Жаҳон | 00:26 / 17.08.2020
37546
8 дақиқада ўқилади

Ўрта ер денгизидаги можаро: ЕИ Туркия ва Грецияни босиқликка чақирмоқда

Европа иттифоқи давлатлари ташқи ишлар вазирлари шошилинч йиғилиш ўтказиб, Греция ва Туркиянинг Ўрта ер денгизи шарқидаги зиддиятини муҳокама қилди. Туркия ҳарбийлари бу масала юзасидан баёнот берган, унда Франция ўз мускулларини намойиш этиб қўйишда айбланган.

AFP

Греция ва Туркия муносабатлари яхши бўлмаса-да, бу давлатлар Шимолий-Атлантик альянс таркибидаги иттифоқчилар ҳисобланади.

Туркия ва Греция қарама-қаршилиги шу ҳафтада Ўрта ер денгизи ҳудудида икки давлат ҳарбий кемалари тўқнашгач, янада кескинлашди. Греция бу ҳодисани тасодиф деб атамоқда, Туркия - эса олдиндан режалаштирган провокация сифатида баҳоламоқда.

Европа етакчилари томонларни вазиятни кескинлаштиришдан тийилишга чақирмоқда.

Греция Туркияга нисбатан санкция қўлланишини сўраган, ЕИнинг бошқа давлатлари музокараларни афзал кўрмоқда. Видеоконференция шаклида ўтказилган йиғилиш иштирокчилари август ойи охиридаги ЕИ саммитида Шарқий Ўрта ер денгизи масаласига қайтиш бўйича келишиб олишган.

Туркия ташқи ишлар вазири Швейцария баҳсни ҳал қилишда воситачи бўлишга тайёрлигини маълум қилди, бу Афинани ҳам, Анқарани ҳам қаноатлантиради.

Туркия ва Греция муносабатларидаги бу кескинлик Европанинг бошқа давлатларига ҳам таъсир қилади.

Туркия жума куни бир неча марта Францияни ҳарбий куч билан босим ўтказишга уринишда айблади.

«Франция зиддиятни кучайтириши мумкин бўлган қадамлардан тийилгани маъқул. Мускулларни кўрсатиш билан улар ҳеч нарсага эриша олишмайди. На Ливияда, на Сурияда, на Ироқда ва на Ўрта ер денгизида», деди Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли Швейцарияга ташрифи давомида.

Пайшанба куни Франция Ўрта ер денгизининг шарқий қисмига қўшимча кучлар ташланиши ҳақида маълум қилди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам Европанинг эҳтимолий босими бўйича фикрларини билдириб, ўз мамлакати арзимас ҳужумга ҳам жавоб қайтаришини билдирган.

Бу ҳудудда можаро юзага келиши биринчи марта эмас. Аслида гап нимада?

Нима бўлди?
Ҳозирги қарама-қаршилик - Ўрта ер денгизидаги нефть ва газ кимга тегишлилиги бўйича баҳсларнинг давомидир. Туркия Греция ўзига тегишли деб ҳисоблайдиган шельф ҳудудида шу вақтгача ҳам бир неча марта разведка ишларини ўтказган.

Зиддиянинг навбатдаги босқичи ҳафта бошида бошланганди - душанба куни бешта ҳарбий кема ҳамроҳлигидаги «Ўруч Раис» геоқидирув кемаси баҳсли ҳудудга кирганди. Греция флоти зудлик билан ўз кемалари гуруҳини йўллади.

Чоршанба кун ишга Франция аралашди - президент Эммануэль Макрон аввалига Туркияни разведка ишларини тўхтатишга чақирди, кейин эса французларнинг иккита «Рафаль» русумли қирувчи самолётлари ҳамда «Лафайет» типидаги фрегати ушбу ҳудудда қолдирилишини маълум қилди. 

Макрон Греция бош вазири Кириакос Мицотакисни француз ҳарбийлари минтақадаги вазиятни диққат билан кузатиб боришларига ишонтирди.

Пайшанба куни тонгида француз кемалари Греция флоти билан Крит ороли яқинида қўшма машғулотларда иштирок этди.

«Эммануэль Макрон - Грециянинг ҳақиқий дўсти ва Европа қадриятларининг қизғин ҳимоячиси», дея ёзди твиттердаги саҳифасида греклар бош вазири.

Шельф масаласидаги баҳсда одатга кўра Кипр, Миср ва Исроил ҳам Грециянинг ёнини олиб чиқишди, ушбу давлатлар шельфдаги углеводороднинг Европага етказиб берилиши бўйича лойиҳада ҳамкорлик қилишади.

«Ўруч Раис» (марказда) геосиёсий можаро марказида қолди
ANADOLU AGENCY

Туркия раҳбари аввалига кескин реакция билдирди, аммо кейинроқ гапириш оҳангини юмшатди.

