Жамият | 16:57 / 25.08.2020
143651
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромова оламдан ўтди

Ўзбек миллий академик драма театри актрисаси, Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромова бугун, 25 август куни 73 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz’га «Кино» медиаклуби раҳбари Шоира Рауфбоева маълум қилди.

Маълум бўлишича, актриса коронавирусга чалиниб шифохонада даволанаётганди.

«Дилбар опа COVID-19 инфекциясини юқтириб, комага тушиб қолгандилар. Дастлаб Зангиотадаги махсус шифохонада даволандилар, аҳволлари оғирлашгач «Акфа Медлайн» клиникасига кўчирилганди.

У кишининг саломатликлари учун оиласи театр ва «Ўзбеккино» МА жамоаси – ҳамма ҳаракат қилди, лекин бўлмади. 73 ёшда эдилар, уларни Аллоҳ раҳматига олсин», дейди суҳбатдош.

Маданият вазирлиги ҳам актрисанинг оила-аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган.

Дилбар Икромова 1947 йилнинг 17 июлида Тошкент вилоятининг Бекобод туманида туғилган. У 1970 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг (ҳозирги М.Уйғур номидаги Санъат институти) «Театр ва кино актёри» факультетини тугатган.

Актриса «Келинлар қўзғолони», «Чимилдиқ», «Дев билан пакана», «Девона», «Афғон», «Ойқиз эртаги» каби фильмлардаги роллари билан мухлислар қалбидан жой эгаллаганди.

Дилбар Икрамова, шунингдек, моҳир дубляж актёри сифатида ҳам ўзига хос овоз соҳиби эди.

Дилбар Икромова 2001 йилда «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» фахрий унвони билан тақдирланганди.

Kun.uz марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.

Мавзуга оид