Ўзбекистон | 15:53 / 23.08.2020
32293
12 дақиқада ўқилади

Ўқитувчиларнинг маоши, замонавий мактаблар ва пандемия. Тошкентдаги халқаро мактаб директори билан суҳбат

Пандемия шароитида ўқувчилар мактабга қайтиши керакми? Замонавий мактаблар, ўқитувчиларнинг ортиб бораётган вазифалари ва маошлари ҳақида Тошкентдаги халқаро мактаб директори Билл Краловец билан суҳбатлашдик. У Kun.uz'нинг «Эркин суҳбат» кўрсатуви меҳмони бўлиб, умумий ўрта таълимда ислоҳот ва ўзгаришлар ҳақида гапириб ўтди. ​

Алишер Рўзиохунов, журналист: Таълим соҳасида кўп йиллик тажрибага эгасиз. Адашмасам, шу кунга қадар, Сербия, Япония, Венесуэла, Колумбия, Австралия ва АҚШда фаолият юритиб, таълим бергансиз. Мана энди бир йилдан буён Ўзбекистондасиз. Нега? Нега айнан шу қарорга келдингиз? 

Билл Краловец, мактаб директори: Шу йил таълим соҳасида ишлаётганимга 28 йил тўлади. Таъкидлаганингиздек, дунёнинг кўп давлатида бўлдим. Ҳамма халқаро мактаблар бир-биридан мустақил фаолият юритади. Яъни мен бир мактабдан иккинчи мактабга ўтказилмайман. Меҳнат фаолиятимни аниқ фанлар ўқитувчиси сифатида бошлагандим, кейин илмий ишлар бўйича мактаб раҳбари, сўнгра директори лавозимига қадар кўтарилдим.

Охирги иш жойим Япониянинг Осака шаҳрида жойлашган халқаро мактабда ҳам муассасага раҳбарлик қилганман. Мен у ердан кетишга қарор қилган пайтда, бошқа халқаро мактаблар ваканция эълонларини кузата бошладим. Тошкентдаги мактаб маъмурияти директорлик лавозимига номзод қидираётганди, суҳбатдан ўтдим. Биринчидан, мен Тошкент халқаро мактабини танлаганим сабаби — маъмурият менинг номзодимни танлади ва иш таклиф қилди.

Бундан ташқари, мактабнинг обрўси баланд: бу ерда халқаро стандартлар, хусусан IB'га мувофиқ ўқиш ташкил этилган. Бу ерда 500дан ортиқ ўқувчи таҳсил олади.

Шунингдек, мен фақат ўзимга янги иш жой эмас, балки оилам учун мароқли шаҳар, фарзандларимнинг таълими учун яхши мактаб танлашим керак эди. Уч нафар фарзандим ҳам шу ерда ўқийди, демак мактабда ўқитиш сифати мен учун жуда муҳим бўлиши керак.

А.Р.: Маскан ё жойлашув ҳам сизга аҳамиятлими?

Б.К.: Мен ҳеч қачон Тошкент, Ўзбекистон ё Марказий Осиёда бўлмаганман. Бу ҳам ўзига мафтун этди.

А.Р.: Бу ерлар ҳақида аввал эшитганмидингиз?

Б.К.: Собиқ Совет давлатининг парчаланиши, -истон давлатлари ҳақида эшитганман. Бу минтақа мен учун қизиқарли бўлган. Саргузаштларни яхши кўраман, Тошкент номини эшитганимда, ҳар бир америкалик сингари экзотикани ҳис этдим. Ўзбекистон, Тошкент, тоғлар, Буюк ипак йўли ва бошқа нарсалар... Бу ҳам ҳал қилув қароримга ўз таъсирини ўтказди. Негаки, халқаро мактабларда ишлаш фақат таълим беришдан ташқари, дунёни кўриш ва турли маданиятлар билан танишувни ҳам англатади.

А.Р.: Тошкентга мослашиб кетиш осон бўлдими?

