Жаҳон | 00:51 / 27.08.2020
20067
2 дақиқада ўқилади

Коронавирусга такроран чалинган олим нега бундай бўлишининг сабабини тушунтирди

Коронавирусга такроран чалинган москвалик олим Антон Ершов инфекцияни бошдан ўтказган одамлар нега яна унга чалинишларининг сабабини тушунтирди.

Фото: Sputnik / Алексей Майшев

Маълум қилинишича, Реаниматология федерал илмий-клиник маркази илмий ходими бўлган Антон Ершов коронавирусга биринчи бор чалинганда унда қисқа муддат тана ҳарорати кўтарилган, бироқ антитаналарга тест унда вирус борлигини кўрсатган. Иккинчи марта олимда коронавирус оғирроқ кечган.   

“Биринчи касалланишимдан кейин 2-3 ой давомида мен деярли ҳеч нарсадан қўрқмай юрдим, беморлар билан алоқада бўлдим, такроран касалланмадим. Бироқ 4-ойга келиб мендаги антитаналар миқдори кескин камая бошлади. Иммунологияда бир қоида бор: одам инфекцияни енгил кечирса, ундаги ҳимоя кучсиз шаклланади, оғир кечирса эса яхши шаклланиб, узоқ вақтга етади ва антитаналар миқдори кўп бўлади”, деб таъкидлаб ўтган мутахассис. 

Бугунги кунда шифокорларда коронавирусга такроран чалиниш юз беришини тушунтирувчи иккита асосий версия мавжуд. Улардан бирига кўра, бунда ҳақиқатан такроран касалланиш юз беради. Иккинчисига кўра эса, реактивация юз беради, яъни вирус организмда гўёки уйқуга кетиб, кейинроқ эса уйғонади.

Мутахассисларнинг фикрича, назарий жиҳатдан коронавирусга учинчи марта ҳам чалиниш мумкин, бироқ ҳали бундай ҳолатлар қайд этилмаган. Хавфларни фақатгина эмлаш камайтириши мумкин - бунда мутахассислар деярли якдиллар.

Мавзуга оид