«Тепловозлардан фойдаланиш даври ўтди» — Водийдаги темир йўллар тўлиқ электрлаштирилди
30 август куни Наманган–Андижон электрлаштирилган темир йўл линиясида илк йўловчи поезд рейси амалга оширилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Бугун тушга яқин Намангандан йўлга чиққан дастлабки йўловчилар электропоездда Андижон темир йўл вокзалига етиб келди. Навбатдаги манзил – Марғилон ва Қўқон шаҳарлари бўлиб, сўнг яна Наманган шаҳрига қайтилади.
Маълум қилинишича, темир йўл халқасининг янги электрлаштирилган қисми узунлиги 100,6 км.ни ташкил этади, линиянинг умумий масофаси эса 331,6 км. Мазкур темир йўлларни тўлиқ электрлаштириш орқали юк ва йўловчи ташиш сифатини ошириш, тезюрар поездлар қатновини шакллантириш ҳамда дизель ёқилғисида ҳаракатланаётган тепловозлар ўрнини замонавий электровозларга алмаштириш мақсад қилинган.
Тепловозлардан фойдаланиш даври ўтди, дейди «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқарув раиси Ҳусниддин Ҳосилов.
«Энди бутун водий бўйлаб электровозда ҳаракатланамиз. Ўртада ҳеч қандай тепловоз бўлмайди. Тепловозлар ўзидан тутун чиқарар эди, атмосферани бузарди. Қолаверса, иқтисодий харажатлари ҳам кўп эди. Мана, энди электровозлар қатнай бошлади.
Водий рельефи тоғли. Бу ердан электровоз билан юриш ҳам қулай, ҳам экологик ва иқтисодий жиҳатдан фойдали. Водий темир йўли тўлиқ электрлаштирилди. Энди электровозда Намангандан чиқиб, 5 соат-у 20 дақиқада Андижон, Марғилон, Қўқонни айланиб, яна Наманганга қайтиб келиш мумкин бўлади», – деди Ҳусниддин Ҳосилов.
Темир йўл халқасини электрлаштириш ишлари 3 босиқичда амалга оширилди. Биринчи босқич Поп шаҳридан бошланиб, Қўқон, Марғилон, Асака ҳамда Андижон ҳудудларигача бўлган йўналишларда амалга оширилди. Ушбу участканинг узунлиги 186 километрни ташкил этиб, 2016 йилда фойдаланишга топширилган.
Иккинчи босқич 2019 йилда, узунлиги 45 километр бўлган Поп – Чуст – Тўрақўрғон – Раустон – Наманган оралиғида бажарилган. Сўнгги учинчи босқич эса Наманган – Андижон участкасини тўлиқ электрлаштириш билан якунланди.
Мавзуга оид
21:05 / 30.09.2024
Юқори тезликдаги ва тезюрар поездларда йўловчи ташиш хизмати тарифлари эркинлаштирилади
18:48 / 28.09.2024
Хитойдан Қирғизистон орқали ўтадиган темир йўлнинг Ўзбекистондаги қисми қачон қурилиши маълум бўлди
19:06 / 23.08.2024
Тошкент ва Москва ўртасида темирйўл қатновлари тикланади
18:47 / 05.08.2024