Б.К.: Тошкент яшаб кетиш учун жуда қулай шаҳар. Мен Лотин Америкада ҳам бир муддат яшаганман ва бу ерда ҳам латино муҳитини ҳис этаман. Одамлар жуда киришимли ва очиқ, хотиржам, баъзан жуда хотиржам. Булар менга ёқади. Бундай шароитга кўникиб олиш қийин эмас. Шаҳарнинг табиати, иқлими ҳам ёқади. Йилда 4 фасл ўз ўрнида келади. Кунлар кўпинча қуёшли. Муҳими шаҳар тинимсиз ўсиб боряпти, атрофда янги-янги кафе, ресторан ва кўнгилочар масканлар пайдо бўляпти.

Кўпинча вақтимни мактабда ўтказаман, лекин бўш вақтимда оилам билан тоғга боришни яхши кўраман. У ерда чиройли кўл ҳам бор. Шунчаки, Тошкент ва Ўзбекистонни, меҳрибон ўзбекларни севаман.

А.Р.: Келинг, суҳбатимизни сизнинг профессионал машғулотингиз ҳақида давом эттирсак. Ҳар соҳанинг устаси ўз касби ва фаолияти тўғрисида қандайдир бир позицияга эга. Масалан, уларнинг ўз касби тўғрисида бирор фалсафаси бўлади. Таълим сиз учун нима? У идеал шароитда қандай бўлиши керак?

Б.К.: Мактаб директори сифатида менинг фалсафам — «яхши мактабни яратиш учун, кучли ўқитувчиларни тўпла». Кучли ўқитувчиларни бир жамоага йиғиш, уларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш фаолиятим муваффақиятини кафолатлайди, десам бўлади. Ўқитувчи ўз йўналишида кўп билимга эга бўлиши керак. Муҳими, у болалар билан ишлашга иштиёқманд, касбининг фидойиси бўлсин. Ота-оналар фарзанди учун мактаб танлаётганда муассаса биноси, футбол майдони ё спорт залига кириб кўради. Аслида ўқувчининг қанчалик яхши таълим ва таҳсил олиши ўқитувчининг ўқитиш сифатига боғлиқ. Шунинг учун, жамоадаги ўқитувчилар ўз устида қаттиқ ишлаши, дарс жараёнини сифатли олиб бориши учун етарли шароит етказиб бериш ҳақида кўпроқ ўйлайман.

Мактабда 68 нафар хорижий фуқаролар ишлайди. Биз фақат энг кучли ўқитувчиларни олиб келишга ҳаракат қиламиз.

А.Р.: Сиз уларни қандай топасиз? Улар айнан шу жамоада ишлашга қандай омиллар туртки бўлади?

Б.К.: Халқаро мактаблар сони сўнгги 10 йилда кўпайди. Уларнинг ташкилий тузилиш ҳам ҳар хил. Масалан, ўтган йиллар ичида тижорий мақсадда ташкил этилган мактаблар ҳам кўпайди. Лекин бизнинг мактаб 25 йилдан бери фаолият юритади ва у нотижорат муассаса ҳисобланади. Ушбу омил ўқитувчилар учун муҳим, деб биламан.

Истеъдодли ўқитувчи истиқболда ўз касбига кўпроқ меҳр қўйишни, болаларга таълим беришни ўйласа, бизнес моделдаги мактабни танламайди. Бу ерда ўқитувчилар ўз ғояларини ривожлантириш ва амалга ошириши учун етарлича эркинликка эга, уларга рақобатбардош маош тўланади. Кўпинча, улар кўп муддатда ишлаш учун келади. Биз ўқитувчиларинг инноватив бўлиши рағбатлантирамиз, мактабда 0дан 12 синфгача таълим берилади. Демак, улар фаолияти давомида ўқувчи қандай камол топишини ҳам кузатиб бора олади.

Интернет кўп нарсада инқилоб яратди. Шу туфайли, ўқитувчиларни янги нарсаларни тажриба қилиб кўришга чақирамиз. Бу таклиф ва шароитлар уларга манзур келади.