Эрдўған исмини тилга олмаган ҳолда, «ҳатто Ўрта ер денгизига тўғридан тўғри чиқа олмайдиган давлат» Грецияни хато қадамлар ташлашга ундаётгани ҳақида гапирган. Аммо бир неча соат ўтиб президентнинг Германия канцлери Ангела Меркель билан телефон мулоқотидан кейин, Анқара нисбатан мўътадил баёнот берди.

Унга кўра, Туркия муросага ва халқаро ҳуқуқ асосида мулоқот қилишга тайёрлиги билдирилган.

Пайшанба куни Исроил ҳам Грециянинг ёнини олиб чиқди. Бу ҳақда Греция ташқи ишлар вазири Никос Дендиас Биньямин Нетаньяху ва Исроил ТИВ раҳбари Габи Ашкенази билан учрашувдан кейин маълум қилди.

«Мен исроиллик ҳамсуҳбатларимга Туркия томонидан қоида бузилиши минтақадаги барча давлатлар учун хавф солишини тушунтирдим», деган у.

Ўрта ер денгизига французларнинг қандай кучлари жойлаштирилган?

REUTERS
  • Чоршанба куниёқ минтақага Байрутдаги портлаш оқибатларини бартараф этиш учун «Мистраль» тоифасидаги «Тоннер» вертолёт ташувчиси жўнаб кетганди.
  • «Лафайет» типидаги фрегат (бортида бошқарилувчи ракета қуроллари бор) аввалроқ ушбу ҳудудга манёврлар ўтказиш учун юборилганди ва энди кема Греция ёки Кипр ҳудудий сувларида қолади.
  • «Рафаль» қирувчи самолётлари ҳам манёврлар учун Кипрдаги базага жойлаштирилганди, аммо энди улар Критга ўтказилади.
  • Бу қарори ҳақида Макрон твиттердаги саҳифасида эълон қилди, унда француз ҳарбийлари Греция ва Европадаги бошқа шериклар билан ишлашини айтди. Шу билан бирга, Туркияни НАТО аъзоси сифатида мулоқотга чақирди.

«Кескинлик ўсиши тугаши керак. Қўшни давлатлар ва НАТО бўйича иттифоқчилар хотиржам мулоқотга киришиши керак», деган французлар президенти.

Шельф низоси
Туркия ва Греция ўртасидаги Кипр туфайли эски можаро яқинда энергетик ўлчовларга эга бўлди. Греция ва Туркия углеводородларга бой денгиз шельфлари участкаларини ажратиб олишди ва бунда уларнинг ҳудудий даъволари бир-бирига терс келди. Бу масалада ҳар икки томон минтақада ҳам, ундан ташқарида ҳам ўз тарафдорларига эга.

Сўнгги йилларда Кипр яқинидаги сувларда углеводородларга бой захиралар аниқланди. Кипр, Греция, Исроил ва Миср конлардан фойдаланишда ҳамкорлик қилишга келишди. Келишувга кўра, нефть ва газ Ўрта ер денгизи туби бўйлаб ўтувчи 2 минг километрлик қувур орқали Европага ташилиши кўзда тутилган.

Ўтган йилда Туркия ҳам Кипр қирғоқлари яқинида углеводородларни қазиб олишни кўпайтира бошлади.

Кипр ороли 1974 йилда икки қисмга бўлинган. Орол шимоли фақат Анқара томонидан тан олинадиган Шимолий Кипр турк республикаси назоратида.

Ўтган йилнинг ноябрида Туркия Ливия билан денгиз чегараларини делимитация қилиш ҳақидаги келишувни имзолади. Унга кўра, Туркия Шарқий Ўрта ер денгизининг Ливия иқтисодий ҳудуди чегараларига қадар бўлган қисмини ўзининг иқтисодий ҳудуди деб ҳисоблайди.

Май ойида Анқара Кипрдан ғарбда жойлашган яна бир қанча участкаларда қазиш ишларини бошлашни режалаштираётгани ҳақида маълум қилди, бу эса Греция ва унинг ҳамкорларини хавотирга солди.

Туркия ҳукумати Шарқи Ўрта ер денгизидаги конларда, шу жумладан, Крит ва Кипр яқинидаги шельфларда қазиш ишларини олиб бориш учун компанияларга лицензиялар бера бошлади.

Туркия вице-президенти Фуат Ўктой июль ойида мамлакат ўз манфаатларини ҳимоя қилишини билдирди. «Шимолий Кипр ҳам, Туркия ҳам ўз энергоресурсларидан воз кеча олмайди», деди у.

Бунга жавобан Греция ва Миср ўзининг эксклюзив иқтисодий ҳудудини ташкил этган. Бу бўйича келишув 6 август куни имзоланган. Греция бу келишув Туркия ва Ливия келишувни бекор қилишини билдирган.

Marinetraffic.com сайти маълумотига кўра, туркларнинг «Ўруч Раис» кемаси ҳамон разведка ҳудудида, Кипр ғарбида қолмоқда. Аввалроқ Туркия ҳукумати унинг миссияси икки ҳафта давом этишини маълум қилганди.

Мавзуга оид