Ўзбекистон | 21:23 / 31.08.2020
12523
3 дақиқада ўқилади

Замонавий технопарк, кенгаяётган метрополитен, қайта қурилаётган йўллар — Тошкентдаги янги лойиҳалар тақдим қилинди

Мустақиллик байрами арафасида Тошкент шаҳрида қатор лойиҳалар, инфратузилма объектлари фойдаланишга топширилди. Пойтахтда илк марта ер усти метроси ҳаракатлана бошлади, ер ости метросига иккита бекат қўшилди; кўп тармоқли ишлаб чиқариш технопарки очилди, Фарғона йўли кўчаси реконструкция қилинмоқда.

31 август куни ушбу лойиҳалар билан таништириш мақсадида ОAВ учун пресс-тур ташкил этилди.

Ишга туширилган ер усти ва ер ости метро линиялари

Дастлабки манзилимиз – Тошкент метрополитенининг қурилиши тугалланган Юнусобод йўналишидаги «Туркистон» ва «Юнусобод» бекатлари бўлди.

Ушбу метро йўналишининг иккинчи босқичи қурилиши президентнинг 2016 йил 7 ноябрдаги қарорига мувофиқ бошланган эди. Шавкат Мирзиёев бу ерга бир неча бор келиб, ишнинг бориши билан танишганди. Лойиҳанинг умумий қиймати 103,8 миллион доллар бўлиб, қарийб 3 километр метро йўли ҳамда «Юнусобод» ва «Туркистон» бекатлари барпо этилган.

Шунингдек, «Дўстлик-2» бекатидан «Қўйлиқ» бекатигача бўлган, 11 километр узунликдаги 7та бекатдан иборат Тошкент ер усти ҳалқа метросининг биринчи босқичи ҳам ишга туширилди.

Биринчи бекатдан охиргисигача 19 дақиқада етиб олиш мумкин. Бу масофада ҳар бири 4та вагондан иборат 4та поезд қатнайди. Йўналиш очилиши билан 225та янги иш ўрни яратилган.

Ерусти ҳалқа метроси лойиҳасининг умумий қиймати 422 миллион доллардан зиёд бўлиб, 5та босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. 2-босқичда Қўйлиқ бозори билан Тошкент ерости метросининг «Олмазор» бекати боғланади. Учинчи бўлиб «Беруний», ундан кейин «Бодомзор» бекатигача бўлган қисм қурилади. Сўнгги босқичда эса ҳалқа метро линияси яна «Дўстлик» бекатига уланади. Бу йўлларнинг жами узунлиги қарийб 55 километр, бекатлар 35та бўлади.

Фарғона йўли кўчаси

Кейинги манзилимизда, Фарғона йўли кўчасида амалга оширилаётган таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирдик. 6,7 км узунликдаги йўл ҳозирда икки қисмга бўлиниб, реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Реконструкция ишлари йўлнинг асос қатламидан бошлаб олиб борилмоқда. Ушбу йўлда ногиронлиги бор фуқаролар ва велосипед юриши учун йўлаклар ҳам ташкил этилмоқда.

Фарғона йўли кўчаси йил охиригача замонавий ҳолда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Технопарк

Сўнги манзилимиз 2019 йил августда президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан асос солинган, умумий қиймати 51,5 миллион AҚШ доллари бўлган кўп тармоқли Технопарк ишлаб чиқариш мажмуаси бўлди.

Яшнобод туманида жойлашган корхонада Жанубий Кореянинг «Samsung Electronics» компанияси технологияси ўрнатилган. Бу ерда маиший совутгичлар ишлаб чиқариш заводи 29 август куни фойдаланишга топширилди.

Корхонада ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилгани натижасида ҳар 19 сонияда битта маҳсулот тайёрлаш мумкин. Юқори қўшимча қийматга эга бу совутгичларнинг 30 фоизини экспорт қилиш кўзда тутилган. Бу ерда 1500та иш ўрни яратилган.

Мазкур технопарк 2019 йил августда ташкил этилган. Бу ерда 2020-2021 йилларда 15та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган. Барча лойиҳалар бажарилгандан кейин жами ишлаб чиқариш ҳажми йилига 800 млн доллар бўлиши мўлжалланган.

Мавзуга оид