Жаҳон | 21:11 / 23.08.2020
55629
8 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Тимошенко оғир аҳволда, Германия ва АҚШ мактабларида Covid-19 тарқалиши авж олди

«Батькившчина» партияси етакчиси Юлия Тимошенкога Covid-19’нинг оғир шакли ташхиси қўйилди. ЖССТ 12 ёшдан ошган болаларнинг ниқоб кийиши шартлигини маълум қилди. Британияда оммавий тадбирларни ташкиллаштирганлик учун 10 минг фунт стерлинггача жарималар жорий қилинмоқда.

Фото: Getty Images

Жонс Ҳопкинс университетининг сўнгги маълумотларига кўра, бугунги кунга келиб коронавирус дунё бўйлаб 23,2 миллиондан ортиқ инсонга юққан, деярли 805 минг киши ҳаётдан кўз юмган. Касалланганларнинг катта қисми учта давлатга тўғри келади - АҚШ, Бразилия ва Ҳиндистон.

Тимошенко оғир аҳволда
Украинанинг собиқ бош вазири Юлия Тимошенконинг бетоблиги ҳақида унинг матбуот котиби Марина Сорока Facebook'да хабар берган. Унинг сўзларига кўра, Тимошенконинг ҳарорати юқори, шифокорлар унинг аҳволини оғир деб баҳолаган.

«Ҳа, афсуски бу тўғри. Тест Юлия Владимировнада COVID-19 борлигини кўрсатди. Унинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. Тана ҳарорати 39 даражага кўтарилган. Курашмоқда!», - дея ёзган у якшанба куни фейсбукдаги саҳифасида.

Сиёсатчининг қизи Евгения Тимошенко ва куёви Артур Чечеткинда ҳам вирус аниқланган.

шу вақтгача Украинада 107 минг 379 кишида янги коронавирус аниқланган, шундан 2 313 киши вафот этган.

ЖССТ: Ўсмирлар ниқоб тақиши шарт
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 12 ёшдан ошган болалар, ўз яшаш ҳудудининг қоидаларига мувофиқ, катталар билан бир қаторда ниқоб тақиши кераклигини маълум қилди. 

ЖССТ вакилининг сўзларига кўра, ўсмирлар худди катта ёшлилар каби вирус ташувчиси эканлиги ҳақида етарли далиллар мавжуд. Бундан ташқари, ташкилотнинг қўшимча қилишича, касаллик тарқалишида болаларнинг ролига доир, аввалгидек, жуда оз нарса маълум.

5 ёшдан кичик болаларнинг на жамоат жойида, на самолёт бортида ниқоб тақишига ҳожат бор.

Ташкилот экспертлари, шунингдек, 6 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар, агар ниқобдан мустақил ва тўғри фойдалана олишса ҳамда уларнинг ўқиши ва психо-социологик ривожланишига халақит бермаса, тақишлари мумкинлигини қайд этишган. 

Маҳаллий расмийлар ва авиакомпаниялар 6-12 ёш гуруҳлари бўйича ўз хоҳишига кўра қарор қабул қилиши мумкин.

Британия ҳукумати катта жарималар жорий қилмоқда

Июнда Манчестерда полиция бир неча минг кишилик йирик зиёфатни тарқатиб юборганди / ASP

Англия полицияси 30 нафардан ортиқ меҳмон иштирок этган тадбир ва йиғилишлар ташкилотчиларини жаримага тортиш ваколатига эга бўлди. Хусусан, гап ёшларнинг ноқонуний базмлари ҳақида ҳам кетмоқда. Жарималар 10 минг фунт стерлинггача бўлиши мумкин. 

Тадбирнинг ҳар бир иштирокчиси учун жарима 100 фунт стерлингни ташкил этади ва ҳар бир такрорланган ҳуқуқбузарлик учун жарима икки бараварга кўпаяди, энг кўпи 3200 фунт (4 188 АҚШ доллари). 

Ҳукумат карантин режимини бузувчиларга нисбатан чораларни кучайтиришни август ойи бошидан бери муҳокама қилмоқда. Ҳоум-офис раҳбари Прити Пателнинг сўзларига кўра, расмийлар ўзини қонундан устун деб ҳисоблайдиган ва бошқаларнинг ҳаётига хавф соладиганларга қарши курашади.

Ўтган тунда биргина Бирминҳэмнинг ўзида полиция амалдаги қоидаларга мос келмайдиган 70 базмни тарқатиб юборди. Жума куни шаҳар Covid-19 инфекциясининг статистик кўрсаткичлари кескин ошгани сабабли алоҳида эътибор талаб этадиган аҳоли пунктлари рўйхатига киритилган. 

Шотландия, Уэльлс ва Шимолий Ирландия оммавий йиғилишлар учун ўз қоидаларини ўрнатишга ҳақли.

Британиядаги мактаблар ўқувчиларни кутмоқда

Мактабларда ижтимоий масофа сақлаш ва гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш талаб этилади REUTERS

Буюк Британия расмийлари барча ёш гуруҳидаги болалар сентябрь ойида мактабга қайтишини тасдиқлади. Анъанавий ўқув йили эртароқ бошланадиган Шотландияда мактаблар аллақачон очилган. 