А.Р.: Таълим бераётган ўқитувчи зиммасида қандай масъулият бор?

Б.К.: Биринчи навбатда у ўқувчилари билан муносабатларда масъул. Бу муносабат кучли, икки томонлама, кўпинча индивидуал қурилади. Фан юзасидан ҳамма нарсани билишингиз мумкин, лекин ўқувчининг кимлигини билмасангиз ва шу алфозда уни дарс жараёнига жалб этмоқчи бўлсангиз, бу жуда қийин кечади. Ўқитувчига болани дарсга қизиқтира олиши ва жараёнда фаол бўлишига эришиш жуда қийин. Лекин бу муҳим вазифа.

А.Р.: Ўқитувчи учун маошнинг ҳажми аҳамиятлими?

Б.К.: Кўп ўқитувчилар таълим соҳасини миллионер бўлиб кетиш учун танламайди. Агар у миллиардлаб пул топишни мақсад қилганда эди, ўқитувчиликни эмас, ҳуқуқшунос ё бизнес соҳасида ўқиган бўларди. Таълим соҳасини танлаган одамлар болаларни севади, улар дунёда яхшилик қилишни истайди. Шунга қарамай, халқаро ва тажрибали ўқитувчиларни ишга йўллаш учун барча харажатларни қоплайдиган, кичик бўлмаган маош ҳамда имтиёзлар тўплами таклиф этилади. Ўқитувчи ҳам пенсияга чиқиб, жамғарган пуллари эвазига ҳаётини осуда давом эттира олиши керак. Шунинг учун ўқитувчини профессионал танловини ҳурмат қилишади, деб ўйлайман ва шу туфайли улар ишлайди.

А.Р.: Айрим давлатларда давлат мактаблари айрим фанларга ихтисослаштирилиб, ўша фанлар чуқур ўргатилади. Бу Ўзбекистонда ҳам истисно эмас. Масалан, кимё, физика, математика, тиллар ё тарихга ихтисослаштирилган мактаблар жуда кўп. Вақтлар ўтиб, бу ўз натижасини беришига ишонасизми?

Б.К.: Менимча, мактабнинг катта функцияларидан бири ўқувчига турли ғоялар, фанлар ва йўналишлар билан танишиб чиқишига имконият беришдир. Якунда бола қайси соҳа унга яқин эканини англаб олиши керак. Кучли мактаблар турли фанлар ва кўп йўналишлар бўйича таълим дастурини таклиф этади.

Менга ихтисослаштирилган мактаб ғояси ҳам ёқди. Аниқ фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган мактаб ўқувчилар алоҳида қобилиятига қараб, саралаб олинади, улар ўзини эркин ҳис этган йўналишда кўпроқ ва чуқур билим берилади. Бу яхши. Шунингдек, ёшлигидан қайси фанни кўпроқ ўрганмоқчилигини аниқлай олган ўқувчилар учун бу яхши имконият.

А.Р.: Маҳаллий мактаблар билан танишишга имконият бўлдими? Уларнинг ўқитиш тизимини ўргандингизми?

Б.К.: Мен маҳаллий мактаблар тизимини батафсил ўргана олмадим. Маҳалламизда жойлашган мактаб ҳақида ўтган-кетганимда хабарлар эшитаман. Президент мактаби маъмурияти билан озроқ муносабатимиз бор. Шундай мактабларни ташкил этишни давом эттириш керак, ҳукуматнинг таълимга сарфлаган пули ҳеч қачон ҳавога совурилган ҳисобланмайди. У қачондир ҳосил берилади. Айниқса, боланинг бошланғич таълимига эътиборни сусайтирмаслик керак.

