Ўзбекистонда «Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди
Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш ҳисобланади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказишнинг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат:
- фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;
- қонунийлик;
- ихтиёрийлик;
- оммавийлик ва очиқлик;
- тинч асосда ўтказилиши;
- томонларнинг ўзаро жавобгарлиги.
Митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш давомида қуйидагилар тақиқланади:
уларни конституцион тузумни тажовузкорлик йўли билан ағдариш, миллий, ирқий ёки диний адоватни қўзғаш, зўравонлик ва урушни тарғиб қилиш мақсадида ўтказиш;
давлат органлари ва ташкилотлар, корхона ва муассасаларнинг иш фаолиятига тўсқинлик қилиш;
шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи атайин ёлғон маълумотларни қасддан тарқатиш;
митинг, йиғилиш ва намойиш ўтказиладиган ҳудудда транспорт воситаларидан фойдаланиш;
ниқоб ва улар шахсини визуал аниқлашни қийинлаштирувчи ва бошқа воситалардан фойдаланиш, шунингдек инсон ҳаётига таҳдид солиши ва соғлиғига шикаст етказиши ҳамда атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатувчи қурилмалар (шу жумладан, қўлбола), санчувчи ёки кесувчи предметлар ҳамда қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа буюмларни, тез аланга оладиган, ёнувчан, ўткир, кучли таъсир қилувчи, заҳарли моддалар, пиротехника буюмлари, радиоактив ва бошқа моддалар, буюмлар ҳамда маҳсулотларни ёнида олиб юриш ва ундан фойдаланиш;
алкоголь ичимликлар, гиёҳванд моддалар ёки бошқа моддалар таъсири остидаги маст ҳолатда уларда иштирок этиш, шунингдек спиртли ичимликлар, психотроп ва инсон иродаси ва ақлий фаолиятига таъсир кўрсатувчи бошқа моддаларни истеъмол қилиш.
Агарда олдиндан митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказишни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, уларни ўтказишда иштирок этишга даъват этиш орқали тарғибот юритиш, шунингдек митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказиш мақсадида ушбу Қонун билан тартибга солинмайдиган оммавий ва бошқа тадбирлардан фойдаланиш тақиқланади.
Қуйидаги ҳолатларда митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказиш тақиқланади:
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловлар бошланишидан бир кун аввал ва сайлов куни сайлов участкаси ёпилгунга қадар;
референдум ўтказилишидан бир кун олдин ва сайлов участкаси ёпилгунга қадар;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг алоҳида қарорлари асосида ўтказилаётган муҳим давлат аҳамиятига молик халқаро тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш давомида, улар ўтказиладиган шаҳар ва туманлар ҳудудларида.
Қонунга мувофиқ митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш қоидаларига амал қилинишини таъминлаш учун тўлиқ масъулиятни зиммасига оладиган 18 ёшга тўлган бир ёки бир неча Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари митинг, йиғилиш ва намойишлар ташкилотчиси бўлиши мумкин.
Қуйидаги шахслар ташкилотчилик қила олмайди:
суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар;
психиатрия ёки наркология муассасаларида рўйхатда турган шахслар;
судланган, озодликдан маҳрум этилганлар сақланадиган жойда ва пробация хизмати назоратида бўлган шахслар;
оммавий тартибсизликларда иштирок этганлиги, давлатга хоинлик қилганлиги, конституциявий тузумга тажовузкорлик қилганлиги, экстремистик ва террорчилик жиноятларини содир этганлиги, митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузганлиги учун озодликдан маҳрум этилган ва судланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар;
республика ҳудудида фаолияти тугатилган ёки рўйхатдан ўтмаган, шунингдек қонунда белгиланган тартибда фаолияти тўхтатилган нодавлат нотижорат ташкилотининг аъзоси ёки раҳбари ҳисобланган шахслар.
Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш учун рухсат олиш учун маҳаллий ижро этувчи органларга ариза тақдим этилади.
Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсат олиш учун ариза ташкилотчи (ташкилотчилар) ёхуд уларнинг вакили (вакиллари) томонидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ёзма ёки электрон шаклда, митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишигача ўн беш иш кунидан кам бўлмаган муддатда тақдим этилиши лозим.
Аризага митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш регламенти илова қилинади, унда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
- ижтимоий фаолликнинг шакли (митинг, йиғилиш ва намойишлар, шу жумладан кўча юриши, пикет ўтказиш ва флешмоб);
- митинг, йиғилиш ва намойишларнинг мақсади;
- митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиладиган жой (жойлар), иштирокчиларнинг ҳаракатланиш йўналишлари;
- митинг, йиғилиш ва намойишларнинг бошланиш ва тугалланиш санаси ва вақти;
- митинг, йиғилиш ва намойишлар иштирокчиларининг тахминий сони;
- митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказишда фойдаланиладиган тарғибот материалларининг рўйхати, шунингдек, товушни кучайтирувчи техник қурилмалар;
- ташкилотчи (ташкилотчилар) ёхуд уларнинг вакили (вакиллари)нинг фамилияси, исми, шарифи, шунингдек, у/уларнинг яшаш манзили ёки турар жойи, телефон рақами тўғрисидаги маълумотлар;
- митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил қилиш ва ўтказишни молиялаштириш манбалари.
Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсат олиш учун ариза ташкилотчи томонидан, унинг йўқлигида эса, вакили (вакиллари) томонидан имзоланади.
Мавзуга оид
10:30 / 01.11.2024
Гуржистон мухолифати янги норозилик намойиши ҳақида маълум қилди
13:40 / 21.10.2024
Тбилисида Европа тарафдорлари митингида ўн минглаб кишилар қатнашди
18:23 / 26.08.2024
Қийноқ оқибатидаги ўлим ҳолатлари учун жавобгарлик кучайтирилади
17:22 / 09.08.2024