Ҳукуматнинг соғлиқни сақлаш бўйича бош маслаҳатчиси Крис Уиттининг сўзларига кўра, мактаб ҳаётининг етишмаслиги болаларга коронавирусдан кўпроқ зарар етказади. Унинг таъкидлашича, Covid-19’дан болалар ўлими эҳтимоли жуда кам. 

Уиттининг фикрига кўра, Британияда коронавирусга қарши кураш яна камида тўққиз ой давом этади.

Бошқа мамлакатлардаги мактабларда вирус тарқалиши

REUTERS

Бу вақтда Германиядан мактаблар ҳам вирус ўчоғига айланаётгани ҳақида хабарлар келмоқда. Кўплаб немис ўқувчилари икки ҳафта олдин мактабларга қайтишган ва шундан бери расмийлар Берлиндаги 825 мактабнинг 41тасида вирус юқтириш ҳолатлари аниқлангани ҳақида хабар беришган.

Шу билан бирга, вирус болаларнинг барча ёш тоифаларига юққан - бошланғич мактабдан битирув синфларигача. Юзлаб ўқувчилар ва ўқитувчилар карантинга олинган.

Мактабларнинг очилиши билан боғлиқ янги ўчоқлар ҳақида АҚШнинг бир қатор штатлари расмийлари ва Исроил таълим вазирлиги ҳам хабар бермоқда. 

Бир ҳафтадан сўнг мактаблар очиладиган Францияда 11 ёшдан катта болалар таълим муассасалари ҳудудида ниқобда бўлишлари шарт. 

Жанубий Кореяда кунлик касалланиш даражаси бўйича янги рекорд
Жанубий Кореяда кунлик касалланишнинг март ойидан бери энг юқори кўрсаткичи қайд этилди. Хабар қилинишича, 800дан ортиқ ҳолат Сеулдаги черковлардан бирининг издошлари орасида аниқланган, улар ўтган якшанба куни намойишга чиққанди.

Жамоатчиликнинг фикрига кўра, мамлакатдаги эпидемиологик вазиятни ҳукуматнинг оммавий тадбирларни четлаб ўтиш ҳақидаги буйруғига амал қилишни истамаётган консерватив кайфиятдаги диндорлар хавф остига қўймоқда. Шу билан бирга, диний жамоалар аъзолари либерал президент Мун Жэ Инни коммунист деб атаяпти. 

Жанубий Корея нашрлари манбаларга таяниб, мамлакат эпидемиянинг иккинчи тўлқини билан тўқнашаётганини ва унинг оқибатлари биринчисидан кўра жиддийроқ бўлишини ёзмоқда.

Ҳиндистонда уч миллиондан ортиқ бемор
Ҳиндистонда коронавирус билан касалланган беморлар сони уч миллиондан ошди. Ўтган кун давомида мамлакатда рекорд даражадаги янги ҳолатлар қайд этилди. Ҳиндистоннинг аҳолиси 1,3 миллиарддан ошиқлиги ҳисобга олинса ҳам, экспертларнинг фикрига кўра, бундай ҳолатлар сони жуда юқори бўлиб кўринмоқда. Шифокорларнинг сўзларига кўра, бу мамлакатда кенг тарқалган таҳлил тизими яратилмагани билан изоҳланади. Деҳли ва бошқа йирик шаҳарларда статистика пасайиб борар экан, мамлакатнинг чекка ҳудудларида янги ўчоқлар пайдо бўлмоқда.

Икки йил кутиш керак
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Аданом Гебрейсус COVID-19 коронавирус пандемияси камида икки йил ичида ортда қолиши мумкинлигини айтиб ўтди.

ЖССТ раҳбари 1918 йилдаги испан гриппи пандемияси ҳам икки йил давом этганини эслатган. Унинг фикрича, COVID-19 коронавирус пандемияси дунёда одамлар ўртасидаги мулоқот кўпайгани туфайли тарихдаги энг кенг тарқалиб кетган вирус бўлишга яқин турибди.

«Лекин бизда пандемияни тўхтатиш учун технологиялар ва билим етарли», деган ЖССТ бош директори Женевадаги брифингда.

Гебрейесус нутқи давомида инфекцияга қарши курашда халал бераётган жиҳат глобаллашув ва одамлар ўртасидаги мулоқотнинг фаоллашгани эканини таъкидлаган. У замонавий технологияларни пандемияга қарши курашдаги устунлик берувчи жиҳат деб ҳисобламоқда.

«Шу сабабли биз пандемияга яқин икки йил ичида барҳам берамиз, бунда барча кучларни бирлашган ҳолда сафарбар этиш, миллий бирлик ва глобал бирдамлик асосий қурол бўлади», деган Гебрейсус.

У коронавирус инфекциясига қарши вакцина ишлаб чиқилишига умид қилиши ва касалликнинг тарқалишига қарши энг яхши чоралари кўрилиши лозимлигини билдирган.

Мавзуга оид