Жамият | 15:00 / 30.08.2020
32057
2 дақиқада ўқилади

Ректорлар абитуриентларга SMS юбормоқда

Ўзбекистондаги давлат ОТМлари ректорлари ўзлари раҳбарлик қилаётган олий ўқув юртига ҳужжат топширган барча абитуриентларга хабарномалар юбормоқда. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, ОТМлар вакиллари тест синовларини ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларида бевосита иштирок этмайди, аммо ректорлар ўзи раҳбарлик қилаётган ОТМни танлаган абитуриентларга мурожаат йўллаб, «улар билан мулоқотни йўлга қўймоқда».

«Абитуриент рўйхатдан ўтишда кўрсатган телефон рақамига SMS-хабарномалари жўнатилиб, ректор мурожаати манзили кўрсатилади. Эътиборли жиҳати, абитуриент ҳавола орқали кириб, ўзининг паспорт серияси ва рақами ёки рўйхатдан ўтишда қайд этилган телефон рақамини киритса, ректорнинг шахсан абитуриент номига йўлланган мурожаати очилади.

Мурожаатда имтиҳонлар бошланиш куни, ўзи топширган йўналишга рўйхатдан ўтган талабалар сони, абитуриент рухсатномасини олиш бўйича кўрсатма, университетга тааллуқли қабул янгиликларини олиш мумкин бўлган интернет манзиллари ҳамда саволлар туғилганда мурожаат қилиш мумкин бўлган телефон рақамлари ва бот манзиллари киритилган», – дейилади хабарда.

– Ҳозирда 57 399 нафар абитуриентнинг телефон рақамларига СМС хабарнома орқали мурожаатимни ўқиш мумкин бўлган ҳаволани юбордик. Бундан ташқари интернет сифати паст бўлган ҳудудлар аниқланиб, шу ҳудудда яшовчи абитуриентларга телефон орқали керакли маълумотлар бериб борамиз. Умуман олганда, биронта ҳам абитуриент ушбу маълумотлардан бехабар қолиб кетмаслигини таъминлаймиз, – деган Андижон давлат университети ректори Акрамжон Юлдашев.

Мавзуга оид