Бу ердаги мактаблар ҳақида билганларим эса, уларда ҳар бир синфда ўқувчилари кўп бўлади. Аввалроқ айтганимдай, бу ўқитувчига ўқувчиси билан муносабатларини ривожлантиришда қийинчилик туғдиради. Тасаввур қилинг, синфда 50 нафар ўқувчи бўлса, буни уддалаш жуда қийин бўлади. Аммо мактаб жамиятда алоҳида аҳамиятли экани, мамлакатда ўқитувчилар куни байрам сифатида нишонланиши менга ёқди. Атрофдаги мактабларда инфратузилмасини ривожланаётганини кўраман, бу ҳам яхши ўзгариш.

А.Р.: Биламизки, таълимда ислоҳот ўтказиш учун ёзиб қўйилган қоида ва йўриқнома йўқ. Лекин ҳукумат таълим соҳасида ислоҳотни қилиши керак. Сизнингча илк қадамларни нима билан бошлаш керак? Таълим ислоҳотида нима устун туради?

Б.К.: Айтганимдай, улар ўқитувчига кўпроқ эътибор қаратиш керак. Таълимда кучли ва тажрибали ўқитувчилар кўпроқ бўлиши керак. Улар қўлдан келган ишни маҳорат билан амалга ошириш учун ресурс, ваколат ва шароит зарур. Синфдаги ўқувчилар сонини камайтириш ҳам керак. Менимча, санъат ва ижодий йўналишда кўпроқ билим ва тажриба қилиши учун таълимга маблағ ташлаш керак. Ўқувчилар амалий санъат, театр, аниқ фанлар лабораторияларидан фаол фойдаланиши зарур. Уларга спорт ва атлет майдонлари, дастурлаш тилларини ўрганишга мослашган компьютерлар керак.

Болалар кўп китоблар жамланган мактаб кутубхонасига кириши керак. Буларнинг ҳаммаси пул туради.

А.Р.: Ҳақиқат. Агар ҳукумат малакали, тажрибали ўқитувчиларни ёллаши керак, дея фараз қилсак, у ҳолда масаланинг иккинчи томонида тугалмас мунозара бошланади. Яъни ислоҳотни қаердан бошлаш керак? Олий таълим тизимиданми ё бошланғич таълимданми? Негаки, кучли ўқитувчилар олий таълим муассасаларини тамомлаб келиши керак. Шундайми?

Б.К.: Биламан, қишлоқ ва шаҳарларда бошланғич таълимдан барча бир хил баҳраманд бўлолмайди. Аммо боланинг 3-7 ёшидаги даври муҳим ривожланиш пайти бўлиб, бошланғич таълим олиш учун аҳамиятли ҳисобланади. У тўйиб овқатланиши, дам олиши керак. У маданият, атрофдаги одамлар, жамият билан танишади. Ижтимоийлашув ҳодисаси юз беради. Ёшликдаги саъй-ҳаракат узоқ муддатга тикилган сармоя сингари жуда муҳим. Кейинчалик, ўқувчилар машаққатлар билан университет кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўради. Аммо олий таълим тизимидаги ҳамма муассаса ҳам кутилгандай яхши ўқитмайди.

Балки олий таълим муассасаси мактаб битирувчисига нима кераклигини тадқиқ этиши керакдир, уларни олға интилишини рағбатлантириш йўлларини излаши керакдир. Афсуски, университетлар кўпинча бундай қилмайди.

Халқаро мактаб директори Билл Краловец суҳбат давомида ёмон мактабларга тавсиф бериб, самара фаолият юритувчи мактабларни ташкил этиш ҳақида ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Шунингдек, у замонавий кўринишдаги мактаблар ва умумий ўрта таълим келажаги ҳақида фикр юритди. Суҳбат сўнгида Билл келгуси мавсумни пандемия шароитида қандай бошлаши борасида берилган саволларга жавоб берди. 

Билл билан суҳбатни Youtube орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Маълумот учун, Тошкент халқаро мактаби нодавлат-нотижорат таълим муассасаси бўлиб, унда таълим инглиз тилида олиб борилади.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди
Тасвирчи ва монтаж устаси Отахон Юсупов

Мавзуга оид