Имтиҳонга яқин қолганда паспортини йўқотиб қўйган абитуриент қандай йўл тутиши кераклиги айтилди
Кириш имтиҳонлари бошланишига яқин вақт қолганида паспорти йўқолган абитуриент ўзи ҳужжат топширган ОТМнинг қабул комиссиясига мурожаат қилиб, огоҳлантириши ва ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимидан шахсини тасдиқловчи маълумотнома олиши керак бўлади.
АОКАда ўтказилган брифингда Миллий гвардия бошқарма бошлиғи Саъдулла Сафаев томонидан кириш имтиҳонларига яқин паспортини йўқотиб қўйган абитуриентлар қандай йўл тутиши лозимлиги ҳақида маълумот берилди.
«Фуқаролик паспортини йўқотиб қўйган абитуриент зудлик билан ўзи ҳужжат топширган ОТМ қабул комиссиясига мурожаат қилиши керак. Унинг ҳолати ўрганиб чиқилади ва абитуриентга тест синовини топшириш учун паспорт ўрнига шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат тақдим этиш юзасидан розилик берилади.
Абитуриентга шахсни тасдиқловчи ҳужжат берилгандан сўнг назорат пунктида унинг шахси тасдиқланади ва шундан кейин у имтиҳонга киритилиши мумкин», деди Миллий гвардия расмийси.
Kun.uz мухбири мазкур тартиб юзасидан қўшимча маълумот олиш учун Миллий гвардия бошқарма бошлиғи Саъдулла Сафаев билан боғланди.
Унинг таъкидлашича, имтиҳонга яқин паспорти йўқолган абитуриент ўзи ҳужжат топширган ОТМнинг қабул комиссиясига мурожаат қилганда уларга ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилиб, шахсини тасдиқловчи маълумотнома олишлари кераклиги тушунтирилади. Шунингдек, қабул комиссияси паспорти йўқолган абитуриентлар рўйхатини кириш имтиҳонларини назорат қилувчи масъул ходимларга тақдим этади.
«Паспорти йўқолгани учун маълумотнома билан келган абитуриент кириш имтиҳонларига киришдан олдин назорат пунктларида текширувдан ўтказилади. Шахси юзни таниб олиш қурилмалари ва бармоқ изларини текшириш орқали уларнинг шахси аниқлаштирилгач, имтиҳонга киритилиши мумкин бўлади.
Бундай абитуриентларнинг паспорти йўқолган бўлса ҳам, электрон базада уларга тегишли ҳамма маълумот мавжуд бўлади. Шунинг учун бундай ҳолатда ҳам бир абитуриентнинг ўрнига бошқа абитуриент имтиҳонга киришига йўл қўйилмайди», дея қайд этди Саъдулла Сафаев.
Қўшима қилинишича, паспортини йўқотган абитуриент ўзи топширган ОТМнинг қабул комиссиясига мурожаат қилиб, уларни огоҳлантириши улар ҳақида олдиндан маълумот шаклланитирилишига ва имтиҳонга киришда муаммолар бўлмаслигига ёрдам беради.
Мавзуга оид
17:33 / 07.12.2024
Кипр Путиннинг собиқ курсдошига берилган «олтин паспорт»ни олиб қўймади
17:27 / 26.11.2024
Қозоғистон паспорти Марказий Осиёда энг кучли деб топилди
18:21 / 13.08.2024
“Шоҳ асар” — Канаданинг янги паспорти дизайни ҳақида
08:35 / 20.07.2024