Ўзбекистонда Telegram ва WhatsApp фойдаланувчилари маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари кузатилди
Мессенжерларда фирибгарлик схемалари орқали одамларни алдаш ҳолатлари кузатилмоқда.
Ўзбекистон ҳамда МДҲ давлатларида Telegram ёки WhatsApp мессенжерлари орқали фирибгарлар томонидан интернет фойдаланувчилари маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари кузатилган.
Фирибгарлар Google, Apple, Facebook каби машҳур компанияларнинг логотипларидан фойдаланган ҳолда турли гуруҳларда янги фойдали акциялар ҳақида эълон жойлаштирмоқда ва ушбу эълонга зарарли ҳавола ёки юклаб олиш талаб қилинадиган файлларни қўшиб қўймоқда.
Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси хабарига кўра, фойдаланувчи ўзи билмаган ҳолда ушбу зарарли файлни юклаб олиши оқибатида, унинг шахсий маълумотлари, банк картасининг рақами, ҳисоб рақами, туғилган санаси ва пароллари фирибгарлар ихтиёрига ўтиб қолиши мумкин.
Шунингдек, мессенжерлардаги ўзаро мулоқотларда нотаниш суҳбатдош кўпинча хабарни бошқа танишларга ҳам юборишни, илова ёки эмодзини янгилашни тавсия қилади.
Экспертларнинг қайд этишича, хабарни бошқаларга улашган фойдаланувчи фирибгарликка билиб-билмай шерик бўлиб қолади. Бундан ташқари, бу каби хабарларда “фишинг” сайтлари манзили кўрсатилади ва уларга кириб қолган фойдаланувчи зарарли вирусни юклаб олиши ва бу унинг қурилмасидаги шахсий маълумотларнинг, электрон ҳисобидаги маблағларининг ўғирланишига олиб келиши мумкин.
Бундай салбий ҳолатларни олдини олиш мақсадида мессенжерларда медиафайлларни автоматик равишда юклаб олиш функциясини ўчириб қўйиш, бегона аккаунтлардан келган эълонларга, турли ёлғон хабарларга ишонмаслик тавсия қилинади.
Ўзбекистонда ҳам Telegram орқали реал одам номидан қалбаки аккаунт очиб, ҳақиқий профил эгасининг танишларидан пул сўраш, улардан моддий ёрдам олишга уриниш ҳолатлари кузатилган. “Таниши”дан тонг саҳарда ёки ярим тунда оғир аҳволда қолгани ҳақида хабар олган фойдаланувчиларга бегона одамнинг карта рақами юборилади. Муаммо нимада эканини тушунмаган фойдаланувчи дўстига ёрдам қиламан деб, фирибгарларга алданиб қолиши мумкин.
“Ўзкомназорат” интернет фойдаланувчиларидан ижтимоий тармоқларда бу каби ҳолатлар кузатилганида қарор чиқаришга шошилмаслик, эътиборли бўлиш, мессенжерлардаги аккаунтлари орқали ахборот алмашинувида хавфсизлик талабларига риоя қилишга чақирган.