реклама тарқатишнинг бошқа манбаалари орқали хорижий давлатлардаги олий таълим муассасаларига (ОТМ) ўқишга таклиф қилувчи турли кўринишдаги реклама эълонлари авж олди. Сабаби, юртимизда бўлгани каби дунёнинг кўплаб мамлакатларида ОТМга ўқишга қабул жараёнлари кетмоқда.

Фото: Shutterstock

Таклифлар кўп, барчаси турфа хил. Ана шундай вазиятда абитуриент ёки унинг ота-онаси қайси ОТМни танлашни билмай бош қотириши табиий.

Ушбу тавсиялар билан хориждаги ОТМни танлашда нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида билганларимиз билан ўртоқлашмоқчимиз. Демак, бошладик.

Мақсадингизни аниқ белгилаб олинг: сизга сифатли таълим керакми ёки хорижга чиқиш имконияти?

Интернетдан олинган маълумотларга кўра, дунёда тахминан 200 мингга яқин ОТМ мавжуд экан. Уларнинг кўпчилик қисмида дунёнинг исталган мамлакати фуқаролари тахсил олишлари мумкин. Аммо уларнинг ҳаммасида ҳам таълим сифатини кўнгилдагидек, деб бўлмайди. Дунё миқёсида тан олинганлари ҳам кўп эмас.

Шундай экан, ОТМни танлашда энг аввало киши ўз олдига қўйган мақсадига аниқлик киритиб олиши керак бўлади. Cифатли таълим олиб, малакали кадр бўлиб етишиш истагида бўлган киши, албатта, ОТМнинг сифатига, дунё рейтингида тутган ўрнига, таълим йўналишининг актуаллигига эътибор қаратиши лозим бўлади. Аксинча, шунчаки орзудаги хорижий давлатга етиб олишни кўзлаган одамга ОТМнинг қандай бўлиши унчалик аҳамиятли бўлмаслиги мумкин.

Ҳам ўқиб, ҳам ишлаб контракт учун керакли суммани ўзим топаман, керак бўлса, оила аъзоларимни ҳам моддий таъминлайман, деб ўйласангиз, янглишасиз. Чунки бундай шароитда на ўқишнинг сифати яхши бўлади ва на ишнинг. Кўплаб юртдошлар хорижга бориб олиб, моддий томондан қийналиб қолишади. Шундай қийинчиликларнинг аксарияти ўқишни ташлаб, ватанга қайтиш билан якун топади.

Хориждаги ОТМларга берилган «отзыв»лар билан танишинг

Бирор ОТМни танлашдан аввал унинг расмий веб-сайти ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини кўздан кечиринг. Имкони бўлса, ижтимоий тармоқлар, масалан Facebookдаги саҳифангиз (агар бўлса) орқали, ўзингиз қизиқаётган ОТМда ўқиган одам бўлса, у ҳақида қандай фикрда экани тўғрисида фикр қолдиришларини сўраб пост жойланг. Кимдир албатта сизга бу ҳақда маълумот беради.

Яна бир муҳим нарса, ОТМнинг топ-рейтингларда тутган ўрнини кузатинг.

«Ҳеч қандай имтиҳонларсиз талаба бўлинг!» деган чақирувдан кўп ҳам ҳаяжонга берилиб кетманг. Чунки халқаро тажрибада «харидоргир» бўлмаган ОТМларнинг чет эл фуқароларини имтиҳонсиз қабул қилиш амалиёти мавжуд. Бундан кўзланган асосий мақсад эса ОТМнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашдир. Халқаро рейтингларни шакллантиришда чет эл фуқароларининг жалб этилгани даражаси муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Ҳеч қандай имтиҳонсиз ўқишга кирдингиз дегани ўқишни ҳам ҳеч қандай имтиҳонсиз тугатасиз, дегани эмас. Чет тилини билмасангиз ва ўтилган фанларни етарли даражада ўзлаштирмасангиз, биринчи семестрдаёқ ҳайдалиш куйини чалишингиз муқаррар. Унутманг, ўзлаштирилмаган фанни қайта ўқиш ҳам пул туради, унга ҳам вақт кетади. Сиз бир семестр учун тўлаган пул ва битта хорижлик талаба ўқиди деган статус университетни фойдасига қолади.

Таълим тили энг асосий талаб эканини унутманг – бирорта хорижий тил, масалан инглиз ёки рус тилини билмасангиз ва яқин 3-4 ой ичида ўрганиб олишга кучли иштиёқингиз бўлмаса, шу йилда хорижда таҳсил олиш фикридан воз кечинг ва керакли тилни ўрганинг.

Ҳар қандай хорижий олий ўқув юртлари тил билиш кўникмасини сўрайди. Бунга талаба тайёр бўлиши керак. Тил билиш кўникмаси одатда IELTS, TOEFL каби халқаро тан олинган тестинг тизимлари тақдим этадиган сертификатлар орқали баҳоланади. Аммо ОТМ ўзи ҳам махсус тестларни таклиф этиши, 1 йил тил курсида ўқишини таклиф этиши мумкин.

Кўпчилик шу таклиф бўйича кетиб, кейин талаба бўламан деб ўйлайди. Бу хато. Аслида 1 йилдан кейин, масалан, Хитой тилидан керакли даражага чиқа олмасангиз, сиз фақат Хитойда яшаб, тил ўрганишга ҳаракат қилиб, керакли баллни тўплай олмаган бўласиз.

Хорижга юбормоқчи бўлган «компаниялар»ни обдон текширинг, истеъмолчи сифатида бунга тўла ҳақлисиз!

Маълумки, бугунги кунда кўплаб фирмалар хориждаги ОТМга киритиб қўйиш бўйича хизматларини таклиф қилмоқдалар. Аслида, уларнинг иш услуби кўп ҳам мураккаб эмас. Ўзига чақирувчи эълонлар беришади, мижозларни (абитуриентлар) тўплаб, ҳужжатларини хориждаги ОТМга топширишади ва яна айрим кичик техник, консультатив ишларни бажаришади. Шу хизматлар учун муайян ҳақ олишади.

Ана шундай фирмалар билан муносабатларга киришишда уларнинг сизни юбормоқчи бўлаётган ОТМ билан расмий шартномаси бор-йўқлигини сўранг. Ўзаро ҳамкорлик шартномаси йўқми, демак билингки, бу фирма сизни алдамоқда. Улар таваккалга иш тутишади ва юз бериши мумкин бўлган оқибатлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди. Қиладиган иши – интернет орқали ОТМ сайтига кириб, онлайн формани тўлдиради, тамом. Қолган барча маълумотларни (нима қилиш кераклигини) ОТМнинг ўзи сизни электрон почтангизга юбориб туради.

Уларнинг ваъдаларига учманг. Ваъдалар тахминан қуйидагича бўлиши мумкин:

– Фалон давлатдаги ОТМларга ҳеч қандай имтиҳонларсиз ўқишга киринг!

– Контракт нархи йилига 250 АҚШ доллари!

– Дипломи нострификациясиз Ўзбекистонга ўтади!

– Бир йилдан кейин ўқишни Ўзбекистонга кўчириш мумкин!

Фирибгарлардан огоҳ бўлинг! Бирорта ОТМ билан шартномаси бўлмаган, ҳамкорлик ўрнатмаган фирмалар ҳам учраб турибди. Улар сизни чалғитиш мақсадида керакли ҳужжатларни фотошоп усулида тайёрлаб олган бўлиши ҳам мумкин.

Имтиҳонсиз ўқишга кириш ҳақидаги фикрларимизни юқорида айтдик. Унутманг, дипломнинг нострификацияси ва ўқишни Ўзбекистонга кўчириш масалалари бу фирмаларга боғлиқ эмас.

Аслида бу компаниялар бажарадиган ишни ҳар бир шахс ўзи ҳам қила олиши мумкин. Бунинг учун бироз қунт қилиб, интернет «титиш» лозим. Ҳар бир ОТМнинг расмий сайтида ўқишга қабул қилиш шартлари ва талаблари ёзилган бўлади.

Яна бир муҳим жиҳат, Ўзбекистонда туриб сизни ўқишга киритиб қўйишга ваъда бераётган фирма хизматларидан фойдаланмоқчи бўлсангиз, албатта ёзма шартнома тузинг. У кўрсатадиган хизматлар нимадан иборат эканини сўранг ва буларни шартномада акс эттирилишини талаб қилинг. Тўловни ўзбек сўмида, фирманинг банкдаги ҳисоб рақамига тўланг ва квитанциясини шартноманинг ўзингиздаги бир нусхаси билан бирга сақланг. Мободо муаммо чиққудек бўлиб қолса сизга асқотади.

«Бир йилдан кейин ўқишни Ўзбекистонга кўчирволаман» дегувчилар, огоҳ бўлинг, бу шунчаки юз бермайди

Энг аввало, сиз хорижда ўқиган таълим йўналишингизга мос келадиган йўналишни республикамизда ҳам топишингиз керак бўлади.

Шунингдек, Низомга кўра, республика ОТМларидаги мавжуд таълим шаклидан ўзга шаклда таълим олганингиз ёки хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлмаган ОТМларида ўқиганингиз ўқишни Ўзбекистонга кўчиришингизга тўсқинлик қилади.

Бундан ташқари, ўқишни кўчириш жараёнидаги расмиятчиликлар ҳам талайгина эканини айтиш лозим.

Ўзингизни асранг, пулингизни беҳудага совурманг

Ўзбек халқида бир гап бор: «ўзида бўлса ўқийди». Дарҳақиқат, инсоннинг ўзида ҳаракат, билим олишга интилиш ва рағбат бўлса, унга қайси ОТМни тамомлашнинг аҳамияти йўқ. Дунё бўйича кўзга кўринган нуфузли инсонларнинг тарихи билан қизиқинг, уларнинг бу даражага эришишларига фақат улар тамомлаган университет сабаб бўлмаганига амин бўласиз.

Барчаси ўз ҳаракатингизга боғлиқ. Хеч бир замонда таълим олиш бепул бўлмаган. Пешона тери билан топилган пулларингизни ишончсиз ва самарасиз жойларга сарфламанг.

Тузоққа тушиб қолмаслик учун ўқинг ва ўрганинг!

Дилшод Абдуқодиров

Мавзуга оид